Лондон олимпиадаси кундалиги: бугунги баҳслар ўзбекистонликлар учун омадсиз кечди

1 август куни Лондондаги  ёзги Олимпиада ўйинлари доирасида мусобақаларда қатнашган уч нафар ўзбекистонлик муваффақиятсизликка учради.

ATP рейтингида 35-ўринда турувчи теннисчи, ҳамюртимиз дунёнинг биринчи рақамли теннисчиси швейцариялик Роже Федерерга қарши кортга чиқди. Қизиқарли кечган баҳсда ҳамюртимиз 5:7/3:6 ҳисобида Федерерга мағлуб бўлиб, чорак финал йўлланмасидан маҳрум бўлди.

90 килограммгача вазнда дзюдо бўйича баҳс олиб борган ҳамюртимиз Дилшод Чориев эса дастлабки икки турда Швеция ҳамда Венгрия вакилларини мағлуб этган бўлса-да, чорак финалда япониялик Нишияма Масашига ютқазиб қўйди.

Қиличбозлик баҳсларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Қудаев Руслан дастлаб Жанубий Корея вакилини 15:9 ҳисобида ютган бўлса-да, иккинчи баҳсда Венесуэла вакили Сильвио Фернандезуга бой бериб қўйди.

2 август куни ҳамюртларимиздан Аббос Атоев (бокс, 75 кг) ҳамда Фазлитдин Ғойибназаров (бокс, 60 кг) рингга кўтарилади. Шунингдек, шу куни Рамзитдин Саидов (-100 кг, дзюдо) ҳамда Юлдуз Қўчқорова (сузиш, 200м) баҳсларда қатнашади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий олимпия жамоасида ҳозирча битта бронза медаль бор. Медалларни қўлга киритиш бўйича Лондон Олимпиадасида хитойликлар 17 та олтин, 9 та кумуш, 4 бронза билан биринчи ўринда бормоқда. Иккинчи ўринни АҚШ терма жамоаси вакиллари 12 олтин, 8 кумуш ва 9 та бронза медаль билан эгаллашган. Учинчи ўринда эса Жанубий Корея вакиллари жой олишган.