Россия ташқи ишлар вазири С. Лавров Тошкентга қўнғироқ қилди

Россия Федерация Ташқи ишлар вазирлиги оммавий ахборот воситалари учун Россия ташқи ишлар вазири С. Лавровнинг Ўзбекистон ташқи ишлар вазири А. Комиловнинг телефон орқали мулоқот қилгани ҳақида ахборотни маълум қилди.

Телефон мулоқоти чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари, шу жумладан, “МТС” ОАЖнинг шўъба корхонаси “Ўздунробита” МЧЖ ХК атрофида юз бераётган масалалар муҳокама қилинган.

Россия тарафи мазкур муаммо мураккаб тус олганлигини ва уни имкон қадар тезроқ ҳал этиш учун ўзаро саъй-ҳаракатлар билан икки тараф учун мақбул eчимни топиш зарурлигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги июль ойининг бошида “Ўздунробита” фаолиятида амалдаги қонунчилик талаблари бузилганлигини қайд этиб, тегишли чораларни кўрган эди. Хусусан, компания лизенциясини 10 иш кунига тўхтатиб қўйган эди.

Кейинчалик Тошкент шаҳар хўжалик суди “МТС” компаниясининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси “Ўздунробита” МЧЖ ХКнинг барча лицензияларини бекор қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги мурожаатини қаноатлантирган.