430 минг нафардан ортиқ абитуриент тест топширди

gazeta.uz/press-photo.uz

Бугун Ўзбекистон олий ўқув юртларига кириш учун двлат тест имтиҳонлари бўлиб ўтди

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2012/2013 ўқув йилида бакалавр таълим йўналишига 56 607 нафар ўғил-қиз қабул қилинса, уларнинг 19 340 нафари давлат грантида ва 37 267 нафари шартнома бўйича таҳсил олади.
Ўзбекистон Давлат тест маркази маълумотларига кўра, бу йил мамлакатдаги барча олий таълим муассасаларига кириш мақсадида ҳужжат топширган ёшларнинг сони 432 мингдан ортиқ бўлган. Бу Ўзбекистон абитуриентлари орасида олдинги йилларга солиштирганда рекорд кўрсаткич экани айтилмоқда.

Тест жараёнлари билан боғлиқ ўзгаришлар йўқ. Одатдагидек, абитуриентларга учта фандан жами 108 та тест саволи тақдим этилди. Ҳар бир саволда тўртта жавоб варианти кўрсатилган бўлиб, улар орасидан биттаси танланди.

Шу ўринда жорий йилда тест ўтказиш билан боғлиқ бир қатор қоидалар такомиллаштирилганлигини ҳам айтиб ўтсак. Масалан, тест пайтида нафақат шпаргалка ва мобиль алоқа воситасидан фойдаланиш, балки уларни аудиторияга олиб кириш ҳам абитуриентни имтиҳондан четлатишга асос бўлди. Тест жараёни давомида тест материалларини бошқа абитуриентга узатса, абитуриентларга ёрдам берса, у тест синовларини ўтказиш тартибини бузган ҳисобланади ва далолатнома тузилиб, тест синовидан четлаштириши мумкин эди.

Тест имтиҳонларида қатнашган абитуриентларнинг қайд этишича, жорий йил имтиҳонларга кириш ҳамда имтиҳон жараёнлари жиддий назорат қилинган. Кўплаб олий ўқув юртларида телефонлар ва бошқа воситалардан фойдаланишнинг умуман иложи бўлмаган.

Шуни қайд этиш керакки, шу пайтга қадар ҳарбий хизматни ўтаган ва ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасини олган фуқароларга олий ўқув юртларга ўқишга киришда тест синовларида тўплаш мумкин бўлган энг кўп баллнинг 25 фоизи миқдорида қўшимча балл бериш тизими мавжуд эди. Эндиликда ана шу имтиёз 27 фоиз қилиб белгиланди. Бундан ташқари, имтиёзлар бўйича белгиланган қўшимча балларни ҳисобга олган ҳолда танловдан ўта олмаган абитуриентлар мамлакатдаги бошқа олий ўқув юртларига қабул қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат этишса, у тест синовлари тугагандан кейин 10 кун мобайнида олий таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан кўриб чиқилади.

Ўзбекистонда бу йил сентябридан бакалавриатда бир йил ўқиш баҳоси 3 миллион 650 минг сўмдан 5 миллион 300 минг сўмгача, магистратура эса қарийб 4 миллиондан — 5 миллион 830 минг сўмгача белгиланган.