Райҳон ҒАНИЕВА: “Ҳаётимни бошқатдан бошлаш имкони бўлганида эди…”

Алия ТУЛЕМБАЕВА: — «Суғдиёна»даги мусобақа тарзида уюштирилган ушбу лойиҳада қатнашар эканман, очиғи, ўзимга суҳбатдош танлашга бироз қийналдим. Сабаби газетхон учун қизиқ ва шу билан бирга, суҳбатлари газеталарда камроқ чоп этилган машҳур шахс билан интервью уюштиришни истагандим. Ўйлай-ўйлай, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон ҒАНИЕВА билан суҳбатлашишни дилимга тугдим. Тўғри, муштарийлар балки бу хонанда ҳақида деярли барча маълумотларга эгадир, лекин фикримча, ҳамманинг ҳам ҳамиша айтар гапи бўлади. Хонанда билан боғланиб, учрашиш бироз қийин бўлди. Аммо излаган имкон топар деган нақлнинг исботи сифатида, манна, эътиборингизга хонанда билан бўлган интервьюни ҳавола этаяпмиз.

Соат 17:00. Учрашув жойи сифатида белгиланган пойтахт қаҳвахоналаридан бирида Райҳон ҒАНИЕВАни бироз кутдим. 20 дақиқа деганда у қаҳвахонага кириб келди.

— Ассалому алайкум! Узр, роса куттириб қўйдим. Ишлар жуда кўп, тўғри тушунасиз, деган умиддаман.

— Ассалому алайкум! Жуда муҳим ишлар билан банд кўринасиз?

—Ҳозир янги альбом устида ишлаяпмиз. Ижодий гуруҳимиз билан қўшиқлар тўплами учун еттита янги таронани ёзиб тугатдик. Янги клип ишларини ҳам бошлаганмиз. Доимий ҳамкоримиз Рустам Муродов билан мен учун янгилик бўлган «экшн» йўналишида клип суратга олдик. Биринчи уриниш доим қийин бўлган. Шунинг учун бироз камчиликлар кузатилиши мумкин, аммо, менимча, «Самодан» номли қўшиқ учун тайёрлаётган бу клипимиз мухлислар томонидан яхши баҳоланади.

— Ҳар йилги концертингиз 14 февраль санасида бўлиб ўтарди. Аммо бу йили мазкур анъана давом эттирилмади…

— Тўғри. Анъанамизни давом эттирмаганимизнинг ҳеч қандай сирли томони йўқ. Президентимизнинг қарорига мувофиқ, қонунга риоя қилишга қарор қилдик. Бундан кейин севишганлар кунига урғу бермасдан яккахон концерт дастуримни бошқа куни тақдим этишим мумкин. Ўйлаб қарасам, бу ҳатто яхши. Чунки мен ҳам анчадан буён концертимни баҳор фаслида тақдим этишни режалаштираётгандим. Ижодий гуруҳимиз билан қишнинг совуқ кунларида ишлаш, катта бинода репетиция қилиш мен учун ҳам, бошқалар учун ҳам анча ноқулайликларни келтириб чиқараётган эди. Умуман олганда, мухлислар билан айнан қачон дийдорлашиш аҳамиятли эмас. Қишдами, баҳордами, асосийси, улар билан кўришиб турибмиз, энг муҳими ана шу!

— 10 йил олдинги Райҳон билан бугунги кун Райҳон ўртасида ҳеч қандай фарқ кўрмаймиз. Ўша-ўша, ўзгармагансиз?

— Йўқ! Фикримча, мен ўзгарганман. Қўшиқлар, уларнинг йўналиши, мавзу, ҳамма-ҳаммаси кундан-кун ўзгариб бораяпти. Ижодимни бошлаган йилларда қўшиқларимни тинглаган ўсмирлар бугун оилали, улар мени эшитишмайди. Мен эса қўшиқларимни ўша ўсмирлар ёшига етган бошқа ёшлар учун куйлаяпман. Айтмоқчиманки, мен кўпроқ ёшларимиз учун маъқул бўладиган йўналишларни топишга уринаяпман. Шунинг учун «ўзгаришлар йўқ», деган фикрингизга унчалик ҳам қўшилмайман.

— Болалар учун мусиқий мактаб очган эдингиз, аммо бу мактаб бугун фаолият юритмаяпти. Сабаб?

— Тўғри, болалар учун махсус мактаб ташкил этгандик. Минг афсуски, тадбиркорлик соҳасида бироз «иккичи»лигим сабаб бу ишни давом эттириш имкони бўлмади. Гап шундаки, мен фақат ижодий томонларини инобатга олиб иш бошлайверибман. Ишнинг моллиявий қисмига келганда мен ўйлаган нарса учун етарли даражада маблағимиз йўқлигини билганман. «Мактабимизда болалар мусиқий билимлар билан шуғулланаётганда оналар ҳам махсус рақс сабоқларини олиши мумкин, ҳеч қайси мактабда бўлмаган шароитларни қиламан», деб хаёл сураверибман. Аммо катта бизнесда авваломбор моллиявий аҳволни анча оёққа турғазиб олиш шарт экан. Шу ва яна бошқа сабабларга кўра бошлаган ишимизни тўхтатишга қарор қилдик.

Ўзи болалар учун рақс мактаби очиш фикри қайдан пайдо бўлганди?

— Бунинг асосий сабабчиси ўзимман (кулади). Болалигимда рақс билан шуғулланишни жуда хоҳлаганман. Аммо бунга имкон бўлмаган. Шунинг учун ўзим қандай рақс дарсларини олишни истаган бўлсам, ана шуни мактабимда ташкил этишга ҳаракат қилгандим. Тўғриси, айни вақтда мактаб фаолиятини давом эттириш қўлимдан келмаганига жуда ҳам ачинаман.

— Ўзбек эстрадасида қайси хонандаларнинг қўшиқларини тинглайсиз?

— Жуда кўп хонандаларнинг ижодий ишларини кузатиб, тинглашга ҳаракат қиламан. Масалан, Улуғбек Раҳматуллаев, Сардор Раҳимхон, Шохруххон, Муниса Ризаева… Ҳозирги кунда юртимизда ва Россия шоу-бизнесида фаолият юритаётган хонанда Суғдиёнанинг эса мухлисиман. Тўғри маънода бу хонандага фанатман десам, хато бўлмайди. Муниса Ризаева ҳақида ҳам фақат илиқ фикрларни билдиришим мумкин. Эстрадамизда бир хиллик хукум сураётган пайтда унга жуда катта янгилик, ўзгариш олиб кира олган хонанда сифатида Мунисани тан олиш керак. Ҳамманинг талабидан келиб чиққан ҳолда миллийлик билан замонавийликни меъёрида уйғунлаштира олиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.

— Шаҳзода, Лола, Нилуфар Усмоноваларнинг ижоди ҳақидаги фикрингиз ҳам қизиқ…

— Улар ҳам ўз тингловчисининг кўнглидан жой топиш учун тинимсиз ишлаб, ижод қилиб келаяпти.

— Бир йил аввал сизга хонанда Шаҳзода тўғрисида савол берганимизда у ҳақида гапиришни истамаган эдингиз.Аммо унинг концертига ташриф буюрганингизни кўрдик.

— Шаҳзода билан ўртамизда бироз келишмовчиликлар бўлиб ўтган эди. Аммо вақт ўтиб, ўзаро хафагарчиликни унутишга ҳаракат қилаяпмиз. Бўлиб ўтган воқеаларни эслаб, ким ҳақ, ким ноҳақлигини аниқлаштириб ўтирмасдан, муносабатларни тиклашга ҳаракат қилаяпмиз. Концертига келсак, у мени таклиф қилди ва мен бордим.

— Бу йил сиз учун оғир бошланди…

— Тўғри, бу йил мен учун жуда-жуда оғир йил бўлди… Ҳаётимдаги энг азиз ва яқин инсонимдан бутун умрга айрилдим (кўзи ёшланиб, бироз сукут сақлаб турди)…

— Бугун оилангиз каттасисиз. Табиийки, масъулият икки баравар ошган.

Райҳон Ғаниеванинг онаси Тамара Шокирова.

— Шу кунгача ҳам мен ўз масъулиятларимни билганман. Оилада тўнғич фарзанд бўлганим учун вазифаларимни, мажбуриятларимни яхши англардим. Аммо бугун бу масъулиятларим кучайди десам, хато бўлмайди. Ҳамма қарорларни мустақил қабул қилишга тўғри келаяпти. Баъзида эса бу мен учун бироз қўрқинчли. Юрагимда «агар бу ишим нотўғри бўлса-чи» деган ҳадик бор. Онам ҳаётлигида суянган, ишонган тоғимиз эди… Ҳамма нарсада у кишига қаттиқ ишонганмиз. Қилишим керак бўлган барча ишларимни онамнинг маслаҳат ва дуоларисиз бажармасдим. Бугун эса энг яқин инсонимнинг менга куч берадиган сўзлари, дуо ва маслаҳатларисиз яшаш қийин бўлаяпти… (йиғлаб юборди)

— Онангизнинг қон таҳлиллари аниқ бўлганидан сўнг чет эллардан жуда қиммат дориларни келтириб, у кишининг дардини енгиллаштиришга уринганингизга кўп бор гувоҳ бўлганмиз…

— Назаримда, қилган ишларимдан қаҳрамонликни излаш шарт эмас. Сабаби менинг ўрнимда бўлган ҳамма фарзанд ҳам онасининг ҳаётини сақлаб қолиш учун қўлидан келган ишни қиларди. Онам учун қилган барча ишларим у кишига бўлган меҳрим, менга нисбатан муҳаббати, мени ҳаётга келтиргани учун миннадорчилигимдандир. Биласизми, онамнинг ҳаётий қийинчиликлари кўп бўлган. Лекин шунда ҳам доим ҳаётдан завқланиб яшаган. Мен волидамнинг шу одатини ўзимда ва барча яқинларимда кўришни истардим.

— Сизни кўпгина тадбирлардан синглингиз билан бирга кўрамиз. Балки уни ҳам санъаткор қилмоқчидирсиз?

— Йўқ! Биринчидан, у санъаткор бўлишни истамайди, иккинчидан, бунга мен ҳам қаршиман. Санъаткорнинг ҳаёти жуда оғир. Негадир халқимизда биз — санъаткорларга нисбатан ёмон фикрлар кўп. Одамлар бизнинг ижодимизни яхши кўриб, ўзимизни умуман ҳурмат қилмасликлари мумкин. Очиғини айтаман, бу ҳақида жуда кўп ўйлаганман, аммо умуман жавоб топа олмаганман. Ҳаттоки, одамлар ёмон фикрда бўлган хонанда аслида улар ўйлаганчалик бўлмаса ҳам бу санъаткорларни бўҳтонлардан сақлай олмайди. Ўзим босиб ўтган қийин йўлдан синглимнинг юришини истамайман. Эсимда, хонандаликни танлаганимда раҳматли онам бунга қаттиқ қарши бўлганди. Аммо санъаткорликка бўлган қизиқишим, хоҳишим барча қийинчиликларни енгиб ўтишимга куч берганди. Бу давр синглимда қандай бўлишини билмайман ва унинг қийналишини умуман истамайман.

— Синглингиз ҳақида гапириб беринг.

— Синглим 18 ёшда, лицейда таълим олади. Унинг аниқ фанларга ва тил ўрганишга иқтидори бор. Шунинг учун ҳам келажакда иқтисодчилик ёки тадбиркорлик соҳасида фаолият юритса керак, деб ўйлайман. Иродаси ҳам жуда кучли қиз.

— Синглингиз иккингизнинг ёшингиз ўртасида 13 йил фарқ бор. У билан муносабатларингизда бу сизларга халақит бермайдими?

— Йўқ, умуман. Биз ҳам опа-сингил, ҳам дугонамиз. Ҳатто баъзида менинг ёш боланикидек феълим учун у койиб туради. Ҳатто ўзи ҳам «Сиз менинг эмас, мен сизнинг опангизга ўхшайман», дейди. Ҳақиқатан ҳам, унинг ҳаётга қараши умуман бошқача. Мен иродасизлик қилиб, қўрққан вазиятларимда у менга опадек бўлиб маслаҳат беради. Шунинг учун ҳам ҳеч қачон ёш борасида ўртамиздаги катта фарқдан қийналмаганман.

— Эшитишимизча, уни турмушга бермоқчи экансиз? 18 ёшда бўлса, ҳали эрта эмасми?

— Синглимни турмушга бериш ниятим бор. Фақат икки йилдан кейин. Тўғри, ҳозирданоқ тинмай совчилар келаяпти. Бироқ синглимни 18 ёшда турмушга бериш ниятим йўқ.

— Синглингиз оила қурса, ёлғизланиб қолишдан қўрқмайсизми?

— Қўрқаман, албатта! Аслида болалигимданоқ ёлғиз қолишдан жуда қўрқаман. Уйда ёлғиз ўтириш мен учун энг катта фожеа. Ўзим ҳам бу ҳақда кўп ўйлаганман. Ўйлай-ўйлай бир фикр туғилди: балки синглим турмуш ўртоғи билан бизнинг уйда яшар (кулиб). Билмадим… Бу мавзуда ҳали кўп ўйлашим керак…

Балки икки йил ичида ўзингиз оила қуришга улгурарсиз…

— Балки… Аммо оила қуриш учун муносиб инсонни ҳали ҳам учратганим йўқ. Тўғри, талабгорлар бор, лекин бу борада шошгим келмаяпти.

Сиз кутаётган шаҳзода қандай бўлиши керак?

— Уми? Мен учун қизиқ шахс бўлиши керак. У билан ҳаётда умуманзерикишим керак эмас. Қувноқ, шу билан бирга, ақлли ва энг асосийси, меҳрибон бўлиши керак.

Сиз учун бахт нима?

—ОИЛА! Мен учун оилам бутлиги, унда ҳамманинг қувноқ ва шодонлиги бахт! Уйимизга меҳмон келишини яхши кўраман. Айниқса, қариндошлар билан йиғилганимизда қувончим ичимга сиғмайди.

— Оилавий тадбирларни қандай нишонлайсизлар?

— Илгари онам, синглим, мен ва бошқа қариндошларимиз бизнинг уйда йиғилиб, барча байрамларни нишонлашни яхши кўрардик. Аммо бугун онам йўқ… Оилавий байрамларимиз у волидамсиз қандай ўтишини тасаввур қилолмайман…

— Ижодингиз учун кўп нарсалардан воз кечгансиз. Ҳатто вақтида оила қуриш, бир хонадоннинг бекаси, она бўлишдан ҳам…

— Билмадим, танлаган йўлим, касбим йўқотган нарсаларимга арзидимикин… Ҳаёт бешафқат, мухлис бевафо… Инсонлар бугун сизни эслаб, эртага ҳеч нима бўлмагандай унутиб юборишлари ҳеч гап эмас. Шунинг учун кун келиб, одамлар «Райҳон, етар шунча куйлаганинг, энди кет» деб, мендан воз кечиб юборишларини билиб тураман. Бу дунёда ҳеч нима абадий эмас-ку… Ўша кун яқинлашаётганини англаш қийин эмас. Мен танлаган соҳа шундан иборат экан, тақдирни ўзгартириб бўлмайди. Узоқ йиллар қилинган меҳнат эвазига фақат ёлғизликда қолган санъкаткорларни кўрганман. Шунинг учун ҳам бугунги кунга келиб, ҳаётда инсон учун энг асосийси оила эканини тушуниб етдим. Тан олиб айтаманки, агар ҳаммасини бошқатдан бошлаш имкони берилганида, барчаси ўзгача бўларди.

— Бошқа касб билан шуғулланган бўлармидингиз?

— Билмадим… Нима бўлганда ҳам гапиришдан энди фойда йўқ. Велосипедни орқага ҳайдаб бўлмаганидек, ҳаётни, вақтни ҳам ортга қайтариб бўлмайди… Лекин нима бўлганда ҳам, бугунги кунимга шукр деб яшайман. Борига, берганига, кўрсатганига шукр!

— Ўзингизда нимани кечира олмайсиз?

— (Бироз ўйлаб) Ҳамма нарсани кечира олишга кучим етади. Сабаби биз бандалармиз, ҳамма ҳато қилади. Худо кечирганида биз кечира олмаймизми?! Инсон кечириши ва кечирим сўрай олиши керак.

— Ҳаёт сизга исботлаган ҳақиқат?..

— (Узоқ ўйланиб) Севги оламни қутқаради! Ҳар бир ишда, ҳар нарсада муҳаббатнинг мавжудлиги уни гўзаллаштиради. Ҳаётда одамларни кузатиб, бир хулосага келганман: агар инсон сева олса, у ҳеч қачон ёмонлик қилолмайди. Ҳақиқатан ҳам севган инсонгина ўзини тўлақонли бахтли ҳисоблайди.

— Кўпгина ижтимоий тармоқларда сизнинг номингизни ишлатадиганлар кўп. Бунга муносабатингиз қандай?

— Биласизми, бу каби майда нарсаларга аҳамият бермасликка ҳаракат қиламан. Уларга ёқаяптими, майли, суратларимни қўйиб, бемалол мулоқотга киришаверишсин.

— Ўзингиз ҳам ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб турасизми?

— Ҳа, албатта. Мухлисларим билан гаплашиб, ёзишиб турамиз.

— Суҳбат сўнгида яна нима ҳақида гапиришни истардингиз?

— Авваломбор мухлисларимга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Мен учун оғир кунда ёрдам бериб, қўллаб турган инсонлар айнан улар. Айниқса, фан клубим аъзоларини алоҳида тилга олиб ўтмоқчиман. Уларнинг фаолликлари мени жуда қувонтираяпти.

Хулоса

Бугунги интервью жараёнида суҳбатдошим ҳақидаги шу кунгача мавжуд фикрларим ўзгарди: ўта самимий, очиқкўнгил, ақлли ва ниҳоятда маданиятли… Ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотишга улгурган хонанда бугун анча улғайиб, олдингига нисбатан ҳаётга жиддий назар билан қараётганини сиз ҳам англаган бўлсангиз керак. Болаларча беғуборлиги ва ҳаётга нисбатан жиддий муносабати ҳам унга нисбатан фикрим ўзгаришига яна бир сабаб бўлди. Мароқли ўтган суҳбатдан сўнг хонанда билан хайрлашар эканман, вақт ўтиб, юқоридаги баъзи саволларга яна қайта жавоб олишни истадим. Сабаби эртанги Райҳоннинг ҳаётга яна-да ўзгача назар билан қарашига ишонаяпман.

«Шу кунимгача яшаб, ҳақиқатан ҳам одамлар ҳаётда шунчаки синов учун яшашини англаяпман. Ўлим билан юзма-юз келганда бу ҳаёт аслида бир сонияда ўтиб кетганини англаб қоларкансан…»

«Инсон ўзгаларни ўйлаб, ўз бахтидан кечиши керак эмас…»

Алия ТУЛЕМБАЕВА суҳбатлашди.