БМТда Ўзбекистон мустақиллиги нишонланди (Фото-лавҳа)

Ўзбекистон мустақиллигининг 21 йиллигини нишонлаш арафасида БМТнинг бош қароргоҳида  “Фонд Форум Ўзбекистонни тақдим қилади” деб номланган фото-кўргазма тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикасининг БМТдаги доимий ваколатхонаси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда 200га яқин меҳмонлар иштирок этди. Улар орасида БМТ ҳузуридаги 60 дан ортиқ дипломатик миссиялар раҳбарлари, 30 дан ортиқ бош консуллар, шунингдек, халқаро ташкилотлар, АҚШнинг илмий, ишбилармонлар ҳамда маданий доиралари вакиллари бор эди.

Тадбирда, жумладан, БМТ Бош котиби ўринбосари Ву Хонбо, Бош ассамблея ва ЭКОСОС ишлари бўйича директор И.Ботнару, БМТТДнинг Европа ва МДҲ бўйича минтақавий директори ўринбосари Х.Шу, ЮНИСЕФнинг катта маслаҳатчиси Е. Станиславов, Туркистон — Америка уюшмаси президенти А.Хўжа, АҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлари конгресси президенти Б. Қандов, “Ватандош” газетаси ношири Фарҳод Султон, шунингдек, АҚШдаги ўзбек диаспораси вакиллари, Америкада таҳсил олаётган талабалар иштирок этди.

Тадбир қатнашчилари Ўзбекистон тарихи ва бугунини ўзида акс эттирган фото-кўргазмадан катта таассурот олиб, уларнинг кўпчилиги гарчи Ўзбекистонга ташриф буюрмаган бўлса-да, хаёлон Ипак йўли кўҳна шаҳарларига сайр қилганларини қайд этишди.  Улар кўргазма доирасида ўзбек халқининг урф-одатлари, қадриятлари, амалий ва бадиий санъати ҳақида катта тасаввурга эга бўлишди.

Тақдимотда “Фонд Форум Ўзбекистонни тақдим этади” китоб-фотоальбомини БМТ Бош Ассамблеясининг жорий 66-сессияси раиси Н.Насерга, ўзбеклар ва Бухоро яҳудийлари уюшмалари раҳбарларига топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тақдимот доирасида, шунингдек, ўзбек миллий таомларидан дастурхон тузатилиб, меҳмонларга бир пиёла чой узатилди.