Шоир ва таржимон Аъзам Обидов: “Ўзбек адабиётини дунёга тарғиб қилишни истайман”

 

Аъзам Обидов билан суҳбат

Би-би-си: Бугунги Би-би-си меҳмони истеъдодли шоир ва таржимон Азам Обидов бўладилар. Ассалому алайкум Аъзамжон, дастуримизга хуш келибсиз!

Аъзам Обидов: Валейкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу! Таклифингиз учун Сизга катта раҳмат.

Би-би-си: Илк саволимиз Ўзбекистондан, Сардорбек исмли тингловчимиз айни пайтда қаерда ижод қилаётганингиз ва оилангиз ҳақида ҳам гапириб беришингизни сўраганлар. Марҳамат.

Аъзам Обидов: Болалигим Наманганда ўтган. Айни пайтда Тошкентда яшайман ва ишлайман. Оиламиз катта, ота-онам ва яқинларим Наманганда туришади. 3 нафар ўғлим бор. Катта ўғлим Абдулазиз 7-синфни битирди, техникага қизиқади, ўртанча ўғлим Абдурашид мусиқа матабига қатнайди, кичик ўғлим Абдурауф бу йил 1-синфга боради.

Би-би-си: Шунингдек, Сардорбек: “Ўз ижодимдан кўра кўпроқ Ўзбек адабиётини дунё ўқувчиларига етказиш ҳақида ўйлайман” деб мақсад қилган экансиз, айнан қайси Ўзбек адабиёти намуналарини назарда тутгансиз?” деб ёзибдилар.

Аъзам Обидов: Ҳеч бўлмаганда ўзимизнинг халқимиз тан олган ва севиб ўқийдиган мумтоз адабиётимиз ҳамда ҳозирги замон адабиёти вакилларини дунёдаги бошқа халқларга алоҳида услубда тақдим этгим келади. Яқинда “Қуш тили” номли халқаро шеърият антологиясини нашр этдик. Номини сезиб турибсиз: “Лисонут-тайр”. Антология бир нечта хорижий тилда бўлиб, унда 5 та қитъадан саралаб олинган ҳозирги замон шоирларининг қуш ҳақидаги ёки қуш сўзи ишлатилган шеърларидан иборат. Энг муҳими, биз антологияга Алишер Навоий ижоди ҳақида, унинг ғазалларидан, рубоийларидан намуналарни бир нечта тилда киритиб, шу орқали адабиётимизнинг отасини бутун дунёга танитишни орзуладик. Ё бўлмаса, 2004 йилда инглиз тилида босганимиз Tunes of Asia (“Осиё оҳанглари”) номли ўзбек шеърияти антологияси, кўп бўлгани йўқ, Ҳиндистонда Ассам штатида Праяг Сайкиа томонидан таржима қилиниб, нашр этилди. Унда Чўлпон, Усмон Носирдан тортиб бугунги кунда ҳали унча танилиб улгурмаган шоирларнинг асарларидан намуналар босилган. Мақсадимиз яқин-йироқ йилларнинг маҳсули бўлган ўзбекча шеърлардан бир гулдаста тайёрлаш, дунё ўқувчиларига ўзбек шеърияти хусусида озроқ тасаввур ҳосил қилишга имкон яратишдан иборат бўлганди. Ва ё 2009 йилда Колумбияда нашр этиладиган “Прометео” журнали 19 нафар ўзбек шоирларининг шеърларини испан тилига таржима қилиб, нашр этди. Яъни ўзбек адабиётини дунё ўқувчиларига етказишни ўйлайман, деганимда, айни тарихий босқичда, битта-иккита муаллифни эмас, балки таништирув маъносида бир неча ёзувчи-шоирларнинг ижоди жамланган ихчам антологияларни, дейлик, ўзбек классик шоирлари антологияси ёхуд замонавий ўзбек ёзувчилари антологияси каби асарларни хорижий тилларда босиб, дунё ўқувчисига етказишни назарда тутмоқдаман.

 

Би-би-си: Ўқувчиларимиздан бири ҳозирги ўзбек адабий жараёни ҳақидаги фикрингизни билишни истаганлар. Шунингдек, Лондондан Шохруҳ: “Кимларнинг ижодлари айнан Сиз айтаётган дунё ўқувчиларига етказишга лойиқ? Қайси ўзбек ёзувчи-шоирларининг ижодларини ҳурмат қиласиз?” дея савол йўллаган.

Аъзам Обидов: Ҳозирги ўзбек адабий жараёнидан жуда яхши хабардорман, дея олмайман. Шахсан ўзим кўпи билан 20 га яқин ижодкорлар билан мулоқот қилиб, ёзаётган асарлари билан яқиндан танишиб тураман, шеърият, ҳикоя ё романчилик ҳақида, кўпроқ адабий таржима хусусида баҳслашаман. Менга қолипга тушган расмий адабий учрашувлар ё турфа кенгаш йиғилишларидан кўра табиат қўйнида, чойхоналарда бир пиёла чой устида ўтказиладиган самимий мушоиралар, дўстона адабий гурунглар ёқади. Шоир Маҳмуд Йўлдош Миллий ёки Болалар кутубхонасида ташкил этадиган, турли мавзуларга бағишланган эркин адабий йиғинлар ёки русийзабон ёзувчи-шоирларнинг Есенин музейида ўтказадиган тадбирлари менга кўпроқ маъқул бўлади. Дунёга очилаётган, бағрикенг, бир неча тилларда мулоқот ва ижод қилаётган, ижтимоий тармоқлар, интернет, электрон почтадан фойдаланишни яхши ўзлаштирган қатор ўзбек ёзувчи-шоирлари авлоди етишиб келаётганидан қувонаман. Менимча, Абдулла Қаҳҳорнинг ҳикоялари, Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”си, Тоғай Муроднинг “Ойдинда юрган одамлар”и айни пайтда дунё ўқувчисига қизиқ бўлади. Алишер Навоий, Машраб, Яссавий ҳазратлари, Чўлпон, Усмон Носир, Тоғай Мурод, Назар Эшонқул, Ҳалима Худойбердиева, Абдулла Шер, Баҳром Рўзимуҳаммад, Ҳалима Аҳмедова, Гўзал Бегим ижодидан бутун дунё баҳраманд бўлса дейман.

Би-би-си: Яна бир тингловчимиз: “Нима учун ҳозирга қадар ўзбек ижодкорлари дунёга машҳур эмас? Масалан, Нобел мукофоти соҳиблари чиқмаган. Бунга яхши асарлар яратилмагани сабабми ёки асарларни тарғиб қилиш имкониятлари йўқми?” деб сўраганлар.

Аъзам Обидов: Бизда ҳозир тарғиб қилиш механизми умуман ишлаб чиқилмаган, ҳамма ўз ўзича ҳаракат қилиб ётибди. Агар лўнда қилиб айтадиган бўлсам, ўзбек ёзувчисини дунёга машҳур қиладиган унинг ўзи ва пешонасига битилган тақдиридир. Нокамтарликка йўймай туринг, аммо, балки менинг митти бир шеърим япон тилига таржима қилиниб, бошқа ўнлаб халқаро шоирларнинг шеърлари қаторида Япония Космонавтика Уюшмаси ташкил этган лойиҳа доирасида Ойдан туриб ўқиб эшиттирилгани сизга қизиқ туюлар? Нега энди айнан сеники, деб кўринг-чи?

Ҳар кеч кипригимга илашар юлдуз
Қошларим ортидан ой чиқар дилхун
Қалбим дарбозасин чертибон, маъс
Ишқли қароғимга меҳмон бўлар Тун.

Би-би-си: Бугунги ўзбек адабиёти жаҳон адабиётидан узилиб қолаётгани ҳақида гапирилади. Масалан, каттароқ авлод – Муҳаммад Солиҳ, Мурод Муҳаммад Дўст ва Олим Отахон каби ёзувчилар билан солиштирганда ҳозир етишиб чиқаётган ёш авлоднинг дунё адабиёти вакиллари ижодидан анчайин бехабарлиги айтилади, бунга сабаб нима, деб ўйлайсиз? Ҳолбуки, ҳозир улар учун катта имконият – Интернет бор.

Аъзам Обидов: Ҳозирги ёшларда ўзига талабчанлик, жиддийлик ўрнида тезкорлик, озроқ беписандлик, саёзликдан қониқишга мойиллик бор, менимча.

Би-би-си: Ўзбек адабиётида бугунги таржимачиликни қандай баҳолайсиз? Бугун хорижда яратилаётган асарларни ўзбек ўқувчиларига етказиш ишлари талаб даражасидами? Умуман, бугун ўзбек қитобхони дунё адабий жараёнидан нечоғли хабардор?

Аъзам Обидов: Жаҳон адабиётидан ўзбек тилига қилинаётган таржималар талайгина. “Жаҳон адабиёти” журнали бу бўшлиқни қайсидир маънода тўлдириб турибди. Деярли ҳар сонида янги таржималарни ўқияпмиз. Май ойи сонида, масалан, Генри Райдер Ҳаггард, Элчин, Отажон Тоғон, Муса Жалил, Габриэле Келлер, Лев Толстой ижодидан намуналар берилган. Аслиятдан таржималар тобора ортиб бормоқда. Аммо таржима сифатини у қадар мақтаб бўлмайди. Бир ўзбек ўқувчиси сифатида ҳозир хорижда ким нима ёзаётгани билан қизиқаман. Аммо адабий асарларни аслиятдан қойиллатиб ўгирадиган таржимонлар кўп эмас. Биз яқинда замонавий америкалик ёзувчиларнинг ҳикояларидан бир антология тузиб, нашр этдик. Асарларни бевосита инглиз тилидан таржима қилдик, ўзбек ўқувчисини айни пайтда Америкада қандай ёзувчилар борлиги ва уларнинг асарлари билан таништириш мақсадимиз эди. Худди шундай бошқа мамлакатларнинг замонамизда яшаб ижод этаётган адиблари ижодидан намуналарни аслиятдан таржима қилишни йўлга қўйилса қани. Бироқ, менинг оғриғим кўпроқ ўзбек адабиётидан намуналарни дунё тилларига таржима қилишни тарғиб қилиш. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ким бу ишни сизу бизга қилиб беради, агар ўзимиз бошида турмасак бу ишнинг? Адибларимизнинг ўзлари хорижий тилларни ўрганса, чет эл ёзувчилари билан қизғин муносабатга киришса, бу иш анча тезлашган бўларди. Бир неча йил аввал биз норамий таржимонлар клуби қошида 20 га яқин ижодкорларга бепул инглиз, турк, немис тилларини ўргатишни йўлга қўйган эдик, аммо бу иш номаълум сабабларга кўра тўхтаб қолди. Агар ёзувчилар уюшмаси ёки “Жаҳон адабиёти” журнали ижодкорлар учун яхши ният билан маълум бир мақсад йўлида ўз идоралари қошида чет тили ўрганиш курслари ташкил қилишса, бажонидил инглиз тилидан дарс ўтишим мумкин. Қолаверса, биз адабиётимизни таржима қилишда ёрдам қўлини чўзишни истаган чет элликларни мамлакатимизга таклиф қилиб, ҳамкорликдаги лойиҳалар устида ишлаш ташаббусини давлат томонидан қўллаб-қувватланишини жуда-жуда истардим. Гоҳида шундай бўладики, Аргентинадаги қайсидир газетада Самарқандга бағишланган шеърнинг босилишини шов-шув қилган маҳаллий ахборот воситалари ёки адабий ташкилотлар Ҳиндистон, Франция, Колумбия, Корея, АҚШ, Японияда ўзбек шеърияти антологияси ёки ўзбек адабиётидан намуналар таржима қилиниб, нашр этилганини сезмай қолади. Адабиёт тарғиботи учун, ўзбекнинг дунёга чиқиши учун фидойи, бағрикенг, фикри очиқ инсонлар керак.

Би-би-си: Ўзбек китобхонига нима етишмайди бугун? Кўпда ўзбек ёшлари орасида китоб ўқишга қизиқиш пасайгани ҳақида гапирилади. Сиз бунга фикрга қўшиласизми? Агар қўшилсангиз, буни ортидаги сабабларни нималарда кўрасиз?

Аъзам Обидов: Агар ўқишли китоб йўқ ва ё китоблар етарли эмас, деётган бўлса, ундай ўқувчига фақа ва фақат инсоф етишмайди. Мен ақалли Тошкент китоб дўконларида ранг-баранг, бир неча тилли, турли мавзудаги, битта ўқувчининг маънавий эҳтиёжини қондириш даражасида етарли китоблар мавжудлигини биламан. Китоб ўқишга иштиёқи бор одам ўзига керакли китобни бемалол топиб олади. Яқин йиллардан буён “Ридер девелопмент прожект”, яъни мутолаани ривожлантириш лойиҳалари йўлга қўйила бошлади. Шундай тадбирларни катта-кичик кутубхоналарда, адабиёт музейларида тез-тез уюштириш, янги чиққан китоблар тақдимотию тарғиботини кучайтириш лозим.

Би-би-си: Лондондан Собир: “Сиз ғарб ва шарқ мамлакатларини кезгансиз, адабиёт энг қадрланадиган мамлакат қаер?” деб сўрабдилар.

Аъзам Обидов: Бир гал Ҳиндистоннинг жанубидаги Керала штатидан Деҳлига икки кун юрадиган поездга чиқишимга тўғри келган, келгунимизча вагондаги деряли ҳар бир йўловчи йўл давомида мутолаа билан машғул бўлганига гувоҳ бўлганман. Аммо, бир куни Тошкентда кечки пайт ахлат ташлагани чиқиб, ахлатхона олдида қурилган кулбада яшовчи бир рус аёлининг чироқ йўқлигига қарамай, шам ёруғида берилиб китоб ўқиётганидан яхшигина таъсирланганман. Бу борада бир шеър ҳам қоралагандим инглиз тилида, Колумбиядаги шеърият анжуманида деярли ҳар тадбирда шу шеърни ўқишимни илтимос қилишганди:

A Reading woman

A woman’s sitting in a slum
The slum is in a dump.
As she gets the hump:
The woman is reading.

It is dark in the dump,
There is a dim
lightInside the slum.

The woman is reading
Under the wan candlelight.

Her hope from life is dim, dim…
The reading woman
of my dream!

Ўзбекча таржимаси, тахминан:
Мутолаа қилаётган аёл

Тўзиб ётган ахлатхонанинг
Кулбасида ўтирар аёл.
Икки букилганича аста
Китоб ўқир, суради хаёл.
Ахлатхона зимистон, бироқ

Ҳужрачанинг ичкарисида
Милтирайди хира бир чироқ.
Сокингина шам ёруғида
Китоб ўқиб ўтирар аёл.
Ҳаётдан кутгани умид – қоронғу…
Ўқиётган –
Орзумдаги аёл у!

Би-би-си: Тошкентдан Козимжон насрда ҳам ижод қилиш режангиз бор ёки йўқлиги билан қизиқибдилар ва “Ўзбекистон, тарихий инсонлари, маданияти ва урф одатлари ҳақида ёки аксинча, чет эл маданияти, тарихи ҳақида асар ёзиш ниятингиз бўлганми?” дея хат йўллаганлар.

Аъзам Обидов: Насрий асарларим жуда кам. Чет элга саёҳатларим асносида кичик-кичик мақолалар, суҳбатлар, адабий таржималар орқали қайсидир халқнинг маданияти, санъати, адабиёти ҳақида ўзбек ўқувчиларига маълумот бериш билан чекланганман. Туйғуларимни шеърга солиш менга қулайроқ туюлади.

Би-би-си: Америкадан хат ёзган Акрам: “Ассалому алайкум, менинг саволим Ислом дини ҳақида бўлади. Чунки, айрим зиёли инсонлар фақат таъзия бўлганда мусулмонликлари эсларига тушиб қолади. Сизнинг фикрингиз”, деб ёзибдилар.

Аъзам Обидов: Алҳамдулиллаҳ, мусулмон бўлиб туғилганимга шукр, ўзимни ўта диндор ҳам, ўта динимиздан йироқ ҳам бўлмаган бир инсон деб биламан. Худо бандаларини бир-бири билан дўстлик ва ҳамкорликда яхши турмуш кечиришлари ва Ўзига ибодат қилишлари учун яратганига чин дилдан ишонаман. Яхшилик қилиш, одамларга ёруғ юз билан чиройли гапириш ҳам ибодат. Оддий мусулмон сифатида Ислом динидаги гўзал бағрикенгликни тарғиб қилгим келади.

Аллоҳ десам…Юрагимга илиқ бир ифор
Ва тиниқлик киради сизиб,
Биру борим, оҳ, парвардигор
Бир яшаш бер менга қирмизи!
Бир ҳаёт бер, то иймонидан
Айрилмасдан дил, нурдай майин,
Ёруғ юз-ла ишқ нарвонидан
Ҳузурингга кўтарилайин!

Дунёда юз бераётган турли воқеалар таъсирида кўп одамлар, ҳатто зиёлилар ҳам, динимиз тўғрисида кўпроқ салбий фикрга эга бўлиб қолаётгани мени маҳзун қилади. Яқинда Ҳанойда бўлиб ўтган шеърият фестивалида исроиллик шоира Сабина билан танишиб, Ислом динининг моҳияти ҳақида суҳбатлашдик. Сабина хонимга динимизнинг бағрикенгликни ёқлаши, барча инсонлар тенг кўрилиши, тинчлик ва тотувликни тарғиб қилиши, Румий ҳазратларининг “ким бўлсанг ҳам, кел, кел” деган ўлмас сатрларини ётиғи билан шарҳлаган бўлдим, бир мусулмон сифатида ҳатти-ҳаракатларимни кўриб, бу шоира хоним чин маънода ҳаяжонланиб, динимиз ҳақидаги фикрларини ўзгартиришини айтиб, мени хурсанд қилганди.

Қалбим ишққа тўла…
Лекин қўрқаман,
Лойиқ бўлсам эди бўлмоққа уммат!
Эзгу амаллардан унса бир чаман,
Ғашликнинг ортидан чекинса зулмат!

Қалбим ишққа тўла…
Магар қон тағин…
Эрта шўр бошимга не бўлар қайтим?
Кошки Пайғамбарнинг
ёшлигидаги
Миндириб юрган бир туя бўлсайдим…

Би-би-си: Аъзамжон, биз билан суҳбатга рози бўлганингиз учун катта раҳмат! Тингловчиларимизга тилакларингиз бўлса, марҳамат!

Аъзам Обидов: Би-би-си тингловчиларига чин дилдан энг яхши тилакларимни йўллайман. Кўпроқ ўқишлари, изланишлари, кузатишларини тилаб қоламан. Ҳар доим соғ-саломат бўлиб юришсин!

Би-би-си: Сизнинг ҳам ижодингизга муваффақиятлар тилаймиз!

Манба: http://www.bbc.co.uk/uzbek/

Шоир ва таржимон Аъзам Обидов: Аъзам Обидов 1974 йил 8 ноябрда Наманган шаҳрида туғилган. У Наманган давлат университети ва Тошкент давлат иқтисодиёт университетида таҳсил олган. Ўқувчилик йилларида «Менинг биринчи китобчам» республика ёш ижодкорлари танлови ғолиби бўлган. Шоирнинг “Йўлимни пойлайди мўъжиза”, “Муҳаббат оқавер томирларимда”, “Соғинтириб кетгум қадамларимни” каби китоблари нашр этилган. Аъзам Обидов инглиз ва француз тилларидан қилган бадиий таржималари билан ҳам танилган. Ўзбек шеъриятидан инглиз тилига қилган таржималари эса, Ўзбекистонда китоб ҳолида, чет элларда қатор газета ва журналларда чоп этилган.

Би-би-сига гапираркан Аъзам Обидов: “Ўз ижодимдан кўра кўпроқ Ўзбек адабиётини дунё ўқувчиларига етказиш ҳақида ўйлайман. Айнан ўзбек адабиётини жаҳон миқёсига олиб чиқиш асосий мақсадларимдан бири”, дейди. У – халқаро шеърият ва таржима анжуманлари, адабий фестиваллар ва дастурлар иштирокчиси. Бадиий, илмий, маданий соҳадаги фаолияти учун 30 дан ортиқ фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган.

Шеърлари инглиз, турк, испан, рус, вьетнам, япон, ҳинд, ассам, малаялам, гужарати, болгар тилларига таржима қилинган ва чет элларда нашр этилган. Аъзам Обидов инглиз, рус, турк, француз, араб, испан тилларини ўрганган.