Лондон масжидларида “Олимпиада ифторликлари” уюштирилмоқда

Лондонда мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойи билан бир вақтга тўғри келган Ёзги Олимпиада Ўйинлари қиёмига етиб бораркан, бу ердаги масжидларнинг фаолияти ҳам қизигандан қизиган. Маҳаллий мулозимлар ва исломий ташкилотлар Ўйинларда иштирок этиш ва томоша қилиш учун келган минглаб мусулмон спортчилари ва сайёҳлари учун махсус ифтор дастурини ишлаб чиқишган. Ушбу дастур доирасида диний уламолар улар учун ифторлик дастурхонлари уюштиришади, уларни ўз масжидларига таклиф этишади ва мусулмонлар қатори ўзга дин вакиллари иштирокида ҳам турли тадбирлар ўтказишади.  Британ ҳукумати мулозимларига кўра, ташаббусларидан мақсад нафақат мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойини байрам қилиш, балки Британиядаги турфамаданиятлиликни ҳам тантана қилишдир. Мен шундоққина Олимпия Хиёбони биқинида жойлашган Шарқий Лондон масжиди ва Лондон Мусулмонлари Маркази воизи Салмон Форсий билан боғланиб, ундан ифтор дастури тафсилотлари ҳақида сўрадим:

Салмон Форсий: Бу йилги Рамазон ойи давомида масжидимиз кунига олти юз кишига ифтор дастурхони ёзмоқда. Кеча эса, махсус ифтор тадбири уюштирдик. Унда ўзимизнинг мусулмон жамоаси вакилларидан ташқари, бошқа динга мансуб ҳамкасбларимиз ҳам ҳозир бўлишди. Яна шунингдек, мусулмон олимпиячиларини ҳам таклиф қилдик. Уларнинг орасида Буюк Британия хоккей жамоаси ўйинчиси Даррен Чизман, фаластинлик сузувчи Аҳмад Жибрил, Миср Сузиш ва футбол ҳаракати асосчиси, ФИФА вакиласи Саҳар Ал-Ҳаворий ҳамда бошқа юқори мартабали меҳмонлар ҳам бор эди. Менимча, ифтор кечаси Рамазон ойида борини бирга баҳам кўриш ва уйғунлик каби исломий қадриятларни тарғиб этишнинг яхши имконияти бўлади. Масжидимиз шу пайтга қадар бу каби ўзига хос ва йирик ифтор кечаси уюштирмаганди. Бунга ўхшаш тадбирларни иложи бўлса ҳар куни ўтказардик, аммо уюштириш кўп саъй-ҳаракат талаб қилади. Шунинг учун ҳам имкони бўлмаса керак.

Би-би-си: Ёзги Олимпиада Ўйинлари сабаб, Лондонга юз мингга яқин хорижий сайёҳнинг келгани айтилади. Агар масжидларга келаётган кундалик зиёратчилар ва рўзадорлар назарда тутилса, уларнинг орасида хорижликлар кўпми?

Салмон Форсий: Ҳа, дунёнинг бошқа исломий давлатларидан масжидимизга келаётган зиёратчилар талайгина. Улар масжидимизга намоз ўқиш ва ифторлик қилиш учун келишади. Хорижлик зиёратчилар орасида, шахсан ўзим, малайзия, индонезия, марокаш ва қозоғистонлик мусулмонларни кўрдим.

Би-би-си: Масжидингиз шундоққина Олимпия хиёбони яқинида жойлашган экан. Ўйинлар айнан масжидлар мусулмонлар билан гавжуд бўладиган Рамазон ойига тўғри келган. Бу фаолиятларингизга ҳеч ҳалақит бермаяптими?

Салмон Форсий: Тўғри, кўпчилик Рамазон ва устига устак, Олимпиада Ўйинлари сабаб одам ва машиналар роса тиқилиб кетса керак, деб ўйлаганди. Кейин масжидимизга келаётган аксарият мусулмонлар жамоат нақлиётидан фойдаланишади. Агар шаҳарга келаётган зиёратчилар ҳам уларнинг устига қўшилса, жамоат нақлиёти бунга қандай бардош бераркан, деган хавотирларимиз ҳам бор эди. Аммо бундай бўлиб чиқмади. Ҳозирча бирор бир жиддий муаммога тўқнаш келаётганимиз йўқ. Ҳаммаси кўнгилдагидек, силлиқ кечмоқда. Жума ва таровеҳ намозларини ўқишда ҳам биз қўрққанчалик қийинчиликлар йўқ.

Би-би-си: Агар таъбир жоиз бўлса, шахсан ўзингиз ва масжидингиз ходимлари Ўйинлар чоғида қай бир терма жамоага ишқибозлик қилаяпсиз?

Салмон Форсий: Биз эшкак эшиш мусобақаларига ишқибозлик қилаяпмиз. Британиялик эшкак эшувчилар орасида бир мусулмони ҳам бор. Бундан ташқари, британ велоспортчиси Брэдли Виггинсни қўллаб-қувватлаяпмиз. Орамизда қиличбозлик беллашувларини бевосита томоша қилиш учун чипта олганлар ҳам бор. Биз британиялик бўлганимиз учун ҳам, Буюк Британия терма жамоасини қўллашимиз адолатдан бўлади, менимча.

Би-би-си: Ҳар 44 йилда Олимпиада Ўйинлари мусулмонларнинг рўза тутишлари тақозо этилувчи муқаддас Рамазон ойига тўғри келади. Уч мингга яқин мусулмон спортчи иштирок этаётган Лондон Олимпиада Ўйинлари ҳам бундан мустасно эмас. Лондон Олимпиада Ўйинлари Ташкилий қўмитаси эса, мусулмон спортчилари тўқнаш келажак муаммони назарда тутиб, муайян режаларга қўл ургани, ҳар бир спорт иншоотида ифтор маҳали улар учун махсус дастурхон ҳозирланиб, Олимпия қишлоқчасидаги ресторанлар ҳам тун бўйи фаолият кўрсатишини айтганди. Хўш, амалдаги вазият қандай? Мен бундан аввалроқ беллашувларига қарамай, Ўйинлар чоғида Олимпия қишлоқчасида рўза тутишини айтган Миср терма жамоаси аъзоси Ҳадия Ҳусни Эл-Сайиддан кўрган-кечирганларини тасвирлаб беришини сўрадим:

Ҳадия Ҳусни Эл-Сайид: Рамазон ойи баҳона Олимпия қишлоқчасида мусулмон спортчилари учун хос бир нарса уюштирилган деб айтолмайман. Аммо ошхоналар кечаю кундуз очиқ. Спортчилар кўнгиллари тусаган пайтда овқатланишлари мумкин. Бошқа кўзга алоҳида ташланиб турадиган жиҳати йўқ. Агар Миср Олимпия терма жамоаси мисолида айтадиган бўлсам, аксарият спортчилар машғулотлари пайти рўза тутиб, мусобақалари куни оғизларини очишди. Чунки рўза тутган ҳолда беллашиш жуда оғир эди. Ўзим ҳам машғулотларим билан кечган ўтган ҳафта тўлиқ рўза тутдим. Аммо беллашувим кеч соат саккизга режалангани учун ўша куни оғзимни очдим. Бирор бир совринли ўринни ололмаган бўлсам ҳам, дунёнинг юқори ранкли бадминтончиларига муносиб қаршилик кўрсатдим, деб ўйлайман.

Би-би-си: Демак, Олимпия қишлоқчасидаги ошхоналарда мусулмон спортчиларига тақозо этилганидек ҳалол таомлар тортилди, шундайми?

Ҳадия Ҳусни Эл-Сайид: Ҳа, ошхоналарда ҳалол таомлар кўп эди. Кейин уларнинг ҳалоллиги махсус ёрлиқлар билан ҳам кўрсатиб қўйилган. Ҳалол қўй, мол, товуқ гўштидан тайёрланган таомлар, оғзингизни очган пайтда истеъмол қилишингиз учун қуритилган хурмо, ёнғоқ, туршак, ҳаммаси ҳозирланган эди. Истанг арабча, хоҳланг, маҳаллий услубда пиширилган овқатлар бор эди.

Би-би-си: Мусулмон спортчиларнинг намоз ўқишлари учун яратилган шарт-шароитлар-чи, уларни қандай баҳолаган бўлардингиз?

Ҳадия Ҳусни Эл-Сайид: Намозни биз хонамизда ўқидик. Аммо Қибла қай тарафда экани кўрсатиб қўйилган эди. Махсус намоз ўқийдиган хоналарга шахсан менинг кўзим тушмади. Чунки ҳамманинг ўз хонасида намоз ўқиётганини кўрдим.

Би-би-си: Олимпиада Ўйинлари каби йирик спорт мусобақалари чоғида рўза тутиш-тутмаслик борасида бир қарорга келиш эса, мусулмон спортчилари учун осонларидан эмасди. Халқаро Олимпия Қўмитаси эса, шу Ўйинлар ўтиб олгач, келажакда дунёдаги энг катта спорт тадбирининг мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойига тўғри келиб қолмаслигининг бирор чорасини топиш устида ўйлаб кўришини айтмоқда.

Manba: http://www.bbc.co.uk/uzbek