Ўзбек тадбиркорларига янада эркинлик берадиган янги ҳужжат эълон қилинди

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга имзо чекди.

Фармонда ишбилармонлик муҳитининг ҳозирги ҳолати, бизнесни юритиш шарт-шароитлари эркин бозор иқтисодиёти талаблари ва тамойилларига, умум қабул қилинган халқаро меъёр ва стандартларга ҳали тўлиқ даражада мос келмаётгани, тадбиркорлик фаолиятини ортиқча регламентлар билан чеклаб қўйиш ҳоллари ҳали ҳам бартараф этилмагани, иқтисодиёт тармоқлари ва секторларида катта, серхаражат, ноошкора маъмурий тартиб-таомиллар ҳамон амал қилиб келаётгани ва бюрократик тўсиқ ва ғовларга барҳам берилмагани қайд этилган.

Шундан келиб чиқиб, ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун энг қулай шарт-шароитларни яратиш, корхоналарнинг фаолияти билан боғлиқ тартиб-таомилларнинг барча турларини қисқартириш, соддалаштириш ва очиқ-ойдинлик даражасини ошириш, бизнесни юритиш шарт-шароитларини баҳолаш мезонларининг жаҳон амалиётида ҳамма томонидан қабул қилинган тизимини жорий этиш ва шу асосда мамлакатимиз ишбилармонлик ва инвестиция муҳити даражасининг халқаро рейтингини янада ошириш мақсадида:

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш, бюрократик ғовларни тугатиб бориш, рўйхатга олиш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш ҳамда соддалаштириш, солиқ ва божхона маъмуриятчилигини, ҳисоб-китоб ва ҳисобот тизимини такомиллаштиришга йўналтирилган қонун ҳужжатларини мукаммаллаштириш эвазига мамлакатда ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш учун янада қулайроқ шарт-шароитларни яратиш, хусусий мулкчиликнинг иқтисодиётни ривожлантиришдаги ҳиссасини ошириш;

бизнесни юритиш шарт-шароитларини баҳолашнинг жаҳон амалиётида умум қабул қилинган халқаро мезонларини кенг жорий этиш ҳамда етакчи халқаро молиявий-иқтисодий ва рейтинг ташкилотларининг юқори баҳо кўрсаткичларига эришиш;

ички бозорда рақобатни янада чуқурлаштириш, мулкчилик ва фаолиятни ташкил қилиш шаклларидан қатъи назар, барча тадбиркорлик субъектлари учун бизнесни юритишда тенг шароитлар яратиш, бозор тамойиллари асосида моддий-хомашё ва кредит ресурсларидан фойдаланишга, давлат харидларида ҳамда маҳсулотларни сотиш ва пудрат ишларини амалга ошириш борасидаги танлов савдоларида иштирок этишга кенг имкониятлар яратиб бериш;

статистик, молиявий ва солиқ ҳисоботларини тақдим этишда, солиқлар ва мажбурий тўловларни тўлашда, рўйхатга олиш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга оширишда, ер майдонларини ажратиш ва муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишда, шунингдек, тадбиркорлик субъектларини кредитлашда давлат, назорат қилувчи органлар билан тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги бевосита мулоқотни, бюрократик сансалорлик ва коррупцияни истисно этувчи электрон тизимга, шу жумладан Интернет тармоғига кенг миқёсда ўтишни таъминлаш муҳим вазифалар этиб белгиланиши қайд этилган.

Шунингдек, 2012-йил 1 августдан бошлаб, тадбиркорлик фаолияти учун шарт-шароитларни янада яхшилашга йўналтирилган аниқ меъёр ва чора-тадбирлар жорий қилиниши кўрсатиб ўтилган.

Бундан ташқари 2013-йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектлари тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органларида тегишли тартиб-таомилларни ўз хоҳишларига кўра электрон шаклда амалга ошириш ҳуқуқига эга бўладилар.

Булар: 

банк ҳисобварақларига масофадан туриб хизмат кўрсатиш тизими, шу жумладан “Интернет-банкинг” тизими орқали солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш;

юкларни божхонада расмийлаштиришда тадбиркорлик субъектлари томонидан товарларни декларация қилиш;

“бир ойна” тамойили бўйича юридик шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган эгалик ҳуқуқларини рўйхатга олиш;

тадбиркорлик субъектларининг даъво аризалари ва илтимосномаларини хўжалик судларига бериш.

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда тадбиркорлик тузилмаларига хизмат кўрсатишнинг электрон шакллари ва тизимларини жорий этишда юқорида кўрсатилган суд ва давлат бошқаруви органларига, тижорат банкларига амалий ёрдам кўрсатиши белгилаб қўйилди.

Тижорат банкларига, тўловларни электрон шаклда амалга оширувчи кичик тадбиркорлик субъектларининг ҳисоб варақларига хизмат кўрсатганлик учун ундириладиган тўлов миқдорини камида 20 фоизга камайтириши тавсия этилди.

Мазкур фармоннинг тўлиқ матни:  http://www.soliq.uz/uz/news/3569/