Ўзбек футболи ғурур ва салобатга муҳтож

Бугун спорт нашрларида «Футбол ўйнашни ҳамма ўрганиб олди, ҳатто Непаль ва бангладешликлар ҳам ҳар қандай «сюрприз» улашишга қодирлар» қабилидаги жумлаларга тез-тез дуч келмоқдамиз. Ҳақиқатан ҳам, шундайми? Ҳозир ҳамма том маънода футбол ўйнашнинг сир-синоатини ўрганиб олдими? Бир ўйлаб кўрингчи, сал эриш туюлмаяптими бу савол? Дейлик, бир майдонда Бразилия ва Непаль терма жамоалари тўп суришмоқда. Бошқасида эса Бангладеш терма жамоаси «Қизил фурия»ни синовдан ўтказмоқда. Мантиқ борми бундай учрашувларда? Агар шундай бўлса, майдонда чинакам кураш намойишини кўрамизми? Эҳтимол, футбол тарғиботи, инсонпарварлик нуқтаи-назаридан бу каби ўйинлар зарурдир? Бироқ бундай рақобатга профессионал руҳ бериш футболни масхара қилиш билан тенгдир.

– Ҳамма футбол ўйнашни ўрганиб олди, буёғи фақат омадга боғлиқ, дейдиган бўлсак, Испания терма жамоаси кейинги 4 йилда 3та нуфузли турнир ғолибига айланганини қандай изоҳлаш керак? Футболни кашф этган инглизлар нега бундай мақомга эришолмаяптилар? Ёки омад дегани ҳозирча испанларнинг пешонасига битилганми? Бошқача айтганда, инглизлар футбол ўйнашни эсларидан чиқариб қўйишдими? Йўқ, албатта. Ўша непаллик ёки бангладешликлар ҳам футболнинг умумий қонуниятларига биноан тўп суришлари рост. Барча мамлакатларда футбол ўйнайверишади, лекин Осиё қитъасидан фақат Япония ва Жанубий Корея терма жамоаларигина жаҳон чемпионати финал босқичига ҳар доим хотиржамлик билан йўл олишади. Ҳар қанча ҳаракат қилмасин, Россия терма жамоаси жаҳон чемпиони унвонига даъвогарлар қаторида тилга олинмайди. Нега шундай? Тўғриси, саволнинг аниқ жавоби йўқ. Ҳар ким бу тўғрида турли-туман фикр-мулоҳазалар билдиришдан нарига ўтолмайди. Биз учун муҳими – жаҳон, Европа ва Осиё чемпионатларининг инкор этиб бўлмас натижалари! Бу натижалар том маънода футболни барча ҳам ҳис қилавермаслигини, том маънода ҳамма ўйнолмаслигини исботлаб туради ҳамиша.

Улуғворлик ва салобат – ФУТБОЛНИНГ ҚЎШ ҚАНОТИДИР.

Масалан, ҳозирги кунда ҳар қандай рақиб жамоа «Қизил фурия» билан кечадиган учрашувда ҳайиқиб, хавфсираб майдонга тушади. Хоҳ кучли, хоҳ кучсиз бўлсин, барибир, барчасида қандайдир тараддуд сезилади. Чунки Хави, Иньеста, Касильяс каби юлдузлар нафақат футбол санъаткорлари ҳисобланишади, айни пайтда уларда бошқаларда кўзга ташланмайдиган улуғворлик ва салобат ҳам мужассам. Мана-ман деган ҳужумчи Касильяс қаршисида ёлғиз қолса ҳам, тўпни тузукроқ теполмаса, бундан ажабланманг асло. Ҳужумчини Икернинг сири, салобати босган бўлади бундай лаҳзаларда. Салобат эса ҳаммада бўлавермайди, ҳаммага берилавермайди. У аввало, характерда намоён. Феъл-атворда бўй кўрсатади, у осонликча йўқ бўлиб ҳам кетмайди. Узоқ вақт ўзининг борлигидан дарак бериб туради ва муносиб авлодини шакллантиради. Санъат, салобат ва улуғворлик мужассам бўлган Испания терма жамоасига муносиб издошлар етишиб чиқаётганини Эстонияда ўтган ёшлар ўртасидаги Европа чемпионатида кўрдик. Бош бошлайди, оёқ ташлайди деганлари шу-да. Делофей ва Алькасер Хави ва Иньестанинг янги ва ривожланган кўриниши бўлишга интилдилар бу турнирда. Греция ёшлар терма жамоасининг ўйин услуби ва мардона характери қуйиб қўйгандек юнонларнинг бош жамоасига ўхшашига нима дейсиз? Демак, салобат борасида ҳам анъана мавжуд.

Юқоридагиларни баён этишдан битта муддаомиз бор. Демоқчимизки, бизнинг футболимиз бугун ғурур, улуғворлик ва салобатга муҳтож. Майли, тактик ва техник тайёргарлик, профессионаллик ўз йўлига. Бу борада футболимиз бошқалардан кам эмас асло. Бироқ тан олайликки, бизда бошқалар ҳисоблашадиган ғурур ва салобат кўзга ташланмаяпти. Шунинг учун Непаль ва Бангладеш, Яман ва Уммон каби терма жамоалар бизга қарши ҳеч чўчимай, ҳайиқмай майдонга тушишмоқда. Футболимизда ғурур ва салобат тушунчалари етишмаётгани боис унча машҳур бўлмаган терма жамоалар ҳам ўртоқлик учрашувлари ҳақидаги келишувни бузишдан тап тортишмаяпти. Ҳа, салобат йўқ жойда журъат бош кўтаради. Биз ўзимиз рақибларимизга журъатни бериб қўймоқдамиз. Бразилия ёки Испания терма жамоаси билан келишилган ўртоқлик учрашувини қайси футбол федерацияси қолдиришга журъат этади? Ишончимиз комилки, ҳеч қайси бири. Бизнинг футболимиз қачон шундай мақомга эришади? Ахир ҳеч бўлмаса греклардаги каби ғурур, мардоналик ва салобатни шакллантириш мумкин-ку. Шонли тарихга эга бўлган, 100 йиллик тўйини нишонлаётган футболимиз қачонгача илтимослар билан кун ўтказади? Россия ёки Украина, борингки, Қозоғистон терма жамоаси билан Тошкентда ўртоқлик учрашуви ташкил этиш шу қадар мураккаб ишми? Йўқ, асло ундай эмас. Аммо бу ишни расмий таклиф, истак ёки маълум миқдордаги маблағнинг ўзи билангина рўёбга чиқариш қийин. Бунинг учун биринчи навбатда, обрў, салобат, дипломатия бўлмоғи шарт футболимизда. Акс ҳолда, мутасаддиларимиз ўртоқлик учрашувлари ташкил этишда қийналаверишади. Рақиблар режаси ўзгаришидан хавфсираб яшайверишади. Илло, Иордания, Қувайт ва Ироқ терма жамоалари билан ўтказиладиган учрашувларга кўз тегмасин.

Муҳаммад ВАЛИ