Нуқтаи назар: Брейвик 21 йилга ҳукм қилинди. Бу адолатданми?

 

Норвегия суди Андерс Брейвикни руҳий соғлом деб тан олди ва 21 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

21 йил – бу Норвегия қонунчилигида кўзда тутилган энг кўп муддат. Ушбу муддат тугаганидан кейин агар Брейвик ҳамон жамият учун хавфли деб ҳисоблашса, уни ҳибсда қолдиришлари мумкин. Айблов томони Брейвикни руҳий носоғлом деб тан олишни талаб қилганди: бу ҳолда унга муддатсиз мажбурий даволаниш тайинланарди. Брейвикнинг ўзи ва адвокатлари эса, суд уни руҳий соғлом деб тан олишни талаб қилишди.

Маълумки, шу йилнинг июль ойида у Утойя оролида Ишчилар партиясининг ёшлар лагерида 69 нафар кишини ўққа тутди, мамлакат пойтахтида бир қатор портлашни амалга оширди. Натижада, 77 кишининг ҳаётига зомин бўлиб, юзлаб хонадонлар қалбини вайрон қилди. Ўз хатти-ҳаракатини мамлакатнинг мультикултурлашиб, яъни маданияти хилма-хиллашиб бораётганига эътироз сифатида билдирган Брейвик жинояти устидан тергов жараёнлари қарийб тўққиз ой давом этди.

Бир йиллик тергов ва суд жараёнлари натижаси ўлароқ, унга жазо тайинланди. Аммо бу ҳукм социал тармоқларда шу даражада кўп муҳокама қилиндики, уларнинг аксарияти “21 йил, бу ғирт аҳмоқлик”, дея фикр билдиришмоқда.

Шуни ҳам алоҳида қайд этиш керакки, Норвегияда биринчи марта қонун нормалари ва ахлоқ меъёрлари ўртасида кескин жанг кетди. Чунки аксарият одамлар, сиёсатчилар Брейвикни қатл қилиш керак, дея таъкидлашса-да, Норвегия ҳуқуқ-тартибот идоралари Брейвикнинг қонун билан ҳимояланган барча ҳуқуқларини таъминлашга мажбур бўлди. Буни суд эшитувининг иккинчи куни суд ходими Томас Индребни мазкур процессдан четлатишгани ҳам тасдиқлайди. Негаки, у ўзининг фейсбукдаги саҳифасида Андерс Брейвик ўлим жазосига лойиқ, деб ёзган эди.

Брейвий 21 йиллик қамоқ жазосини “Ила” қамоқхонасида ўтайди, бу ерда унинг учун махсус жой жиҳозланди. Террорчига учта хона (ётоқхона, кабинет ва спортзал) ва ҳовлича ажратилди. Бу ер тиконли сим ўралган оқ бетон девор билан тўсилди. Бу қамоқхонада Брейвик бир йилдан буён сақланмоқда. Унга, шунингдек,  ноутбук ҳам тақдим этилади.

Бизнингча, бу суд гарчи қонунлар доирасида ҳукм чиқарган бўлса-да,  адолатсиз ҳукм чиқарди. Адолатсизлиги шундаки, 77 нафар кишининг умрига зомин бўлган инсонга умрининг 21 йилини яхши шароитга эга, кечаю кундуз ғамхўрлик қиладиган “қамоқхона”да ўтказди. Бу 77 кишига нисбатан, унинг оиласи, яқинларига нисбатан ҳам, қилмишга жавоб бериш нуқтаи назаридан ҳам адолатсиздир.

Мурод ҒОФУРОВ