Green Card лотерея ўйинлари 2 октябрдан бошланади

Ҳеч кимга сир эмас, кўпчилик АҚШ давлат департаментидан томонидан эълон қилинадиган “Green Card” лотерея ўйинларини интиқлик билан кутишмоқда. АҚШ Давлат департаменти ушбу лотерея ўйинлари шу йилнинг 2 октябрида АҚШ шарқий вақти бўйича бошланиб, 2 ноябрь куни тушгача давом этишини маълум қилди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Америкада ишлаш ва доимий яшаш ҳуқуқини берувчи мазкур лотереяда собиқ Иттифоқ ҳудудидаги барча мамлакатлар фуқаролари  иштирок этиши мумкин. Лотерея қоидаларига кўра, ўйинда қатнашувчи шахснинг ҳозирги яшаш жойи муҳим аҳамиятга эга эмас, у лотереяда қатнашиш ҳуқуқига эга мамлакат фуқароси бўлмоғи керак, холос.

“Грин-карта” лотереяси (расмий номи Diversity Visa Lottery ёки DV Lottery) 1990 йилдаги Иммиграция тўғрисидаги қонун билан ўтказиб келинади. Аслида мазкур чора АҚШнинг этник, диний ва ирқий хилма-хиллигини қўллаб-қувватлашга қаратилган дастур бўлиб, мамлакат меҳнат кучларини жалб қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Гап шундаки, АҚШда бирор бир оила аъзосининг саъй-ҳаракатлари асосида иммиграция қилинган шахслар сони муттасил ўсиб, Америкада қариндошлари бўлмаганларнинг ушбу мамлакатга бориш имконияти чекланиб кетган эди. Шу боис АҚШ ҳукумати иммиграциянинг мазкур тартибини жорий қилган эди.

Лотерея ғолиблари ва уларнинг яқин қариндошлари (турмуш ўртоғи ва фарзандлари) расмий номи United States Permanent Resident Card  бўлган “грин-карта”ни олишади. Бу АҚШда қонуний яшаш ва ишлаш ҳуқуқини беради. Бундай карточкага эга шахслар орадан беш йил ўтиб, фуқароликка ҳам ҳужжат топширишлари  мумкин.

“Грин-карта” эгаси АҚШдан ташқарига ҳам бемалол чиқиши мумкин, аммо “грин-карта” мақомини сақлаб қолиш учун йилига камида 6 ой ва бир кун Америка ҳудудида бўлиши керак.

Иштирокчиларни рўйхатга олиш фақатгина интернет орқали амалга оширилади. Унда қатнашмоқчи бўлганлар www.dvlottery.state.gov сайти орқали рўйхатдан ўтишлари керак. Рўйхатдан ўтиш жараёни бепул ва ҳеч қандай учинчи шахслар томонидан амалга оширилиши шарт эмас.

Рўйхатдан ўтгач, иштирокчи индивидуал рақамини олади. Бу рақам унга онлайн режимида ўз мақомини текшириб кўриши мумкин бўлади. Ғолиб бўлганлар почта орқали махсус хабарни олишлари мумкин, ютмаганлар эса хабардор этилмайди.

Иштирокчилар “Грин-карта” лотереясида қатнашиш рухсат этилган мамлакат фуқароси бўлиши керак. У ўрта маълумотга эга бўлмоғи керак.

2012 йилгида “Грин-карта” лотереясида 14768658 нафар шахс анкетани тўғри тўлдирган бўлиб, улардан 50 минг нафари ғолиб бўлган. 2007 йилда мурожаат қилганлар сони 5,5 миллион бўлган бўлса, 2011 йилда уларнинг сони 12,1 миллион нафарни ташкил этган.

Ғолиб бўлганлар орасида 2353 нафар Россия, 5799 нафар Украина, 493 нафар Беларусь, 1238 нафар Молдова, 304 нафар Озарбойжон, 998 нафар Арманистон, 620 нафар Грузия, 49 нафар Эстония, 83 нафар Латвия, 258 нафар Литва, 434 нафар Қозоғистон, 321 нафар Қирғизистон, 270 нафар Тожикистон, 143 нафар Туркманистон ҳамда 4800 нафар Ўзбекистон фуқаролари бўлган.