Лондонда Ўзбекистон байроғи кўтарилди

“Jahon” AA/Gazeta.uz

ХХХ ёзги Олимпия ўйинларида иштирок етиш учун келган Ўзбекистон спорт делегацияси Буюк Британиянинг Лондон шаҳридаги Олимпия шаҳарчасига жойлашди.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги мухбири З. Тошхўжаевнинг ёзишича, умумий майдони қарийб 40 гектарни эгаллаган Олимпия шаҳарчасида 2818 бино қад ростлаган. Олимпиадага келган 205 мамлакатнинг спорт делегациялари шу ерда яшайди. Олимпия шаҳарчасида туну кун ишлайдиган овқатланиш ҳудуди, банклар, банкоматлар, кафелар, гўзаллик ва саломатлик марказлари, замонавий тренажёр хоналари, кўнгилочар марказлар мусобақа иштирокчилари хизматида.
Олимпия шаҳарчасининг маданий марказига айланган, расмий, маданий, тантанали тадбирлар, кўргазма ва шоулар ўтказиладиган махсус ҳудудда иштирокчи мамлакатлар қаторида Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси янграб, давлат байроғи кўтарилди.

– Олимпия ўйинлари бошланиши арафасида ташкил етилган бундай ҳаяжонли маросим барчамизни спорт оламининг энг нуфузли мусобақасида муносиб иштирок этиб, Президентимиз ва халқимизнинг ишончини оқлашга ундайди, беллашувларда ғалабаларга илҳомлантиради, – дейди бокс бўйича икки карра жаҳон чемпиони Аббос Атоев. – Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, тинчлиги ва буюк келажаги тимсолидир. Биз, спортчилар учун давлатимиз байроғи куч-қудрат, жасорат, ғалаба рамзидир. Шу боис муқаддас байроғимизни доимо баланд тутиш учун курашамиз. Халқаро майдондаги ғалабаларимиз шарафига Ватанимиз байроғи кўтарилиб, давлатимиз мадҳияси янграганида қалбимиз фахр-ифтихорга тўлади. Буларнинг барчаси мустақиллик туфайли эканини қайта-қайта юракдан ҳис етамиз.
ХХХ ёзги Олимпия ўйинларида дунёнинг энг сара спортчилари ўттиздан ортиқ спорт тури бўйича 302 медаллар жамланмаси учун куч синашади. Лондон Олимпиадасининг мураккаб саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган 54 нафар ҳамюртимиз спортнинг ўн етти тури – бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси, трамполин, велоспорт, сузиш, енгил атлетика, оғир атлетика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, бокс, дзюдо, таеквондо, эркин ва юнон-рум кураши, ўқ отиш, қиличбозлик ва теннис бўйича беллашувларда жонажон Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17 июль қарорига асосан ХХХ Ёзги Олимпиада ўйинларида медаллар билан тақдирланган спортчиларни мукофотлаш қуйидаги кўринишда бўлади:
– Олтин медаль учун – 150 000 АҚШ доллари;
– Кумуш медаль учун – 75 000 АҚШ доллари;
– Бронза медалб учун – 50 000 АҚШ доллари.