МТС “Ўздунробита” ёпилиши билан боғлиқ зарарни 1,1 миллиард долларга баҳолади

    Россиянинг энг йирик мобиль алоқа компанияларидан бири “МТС” иккинчи чоракни 681,8 миллион доллар миқдорида зиён билан якунлаган. Бу ҳақда “Рейтерс” хабар беради. Агентликнинг ёзишича, бундай кўламдаги зарар компаниянинг Ўзбекистондаги “Ўздунробита” шўъба корхонаси лицензияси бекор қилиниши оқибатида 1,1 миллиард долларни ҳисобдан чиқариши туфайли келиб чиққан. Гарчи “МТС—Ўзбекистон” ёпилиши билан боғлиқ жараёнлар август ойида ҳал бўлган эса-да, компания бу билан боғлиқ йўқотишларни иккинчи чоракка қўшиб ҳисоблашни маъқул кўрган.

     Умуман, иккинчи чоракда “МТС”нинг даромади 357 миллион долларни ташкил этган, аммо “МТС—Ўзбекистон” маблағларини ҳисобдан чиқариш зарарнинг ҳаддан ташқари кўп бўлишига олиб келган.

     Эслатиб ўтамиз, шу ойда Тошкент шаҳар хўжалик суди “МТС” компаниясининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси “Ўздунробита” МЧЖ ХКнинг барча лицензияларини бекор қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги мурожаатини қаноатлантирган эди.

     Телекоммуникациялар соҳасидаги асосий ваколатли орган Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги “Ўздунробита”нинг вилоятлардаги филиаллари алоҳида лицензия олмасдан ноқонуний фаолият юритганлиги учун унинг барча лицензияларини бекор қилишни сўраб, Олий хўжалик судига мурожаат қилган эди.

    Ўз навбатида, “МТС” Ўзбекистондаги бизнесни сақлаб қолиш учун барча чораларни кўришини маълум қилган.