Қозоғистонлик журналистлар “фол очишмоқда”: Ўзбекистонда АҚШ ҳарбий базаси пайдо бўлиши мумкин

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси

АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Роберт О. Блейкнинг Қозоғистонда бир қатор тадбирларни бекор қилиб, ўз кун тартибини ўзгартириб, Тошкентга сафар қилиши Қозоғистон оммавий ахборот воситаларида турли талқинларнинг пайдо бўлишига олиб келди.

Чунончи, “Литер” газетасининг ёзишича, Американинг Қозоғистон зарарига Ўзбекистонга бундай катта  эътибор қаратиши Ўзбекистон — АҚШ муносабатларининг истиқболлари билан бевосита  боғлиқ. Яъни АҚШ давлат  котиби ёрдамчисининг Тошкент сафари натижаси АҚШнинг Ўзбекистонда ҳарбий база очилиши бўйича келишувга эришиш билан якунланиши мумкин.

Нашрнинг айтишича, Роберт Блейк Қозоғистондаги ташрифи чоғида Алматига бориши керак бўлган. Аммо кейинчалик унинг режаси ўзгариб, Тошкентга отланган.

Қозоқ журналистларининг фикрича, Ўзбекистон Коллектив хавфсизлик шартномаси(ОДКБ)дан чиқиши мана шундай хулосага келишга туртки беради. Ўз навбатида, улар Ўзбекистоннинг бундай жиддий хатти-ҳаракатларида Афғонистон масаласи муҳим ўрин тутади, деб қайд этишмоқда. “Бунга ўзига яраша сабаблар бор. Афғонистон ҳудудида кўпсонли этник ўзбеклар истиқомат қилади. Уларнинг етакчилари Афғонистон ички сиёсатида катта нуфузга ва таъсирга эга. Тошкент жуда кўп маротаба минтақада хавфсизликни таъминлаш ва мустаҳкамлаш зарурлигини жуда кўп марта таъкидлаб келади. Буларнинг барчаси Марказий Осиё мамлакатлари ичида айнан Ўзбекистон АҚШ учун стратегик аҳамиятга эга эканлигини кўрсатмоқда”, дея фикр билдиради қозоғистонлик сиёсатчи Досим Сатпаев.

Бизнингча, Қозоғистон оммавий ахборот воситаларининг бундай хулосага келиши асоссиз. Чунки яқинда Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси қабул қилган ҳамда Сенатда кўриб чиқилиши кутилаётган Ўзбекисон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепция бундай фаразларга барҳам беради. Гап шундаки, мазкур Концепцияга биноан, Ўзбекистон Республикаси қўшни давлатлардаги қуролли зиддиятларга ва танг вазиятларга тортилишининг олдини олиш юзасидан сиёсий, иқтисодий ва бошқа чора-тадбирларни кўради, шунингдек, ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўймайди, дея аниқ белгилаб қўйилмоқда. Бу ҳарбий базалар билан боғлиқ хулосаларга етарлича жавоб бўлиши мумкин.

Албатта, Ўзбекистон Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш, мамлакат тиклаш ишларида катта салоҳиятга эга мамлакатлардан бири. Биринчи галда бу Ўзбекистондан Афғонистонга элтувчи транспорт-коммуникация тармоқларига эга. Ҳайратон — Мозори Шариф темир йўли бунга яққол мисолдир. Шу боис ҳам АҚШ Ўзбекистоннинг Афғонистон масаласидаги мавқеини юқори баҳолаб, у билан яқиндан ишлашга ҳаракат қиляпти.

 Хабарингиз бор, шу йилнинг 20-21 май кунлари Чикагода НАТОнинг саммити бўлиб ўтган эди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири саммитда расмий Тошкентнинг Афғонистон муаммосини ҳал этишдаги ўрни ҳақида сўз юритиб, Ўзбекистон биринчилардан бўлиб Афғонистон операциясини амалга ошириш учун гуманитар ва ноҳарбий юкларни ўтказиш мақсадида Ҳайратон кўпригини очганлигига урғу берди. Ушбу транспорт йўлаги Афғонистонни ташқи дунё билан боғловчи ягона темир йўл тизими эканлиги билан ҳам ниҳоятда аҳмиятлидир. “Афғонистон ҳудудида Ўзбекистон кўмагида ўнлаб кўприклар, автомобиль йўллари барпо этилди. Ҳозирги пайтда Кобул шаҳри тўлиқ электр энергия билан таъминланмоқда. Афғонистон Ўзбекистоннинг оптик толали алоқа линиясига уланган”, деди Абдулазиз Комилов.

 Ташқи ишлар вазири ўз нутқида, шунингдек, “Ўзбекистонлик мутахассислар томонидан бунёд этилган Ҳайратон — Мозори Шариф темирйўли 2011 йилдан бери минтақа келажаги учун муҳим роль ўйнамоқда. Мозори Шарифдан темирйўлнинг Шибирғонгача давом эттирилиши Трансафғон корридори лойиҳасини амалга оширишда қўл келади. Ушбу лойиҳа Марказий Осиё мамлакатларини денгиз портларига олиб чиқувчи энг яқин йўл вазифасини бажариши мумкин”, деб таъкидлади.   “Бугун Ўзбекистон Шимолий таъминот тармоғида муҳим аҳамиятга эга давлатлардан ҳисобланади. Зеро, ушбу транспорт ва алоқа корридори Болтиқ ва Қора денгиз портларини Афғонистон билан боғлаб, НАТО ҳарбий контингентини қўллаб-қувватлашда ҳал қилувчи роль ўйнамоқда. Шимолий таъминот тармоғи ишга тушгандан бери 400 минг тоннага яқин ноҳарбий юклар Ўзбекистон ҳудуди орқали етказиб берилган”, дея хулоса қилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазири.

Эслатиб ўтамиз, шу кунларда Ўзбекистон — АҚШ муносабатларида фаоллик ошган. Чунончи, кеча АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Роберт О. Блейк Ўзбекистон Республикаси Президенти қабулида бўлди. Бугун Тошкентда АҚШ ва Ўзбекистон ҳукуматларининг йиллик иккитомонлама маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди. Ушбу тадбирлар доирасида, яъни 17 август куни АҚШ — Ўзбекистон йиллик бизнес форуми ҳам ташкил этилади.

Бўлажак форумда икки давлат ҳукуматлари аъзолари икки томонлама алоқаларни ривожлантириш муаммоларини муҳокама қилишади. Мазкур тадбирда 50 нафардан ортиқ йирик Америка компаниялари қатнашиши кўзда тутилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ҳудудида АҚШ ҳарбий базаси пайдо бўлади, деган гап-сўзлар ҳақиқатдан йироққа ўхшайди. Зотан, Ўзбекистон учун Афғонистонда тинчлик қарор топиши стратегик вазифалардан биридир.

Мурод ҒОФУРОВ