Ўзбек театр ва кино санъати ёрқин намояндaси Зикир Муҳаммаджонов вафот этди

Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли санъаткор, ўзбек театр ва кино санъатининг ёрқин намояндаси Зикир Муҳаммаджонов 91 ёшида вафот этди.

З. Муҳаммаджонов 1921 йили Тошкент шаҳрида ишчи оиласида туғилди. 1951 йилда Тошкент давлат театр ва рассомлик санъати институтини тамомлади.

У 1943 йилда собиқ Ҳамза номидаги – ҳозирги Ўзбэк Миллий академик драма театрида актёр сифатида иш бошлаб, умрининг охирига қадар ушбу даргоҳда самарали фаолият кўрсатди. “Жалолиддин Мангуберди”, “Мирзо Улуғбек”, “Ўтмишдан эртаклар”, “Кузнинг биринчи куни”, “Макр ва муҳаббат”, “Ҳамлет”, “Ромео ва Жулетта” сингари машҳур саҳна асарларидаги бош роллар Зикир Муҳаммаджонов томонидан юксак маҳорат билан ижро этилди.

Ёрқин ва бетакрор истеъдод соҳиби иштирокида яратилган спектакллар нафақат юртимизда, балки хорижий мамлакатларда ҳам катта қизиқиш билан кутиб олиниб, томошабинлар олқишига сазовор бўлди. Ўзига хос ижодий услуб эгаси бўлган маҳоратли ва тажрибали санъаткор миллий кино санъатимиз ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшди. У кўплаб бадиий ва видео филмларда тарихий ва замонавий образларни яратди, жаҳон кино санъатининг кўплаб сара асарларини ўзбек тилига дубляж қилиб, халқимизнинг маънавий мулкига айлантиришда фаол иштирок этди.

Зикир Муҳаммаджонов вафоти муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов, Олий Мажлис Сенати Раиси Илгизар Собиров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Дилором Тошмуҳаммедова, Бош вазир Шавкат Мирзиёев, Президент Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, Бош вазир ўринбосари Адҳам Икрамов ҳамда актёр Пўлат Саидқосимов номларидан расмий таъзия билдирилди.