Юлдуз Усмонова фан-клуби Тошкентда учрашув ўтказмоқчи

Ўзбекистондаги шоу-бизнес жараёнларини ўзига хос тартибда ёритиб борадиган сайёд.ўз сайтининг ёзишича, шу йилнинг 5 сентябрь соат 16-00да Тошкентда Юлдуз Усмонова фанклубининг  2 ёшга тўлганлик муносабати билан,  шоу дастури  бўлиб ўтади. Ҳозир Юлдуз Усмонованинг Тошкентда эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, у ҳам тадбирда иштирок этиши мумкин.

Яна бир сайт — шов-шув.ўз муаллифи Жасур Ҳамроевнинг ёзишича, Усмонованинг фан-клуби аъзолари фан-клуб 2 йиллиги муносабати билан барча ашаддий мухлислар йиғилишиб, Юлдуз билан учрашув ташкил этишмоқчи. Демак, қандайдир қизиқ ҳодиса содир бўлади, деб ёзади.

Жасур Ҳамроевга кўра, Юлдуз ўзи куйлагани каби “Тарих”. Уни ўзгартириб ҳам, алдаб ҳам бўлмайди. Яшайверамиз, ҳаёт саҳифаларига битилаверади. Усмонова куйлаган қўшиқларнинг биронтаси ёмон сифатини олмаган. Бу ҳақиқатни ҳеч ким инкор этолмаса керак. Ўзбек ОАВларида бир неча йиллардан бери ижоди ёритилмаётган (интернетдан ташқари) хонанда руҳан тетик. Эшикни ёпса, тешикдан, тешикни ёпса бешикдан чиқиб келяпти. Туркия ТВ ва радиосида ҳар соатда жаранг сочаётган Юлдуз ҳануз ёниб ишлаётганини эслатиб турибди. Янги қўшиқлари ва янги альбомлари эса мусиқа ихлосмандлари диққат марказида. У рейтингини қандай ушлаб туриш бобида ҳам профессионал.

Хорижнинг йирик шаҳарларидаги концерт залларида, юртимизнинг бир неча ресторанларида яккахон концертларини тақдим этаётган куйчига талаб катта.

Неваралар қуршовида қолганига қарамай, ўз ёшига нисбатан анча дуруст. Дид жойида. Соғиниш бобида эса унинг мухлислари бу туйғуни ҳар доим бир хилда туйиб келмоқда. “Истиқлол”да концерти эълон қилунгудек бўлса, турнақатордек навбат метро бекатигача чўзилиши шубҳа туғдирмайди, деб ёзади Жасур Ҳамроев.