АҚШ “мияси” қарзга ботмоқда

Шу кунларда АҚШда чиққан президент сайлови кампаниясида муҳокама қилинаётган муҳим мавзулардан бири — таълим қарзларидир. Бу, айниқса, президентликка номзодлар ўртасидаги баҳсларнинг бош мавзуси бўлмоқда.

Амалдаги президент Барак Обаманинг қайд этишича, ҳозирги кунда талабаларнинг молия муассасалари олдидаги жами қарзи қарийб 1 триллион долларга етиб қолади. Бу АҚШ аҳолисининг кредит карточкалари бўйича қарзларидан ҳам кўпдир.

Бугунги кунда АҚШда 7 миллион ортиқ аҳоли коллеж ва университетларда таълим кредитлари ҳисобига таҳсил олади. Нью-Йорк технологик университети 2-курс талабаси Жереми Мейсоннинг айтишича, у олий ўқув юртини бўйнида 60 минг АҚШ доллари миқдорида қарз билан битиради. «Мен федерал қарз, шунингдек, грантлардан ҳам фойдаланаман. Шунга қарамасдан, ҳар йили 15 минг доллардан қарз олишимга тўғри келади. Йўқса, ўқишдан ҳайдалишим турган гап», дейди у, жумладан.

АҚШ президенти Барак Обама Шимолий Каролинада талабалар олдида чиқиш қилиб,  таълим кредити унга таниш тушунча эканлигига алоҳида урғу берди. «Мишель ва менга бу яхши таниш. Биз унчалик бой бўлмаган оиладанмиз. Бизни коллежни битирганимизда, анчагина қарзимиз йиғилиб қолган эди. Турмуш қурганимизда, биз янада камбағаллашдик, чунки бизнинг қарзларимиз янад кўпайди. Биз талабалик қарзимизни бор-йўғи саккиз йил бурун тўлаб улгурдик», дея ҳасрат қилди.

Конгрессда республикачилар ҳам, демократлар ҳам  олий таълим олишга ҳамма учун шароит яратилиши керак, деб ҳисобласа-да, бунга эришиш йўлларида ҳеч якдил хулосага келолмайди. Республикачилар олий таълим харажатларини тиббий хизмат харажатлари ҳисобидан қоплашни таклиф қилса, демократлар нефть компаниялари ва бойлар даромадига солиқларни ошириш орқали эришиш керак, деб ҳисоблайди.

Яна бир гуруҳ таҳлилчилар таълим тизимидаги боқиманда қарзларнинг кўпайиб бораётгани келажакда жуда катта муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлигини айтишмоқда. Шулардан бири талабалар учун бериладиган кредитлардир. Айрим экспертларнинг фикрича, таълим кредитлари 2008-2009 йиллардагидан кўра ҳам кучлироқ салбий таъсирга эга бўлиши мумкин.

“Форбс” журнали маълумотларига кўра, 2010 йилда талабалар учун кредитлар миқдори 25,250 долларга кўпайди. Натижада ўша йили биринчи марта АҚШда талабалар учун ажратилган йиллик кредитлар миқдори 100 миллиард  доллардан ошиб кетди. Пировардида, талабалар учун йўналтирилган кредитлар миқдори 1 триллионлик маррани босиб ўтди.

Сўнгги эллик ичида АҚШ олий таълим тизимида инфляция йилига 6-9 фоизни ташкил қилиб, бу одатдаги инфляция кўрсаткичларидан икки баробарга кўплиги экспертларда шубҳаларнинг кўпайишига олиб келди.

Олий маълумотли бўлишнинг борган сари қимматлашиб бораётгани, қолаверса, коллеж ва университет битирувчиларига меҳнат бозорида талабнинг турғун бўлиб қолаётгани талабаларнинг кредитларни қайтариш имкониятини тушириб юбормоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, амалдаги қонунчиликда талабаларга ажратилган кредитлар банкротлик туфайли ҳисобдан чиқарилиши, яъни воз кечиш кўзда тутилмайди. Гарчи фуқаронинг молиявий аҳволи қай даражада ёмон бўлмасин, у ўқиш учун олган кредитларини тўлашда давом этиши керак.

Айрим битирувчиларда таълим кредитлари миқдори 100 минг доллардан ошиб, бу бўйича ойма-ой тўлов амалга оширилганда, ипотека кредитлари сингари 20 йил давомида ҳам тўлиқ қопланмаслиги мумкин.

Иқтисодчилар фикрича, мазкур қарзнинг кенгайиши нафақат тўхтатиб қолинмоқда, балки у йилдан-йилга юксалиб бормоқда. Яқинда ўтказилган сўров натижалари шуни кўрсатдики, 50 фоиз банкротлик масалалари бўйича адвокатлар сўнгги пайтларда ўз мижозларида таълим кредитлари билан боғлиқ муаммолар ўсаётганини қайд этишган. Ваҳоланки, 2005 йилда бу кўрсаткич бор-йўғи 25 фоизи ана шундай муаммолар борлигини қайд этишганди.

Ҳуқуқшуносларнинг қайд этишича, ушбу муаммоларни ҳал этишнинг ҳозирча энг мақбул йўли таълим кредитларидан банкротлик орқали воз кечишдир. Айримлар бу солиқ тўловчилар учун жабр бўлишини айтиб, 2008 йилги инқироз АҚШ солиқ тўловчиларига жуда қимматга тушганлигини эътироф қилишаётир. Баъзилар эса умуман таълим кредитларини давлат назоратига олишни таклиф қилмоқда. Аммо бу масалани яқин келажакда ҳал қилиш мутлақо имконсиз.