АҚШ президенти Тошкентга қачон келади?

АҚШ президентининг у ёки бу мамлакатга расмий ташрифи ушбу давлатларда стратегик манфаат борлигини амалда намоён этадиган омиллардан ҳисобланади. Масалан, АҚШ президентлигига республикачилар партиясидан номзод Митт Ромнининг яқинда Исроилга ташриф буюриши унинг Яҳудий давлати билан ҳамкорликка урғу бериши билан бир қаторда, АҚШдаги яҳудийлар қўллаб-қувватлашишига эришиш ҳисобланади.

Маълумки, Марказий Осиё мамлакатлари мустақил бўлганига 20 йилдан ошган бўлса-да, шу пайтга қадар бирон-бир АҚШ раҳбари бу минтақага ташриф буюргани йўқ. Марказий Осиёнинг Хитой, Россия ҳамда Ҳиндистондек йирик давлатлар таъсир доирасида жойлашгани, қолаверса, Эрон ва Афғонистон масаласини ҳал этишда минтақанинг катта аҳамияти борлигини инобатга оладиган бўлсак, АҚШ давлат раҳбарларининг “меҳмон бўлишга” интилиши йўқлиги таҳлилчиларни ташвишлантирмоқда.

Вашингтондаги Анлантика кенгаши ҳузуридаги Евроосиё маркази директори Росс Уилсоннинг АҚШ конгресси учун тайёрлаган маърузасида қайд этилишича, АҚШ президентининг Марказий Осиё мамлакатларига ташриф буюриши учун аллақачон шароит туғилган. “Ипак йўли” янгиликлар лентасининг ёзишича, Уилсон конгресменлар олдида чиқиш қилар экан, “Шу пайтга қадар биронта АҚШ президенти бу минтақага ташриф буюрмаган. Буни амалга ошириш керак”, деб қайд этган.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, АҚШдан Марказий Осиё давлатларига ташриф буюрган юқори мартабали амалдорларнинг энг нуфузи вакиллари орасида вице-президентлар, давлат департаменти раҳбарлари, қуролли кучлар қўмондонлари, вазирлар, парламент вакиллари бўлса-да, бирор Америка президенти Ипак йўли марказига қадам ранжида қилгани йўқ.

Уилсонга кўра, АҚШ Марказий Осиёда ўз дипломатик фаолиятини мувозанатга келтириб олмоғи ҳамда яхшироқ мувофиқлаштириб олмоғи лозим. У Оқ уйда ушбу масала билан шуғулланадиган алоҳида лавозим жорий этилиши кераклигини айтиб ўтди.

“Вашингтонда Президент АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши (МХК)нинг Марказий Осиё масалалари бўйича директорини тайинлаши лозим. Бу АҚШнинг ушбу минтақада ўз сиёсатини самарали амалга ошириш ва мувофиқлаштириб боришда қўл келади. Афсуски, ҳозирги кунда Марказий Осиё масалалари учун МХКнинг Россия бўйича директори жавоб беради. Бу, табиийки, биз кутаётган натижага олиб келмайди”, деб қайд этади эксперт.

Уилсон, шунингдек, АҚШ томонидан илгари сурилган Янги Ипак йўли ташаббусига жиддий эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатади. Унинг фикрича, Афғонистон орқали Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасида савдо-транспорт алоқаларини ривожлантириш ушбу минтақа мамлакатларига катта қулайлик яратади.

Уилсонга кўра, АҚШнинг минтақадаги сиёсатининг муваффақиятли якунланиши учун зарур манбалар жалб қилиниши керак. “2002 йилда Марказий Осиёда бизнинг сиёсий мақсадларимизни қўллаб-қувватлаш учун давлат бюджетидан 328 миллион доллар ажратилган. 2013 йилда, менга маълум бўлишича, 96 миллион доллар бўлиши кўзда тутилаётган экан. Мен бу маблағ қанча бўлишини билмайман, аммо зарур маблағлар бўлмаса, биз Марказий Осиёда демократия, тараққиёт ҳамда хавфсизликни таъминлай олмаймиз”, деб таъкидлайди.