Владимир Маминов: “Ўзбекистон миллий терма жамоасида тўп сурганимдан ҳеч қачон афсусланмайман”

Владимир Маминов

2001 йилда Ўзбекистон терма жамоасида янги футболчилар пайдо бўлганди. ЖЧ-2002 саралаш босқичида қатнашган бош жамоамизни ўша пайтда россиялик мутахассис Владимир Сальков бошқарганди. Кўп йиллик стажга эш бўлган футбол мухлислари яшхи эслашадики, ўшанда россиялик мураббий бир қатор хорижлик ўинчиларни Ўзбекистон терма жамоасида ўйнашга кўндирганди. Мана шу футболчилардан бири Владимир Маминовдир.

Футболчилик фаолиятини якунлаб, мураббийлик соҳасида ишлаётган Володя билан анчадан бери ижтимойи тарқмоқлардан бири орқали суҳбатлашишга ҳаракат қиламан. Лекин ҳар гал Маминов саволларимни жавобсиз қолдирар эди. Ниҳоят, бир неча кун олдин Владимирнинг кўнглига йўл топишга муваффақ бўлдим. Ҳозир ўша суҳбатнинг қисқартинган варианти ҳукмингизга ҳавола қилинмоқда.

– Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ ўйинчиси сифатида ўзбек футболидан хабардор бўлиб боряпсизми?
– Бўш вақтим бўлганида, интернетга кириб Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларда бўлаётган янгиликларни ўқиб бораман. Айтишим керакки, сўнгги йилларда дунёда, жумаладан, Ўзбекистонда ҳам интернет журналистикаси анча ривожланди. Айниқса, футбол борасидаги маълумотларни билиш осонроқ. Илгари эса рақибимиз натижасини билишга қийналардик. Мана техника замонида яшаяпмиз. Сиз Фарғонада, мен эса Москвада туриб, бир-биримиз билан суҳбатлашяпмиз.

Демак, Ўзбекистон терма жамоасида бош мураббий алмашганидан хабарингиз бор экан-да?
– Ҳа. Буни эшитдим. Терма жамоани эндиликда Қосимов бошқариб боради. Миржалолни анчадан бери биламан. Зўр футболчи бўлган. Унда етакчиликни ўз қўлига олиш қобилияти бор.

– Миржалол терма жамоани Жаҳон чемпионатига олиб чиқа оладими?
– Бунисини билмадим. Ростини айтсам, у ердаги муҳитдан бехабарман. Лекин умидни сундирмаслик керак.

– Биласизми, Ўзбекистон терма жамоаси 2001 йилда Жаҳон чемпионатига чиқиш учун жуда яхши имкониятга эга бўлганди.
– Эсимда. Ҳаммаси яхши кетаётганди. Лекин Уммондаги ўйинда кутилмаганда мағлубиятга учрадик. Ўшанда менга роса алам қилганди. Биринчи бўлимда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонаётиб, якунда мағлубиятга учрадик.

– Ўшанда нима бўлганди?
– Ҳайронман. Менимча, бизга ҳаддан ташқари, хотиржамлик панд берган кўринади.

Кейин Сальков истеъфога чиқарилди…
– Буни эслашни истамайман.

– Айнан мана шу мутахассис сизни Ўзбекистон терма жамоасига олиб келганди.
– Ҳа сиз ҳақсиз. Менда Жаҳон чемпионатида ўйнаш иштиёқи кучли бўлгани боис ушбу таклифни қабул қилдим. Негаки, ўша пайтда Россия терма жамоасига чақиришларига ишонмасдим. Бизда асосан “Спартак” клуби вакиллари ёки легионерлар терма жамоада ўйнарди. Бир куни Сальков телефон қилиб, Ўзбекистон терма жамоасида ўйнашим мумкинлиги айтди. Ўйлаб кўргач, рози бўлдим.

– Ҳозир таклифга рози бўлганингиз учун афсусланяпсизми?
– Ҳеч қачон Ўзбекистон терма жамоасида тўп сурганимдан афсусланмайман. Мен у ерда ўйнаб, ўзим учун кўп нарсаларни кашф этганман. Биласизми, биринчи ўйинда лиқ тўла стадионни кўриб, Олег икккимиз (Олег Пашинин назарда тутиляпти) ҳайрон қолганмиз. Ўзбекистонда футболни жуда севишади. Мана шундай мухлислар ҳақи-ҳурмати терма жамоа мундиалда ўйнаши керак.

– Осиё Кубоги-2004 олдидан терма жамоамиз жиддий йўқотишга дуч келганди. Сиз ва Пашинин айрим сабабларга кўра, Максим Шацких эса чучқа гриппига чалинмаслик учун Хитойга келишдан бош тортганди. Шундай бўлса-да, терма жамоамиз ёмон таассурот қолдирмаганди.
– Бундан хурсанд бўлганман.

– Ҳозир ўша қарорингиз учун афсусланмаяпсизми?
– Пушаймон бўлиш менга хос хислат эмас.

– Ўзбекистон чемпионатини кўзатиб боряпсизми?
– Албатта.

Қайси жамоа учун мухлислик қиляпсиз?
– Буниси сир.

– Ўзбекистоннинг энг кучли футболчиси сифатида кимни тан олган бўлардингиз?
– Одил Аҳмедов ва Сервер Жепаров.

Қимматли вақтингизни аямай, саволлармизга жавоб берганингиз учун сизга раҳмат.
– Мени эсланганингиз учун сизга ҳам раҳмат.

Аброр Деҳқонов суҳбатлашди.
***

“Vatandosh” архиви

Владимир Александрович Маминов: 1974 йили Москва шаҳрида туғилган. Россия ва Ўзбекистон фуқароси. Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси (2001-2005)  ва “Локомотив” (Москва) футбол жамоасида фаолият юргизган. Ярим ҳимоячи. Бугунги кунда “Локомотив” (Москва) футбол клуби мураббийи. “Локомотив” (Москва) футбол мактабида тарбия олиб, мазкур  жамоада 16 йил давомида тўп сурган. “Локомотив” жамоаси таркибида 400 марта расмий ўйинларда иштирок этиб 41 марта рақиб дарвозаларига тўп киритган. Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида 12 марта ўйинга тушиб 3 та гол киритган. 2009 йилдан буён “Локомотив” (Москва) футбол жамоасида мураббий вазифасида фаолият юргизмоқда. В.Маминов Россия чемпиони (2): 2002, 2004.  5 марта Россия Кубоги соҳиби (5): 1996, 1997, 2000, 2001, 2007. Икки бор Россия Суперкубоги соҳиби бўлган (2003-2005).