Агентлик “МТС—Ўзбекистон”нинг лицензиясини бекор қилишни сўрамоқда

    Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги “МТС” компаниясининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси “Ўздунробита” МЧЖ ХКнинг барча лицензияларини бекор қилишни сўраб, Тошкент шаҳар хўжалик судига мурожаат қилган. Бу ҳақда “МТС” ОАЖ матбуот хизматига таяниб, uzdaily.uz сайти хабар беради.

    Россия компаниясига кўра, Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги “Ўздунробита” МЧЖ ХКни унинг филиаллари лицензиясиз фаолият юритгани учун  айбламоқда. Алоқа операторига лицензия талабларини бажармаганлиги 210 миллион АҚШ долларига айланиши мумкин.

    “Ўздунробита” компанияси ўз лицензиясининг амал қилиш муддатини уч ойга тўхтатиб қўйиш ҳақидаги Тошкент шаҳар хўжалик суди қарори устидан  Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ 10 кунлик муддат ичида апелляция тартибида шикоят қилган.  Ўз навбатида, Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги апелляция натижаларини кутмасдан, “Ўздунробита”нинг вилоятлардаги филиаллари алоҳида лицензияга эга бўлмасдан ноқонуний фаолият юритганлиги боис компаниянинг барча лицензияларини чақириб олишни сўраб Тошкент шаҳар хўжалик судига мурожаат қилган. Ушбу масала юзасидан суди эшитуви шу йилнинг 13 август куни бўлиб ўтади.

    “МТС” компанияси тарқатган хабарга қараганда, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси тергов ҳаракатлари тугагунча ҳамда суд инстанцияларининг қарори чиққунга қадар “Ўздунробита” МЧЖ ХКнинг Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкидаги барча харажат ҳисоб-рақамларини музлатиб қўйган. Шу боис “МТС—Ўзбекистон” мижозлари ҳозирча ўз ҳисобида қолиб кетган маблағларни қайтариб ололмайди.

    Эслатиб ўтамиз, июль ойи бошида Ўзбекистон Давлат алоқа инспекцияси мамлакатдаги энг йирик мобиль алоқа компанияларидан бири — МТС бренди остида фаолият юритадиган “Ўздунробита” фаолиятини мониторинг қилиб, компания тизимида бир қатор камчиликларни топган. Дастлаб Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги томонидан компания лицензияси 10 иш кунига, кейинчалик Тошкент шаҳар хўжалик суди қарори билан 3 ойга тўхтатиб қўйилди.

    Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳисоб-китобларига қараганда, “Ўздунробита” мансабдор шахсларининг жиноий ишлари орқали етказилган моддий зарарнинг умумий миқдори 26 июл ҳолатига кўра 700 млрд. сўмдан ошиб кетган.