Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси: “Р. Даутов тергов органлари фаолияти юзасидан ҳеч қандай шикоят билдиргани йўқ”

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси “МТС—Ўзбекистон” иши бўйича навбатдаги расмий баёнотини ўз сайтида эълон қилди.
Унда “Ўздунробита” МЧЖ ХК (Россиянинг “МТС” ОАЖ телекоммуникация компаниясининг шўъба корхонаси)нинг мансабдор шахсларига нисбатан олиб борилаётган тергов жараёнларида шаффофликни таъминлаш ва кенг жамоатчиликни кўрилаётган чоралар хусусида хабардор қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар рўёбга чиқарилаётгани қайд этилади.

Хусусан, Бош прокуратура Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари билан амалий алоқа ўрнатган. Жорий йил 20 июль куни Бош прокуратура ташаббуси билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасида Фавқулодда ва Мухтор элчиси В. Тюрденов ҳамда консул вазифасини бажарувчи А.Попов билан учрашув ташкил этилиб, Россия тарафига жиноий иш бўйича дастлабки тергов бориши ҳақида ахборот берилди.

РФ элчихонасининг 24 июлдаги мурожаати билан, 2008 йилдан бери “Ўздунробита” ХКнинг молиявий назоратчиси лавозимида ишлаб, Тошкент шаҳрида яшаб келган, Жиноят кодексининг бир қанча моддалари бўйича айбланиб, 29 июндан жиноят ишига жалб қилинган ҳамда эҳтиёт чораси сифатида ҳибсга олинган Россия фуқароси Р. Даутовни кўриш учун А. Поповга консул ваколати доирасида барча шарт-шароитлар яратилган.

Консулнинг саволларига Р.Даутов уни ушлаб туриш шароитлари тўлиқ қаноатлантириши, ўз адвокатлари Т.Кравченко ва А. Ҳамидовлар билан мунтазам кўришиб турганини маълум қилди. У Ўзбекистон ҳуқуқ-тартиботлари фаолияти устидан ҳеч қандай шикоят билдирмади.

Ўз навбатида, А. Попов (консул) Р.Даутовга унга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чорасини ўзгартириш бўйича Элчихона томонидан кўрилган чоралар хусусида ахборот бериб, уни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш ва ушлаб туришда тергов органлари томонидан қонунбузилишларига йўл қўйилгани ҳақида ахборотга эга эмаслигини маълум қилди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Р. Даутов, шунингдек, ушбу жиноят иши бўйича бошқа айбланувчиларнинг жиноят-процессуал қонунчиликка мувофиқ барча ҳуқуқлари таъминланмоқда. Хусусан, Р. Даутов ўз турмуш ўртоғи Т. Даутова билан телефон орқали мулоқот қилиш имконияти берилган. Ушбу телефон мулоқоти чоғида ҳам Р. Даутов ўзининг эҳтиёт чораси сифатида ушлаб турилиши шароитларидан қаноатланишини ҳамда тергов органларига ҳеч қандай эътирози йўқлигини маълум қилди.

Бош прокуратура шуни маълум қиладики, Р.Даутовни ҳатто гувоҳ сифатида сўров қилиш жараёнларидан тортиб барча тергов хатти-ҳаракатларда унинг адвокатлари ҳамда Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси вакиллари қатнашиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, кеча Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам расмий баёнот билан чиқиб, унда Россия Ташқи ишлар вазирлиги “МТС” очиқ акциядорлик жамиятининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси “Ўздунробита” МЧЖ ХК атрофидаги воқеаларни кузатиб бораётгани қайд этилади.

Вазирликка кўра, Россия элчихонаси Ўзбекистон томони билан ушбу масала юзасидан мунтазам алоқа қилиб бормоқда. Элчихона консуллик вакилларига ҳеч қандай тўсиқларсиз Р.М.Даутовни кўришга шарт-шароитлар яратиб берилган. Ҳибсга олинган шахснинг руҳий-психологик ҳолати қониқарли даражада бўлиб, уни изоляторда сақлаш шароитларидан шикоятлар йўқ. Унда шикоятлар, шу жумладан, соғлиғи бўйича мавжуд эмас. Унга маъмурият томонидан муносабат тўғри ташкил этилган. Тергов ҳаракатларини олиб боришда унинг адвокати таклиф қилинмоқда.