Америка — Исроил: кўзга кўринган ва кўринмаган нифоқлар

 

Сурат businessinsider.com сайтидан олинди

Шу кунларда Америкада Президент сайловлари ўзининг энг қизғин палласига кирди. Ҳар иккала номзод ҳам сайловчилар фикрига салбий таъсир кўрсатадиган турли баёнотлар, хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийиб, фақат сайловчилар симпатиясига қараб, мавзуларни, муаммоларни муҳокама қилишмоқда.

АҚШнинг амалдаги президенти Барак Обама ҳокимият тепасига келгач, ўзининг тинчликпарвар сиёсати билан кўплаб америкаликларнинг назарига тушган эди. Унинг Афғонистон ва Ироқ бўйича якуний қарорни қабул қилиши ва бошқалар бунга яққол мисолдир.

Аммо кейинги пайтларда АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг яқин ҳамкори —  Исроил томонидан ўзбошимча хатти-ҳаракатларни амалга оширишга ҳаракат қилишга бўлган интилиш Обама маъмуриятининг “жиғи”га тегмоқда. Айниқса, айни сайлов кампанияси қайнаган бир пайтда Исроил томонидан Эрон ядровий объектларига ҳаводан зарба бериш ҳақидаги ахборотларнинг бот-бот такрорланиб тургани, Обамани ноқулай аҳволга солиб қўймоқда.

Le Temps газетаси мухбири Серж Дюмоннинг ёзишича, Исроил раҳбари ўзининг “катта оғаси” Америка билан алоқалари ёмонлашиб бораётганидан ҳавотирларини яшириб ўтиргани йўқ. Масалан, АҚШ Исроил билан ҳарбий машғулотларда иштирок этадиган ҳарбийлар сонини 1,5 минг нафаргача қисқартирди. Ваҳоланки, ушбу машғулотларда 5 минг нафардан ортиқ америкалар ҳарбийлар иштирок этиши кутилаётган эди.

Гарчи Пентагон расмийлари  давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларнинг қисқартирилиши билан боғлиқ бўлса-да, ЦАХАЛ бош штаби бунга кўп ҳам ишонаётгани йўқ. Уларнинг фикрича, бу сиёсий характерга эга қарордир. Америка армиясининг штаб бошлиқларининг бирлашган қўмитаси раиси Мартин Демпси эса Исроилнинг Эронга ҳаводан ҳужум қилиш ҳақидаги баёнотларига муносабат билдириб, “мен бунда иштирок этмайман”, деб қайд этган.

Барак Обама Тель-Авив сиёсатчиларидан матбуотга чиқарилаётган Исроил Эронга кузда ҳужум қилади, деган миш-мишларга асосланиб, Исроил билан ҳарбий машғулотларда Америка ҳарбийларининг иштирокини қисқартиришга уринаётган бўлиши мумкин. Обама, албатта, Вашингтондаги Исроилпараст лоббистлар қаҳрига учрашини билади, аммо у асосий куч — америкалик сайловчилардан кўпроқ ҳавотирланмоқда. Шу боис ҳам Исроилнинг хатти-ҳаракатларига совуққон ва жиддий рад жавобини беришга мажбур бўлмоқда.

Расмий Вашингтоннинг Исроил ҳукуматидан норозили яҳудий амалдорларига у даражада таъсир ўтказгани йўқ. Чунончи, Биньямин Нетаньяҳуга “Ликуд” партиясидан сайланган 28 нафар депутатдан 27 нафари очиқ хат билан мурожаат қилиб, уни қўллаб-қувватлашларини билдирган.

 Умуман, айтганда 2009 йилдан бери Барак Обама ва Беньямин Нетаньяҳу ўртасида ўзаро тушунишга эришилмагани яққол кўзга ташланади.

Сўнгги маълумотларга қараганда, АҚШ маъмурияти европалик ҳамкори орқали Исроилга ўз позициясини маълум қилган. Унга кўра, агар Исроил Эронга қарши ҳужум қиладиган бўлса, АҚШ ҳеч қанақа ёрдам кўрсатмайди.

Ўз навбатида, Эрон билан бевосита боғлиқ бўлган “Ҳезболла” ташкилоти раҳбарияти агар Исроил Эронга ҳужум қиладиган бўлса, ташкилот АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий базаларига ҳужум қилиши билан огоҳлантирган.

Шуни хулоса қилиш мумкин, Эронга қарши қўлланиладиган ҳар қандай хатти-ҳаракат Яқин Шарқ минтақасидаги вазиятни бутунлай издан чиқариб, террор ва тартибсизликларнинг яна кўп муддат сақланиб қолишига, пировардида, оддий одамлар жабр кўришига сабаб бўлади.