Ўзбекистон Жанубий Корея билан дуранг ўйнади

Сурат sport-express.ru сайтидан олинди. Ўйин қаҳрамонларидан бири Санжар Турсунов

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жанубий Кореяга қарши Тошкентда ўтказилган кетма-кет иккинчи ўйинда ҳам, ҳисобни биринчи очганига қарамай, якунда дуранг натижа қайд этди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов деярли Кувайтга қарши майдонга тушган таркибни Жанубий Кореяга қарши қўйди. Фақат чап қанот ярим ҳимоясида Вагиз Галиулин ўрнига «Бунёдкор» ярим ҳимоячиси Жасур Ҳасанов ҳаракат қилган бўлса, ягона ҳужумчи ўрнида Улуғбек Бақоев ўйнади (Кувайтга қарши баҳсда асосий таркибда Александр Гейнрих майдонга тушганди).

Жанубий Корея терма жамоаси таркибида илк дақиқалардан Швейцариянинг «Базель» клуби ҳимоячиси Парк Чжу Хо, Уэльснинг «Кардифф» жамоаси ярим ҳимоячиси Ким Бо Кьюн, Англиянинг «Болтон» жамоаси ярим ҳимоячиси Ли Чжунг Йонг, Уэльснинг «Суонси» клуби клуби футболчиси Ки Сунг Юенг каби футболчилар ҳаракат қилишди. Жанубий Корея терма жамоаси бош мураббийи Чой Канг Хи терманинг асосий юлдузларидан бири – Парк Чжу Йонгни захирада олиб қолиб, Игнатий Нестеров дарвозасига гол уриш бўйича рекордчи футболчилардан бири –ҳужумчи Ли Донг Гукка ишонч билдирди.

Ўзбекистон миллий терма жамоасида биринчи бўлим давомида икки марта жуда қулай имконият юзага келди. 21-дақиқада Шоҳруҳ Гадоев томонидан бошланган ҳужумни Фозил Мусаев ҳамда Темур Кападзе давом эттириб, қанотда очилган Жасур Ҳасановни тўп билан таъминлашди. «Бунёдкор» ярим ҳимоячиси алдамчи ҳаракатлар билан жанубий кореялик ҳимоячини ортда қолдириб, жарима майдончаси марказида очиқ қолдирилган Санжар Турсуновга тўпни етказиб берди. «Алания» футболчиси корейсларнинг икки футболчисини доғда қолдиргани ва дарвоза томон жуда кучли зарба берганига қарамай, Жунг Сунг Рёнгни алдай билмади.

Бунгача эса 13-дақиқада, Шоҳруҳ Гадоевнинг диагонал бўйича узатмасидан сўнг рақиб ҳимоячисидан ўзиб кетган Улуғбек Бақоев тўпни рақиб дарвозабони устидан тушуриб қўйганидан сўнг юзага келганди. Бахтга қарши, бу вазиятда Бақоевнинг зарбаси нисбатан кучсиз чиқди, ўз навбатида кореялик ҳимоячи ҳам ўз дарвозасини голдан сақлаб қолишга улгурди. Айнан шу вазиятдан сўнг белгиланган бурчак зарбаси эса Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ҳисобни очишига асос бўлди. Бу вазиятда Сервер Жепаровнинг қанотдан узатган тўпидан сўнг Жанубий Корея терма жамоаси аъзоси Ки Сунг Юенг ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди.

Миржалол Қосимов шогирдлари тайм охирига қадар ҳисобда олдинда боришга муваффақ бўлдилар. Бироқ биринчи бўлим якунланиши арафасида Чой Канг Хи қўл остидаги жамоа, стандарт вазиятдан сўнг ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. Анзур Исмоиловнинг қўполлиги учун белгиланган жарима зарбасидан сўнг, Игнатий Нестеровнинг тўпга чиқишда йўл қўйган хатосидан унумли фойдаланган корейслар сардори – Квак Тае Хви бош билан берган зарба орқали гол урди. Биринчи бўлимнинг сўнгги сонияларида, мезбон ҳимоячиларнинг довдираб қолган корейслар ҳисобда олдинга чиқиб олишлари ҳам мумкин эди, бироқ омад ўзбекистонликларга кулиб боқди.

Шунга қарамай, корейслар иккинчи бўлимда барибир ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Учрашувнинг 57-дақиқасида Жанубий Кореянинг узоқ ва чиройли ташкил этилган ҳужумини Ли Донг Гук Нестеров дарвозасига гол уриш билан якунлади. Бу вазиятда марказда пайдо бўлган чап қанот ҳимоячиси Шоҳруҳ Гадоев тўпга чиқишда кеч қолганди. Қайд этиш жоиз, бу «Чонбук Моторс» ҳужумчисининг фаолияти давомида Игнатий Нестеров дарвозасига урган тўртинчи голи бўлди.

Бироқ жавоб голи ўзини кўп куттириб қўйди. 60-дақиқада кетма-кет икки марта бурчак зарбасини амалга оширган ўзбекистонлик футболчилар, биринчи бўлимда Жунг Сунг Рёнг дарвозасига урилган голни деярли такрорлашди. Бу сафар тўп Сервер Жепаровнинг тўп узатишидан сўнг Санжар Турсунов бош билан дарвозани нишонга олди.

Ўйиннинг қолган дақиқаларида ҳар иккала томонда ҳам бир қатор имкониятлар бўлди. Жумладан, ўйиннинг сўнгги дақиқаларида Темур Кападзеда Ўзбекистонга ғалаба келтириши мумкин бўлган голни уриш имконияти пайдо бўлганди. Бироқ у Сервер Жепаров ривожлантирган ва Санжар Турсуновнинг тўп узатишидан кейин пайдо бўлган қулай вазиятдан унумли фойдалана олмади.

Шундай қилиб, Ўзбекистон ҳамда Жанубий Корея терма жамоалари ўртасидаги навбатдаги баҳс 2:2 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунланди. Ушбу натижадан сўнг Жанубий Корея терма жамоасининг очколари сони 7тага етиб, «А» саралаш гуруҳидаги пешқадамлигини янада мустаҳкамлаган бўлса, Ўзбекистон терма жамоаси очколари иккитага етди.

Гуруҳнинг бошқа учрашувида Ливан терма жамоаси ўз майдонида Эрон термасини 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ушбу ғалабадан сўнг Ливан 4-ўринга кўтарилиб олган бўлса, Эрон ҳамон 2-ўринда. 4-турда дам олган Қатар терма жамоаси ҳисобида ҳам 4очко бор. 5-турда Қатар ўз майдонида Ўзбекистонни қабул қилса, Эрон Теҳронда Жанубий Корея билан ўйнайди.

ЎЗБЕКИСТОН – ЖАНУБИЙ КОРЕЯ 2:2 (1:1)
ГОЛЛАР: Ки Сунг Юенг (12, автогол), Санжар Турсунов (59) –Квак Тае Хви (43), Ли Донг Гук (57).
ОГОҲЛАНТИРИШЛАР: Анзур Исмоилов (40), Артём Филипосян (81).
ЎЗБЕКИСТОН: 12. Игнатий Нестеров, 4. Артём Филипосян, 2. Анзур Исмоилов, 19. Акмал Шораҳмедов, 22. Шоҳруҳ Гадоев, 6. Жасур О. Ҳасанов (23. Вагиз Галиулин, 82), 18. Темур Кападзе, 8. Сервер Жепаров (с), 9. Фозил Мусаев, 17. Санжар Турсунов, 10. Улуғбек Бақоев (15. Александр Гейнрих, 65).
ЖАНУБИЙ КОРЕЯ: 1. Жунг Сунг Рёнг, 2. Парк Чжу Хо, 5. Квак Тае Хви (с), 6. Ха Дае Сун (8. Юн Бит Гарам, 84), 7. Ким Бо Кьюн, 9. Ли Чунг Йон (18. Ким Шин Вук, 55), 11. Ли Кьюн Хо (10. Парк Чу Йонг, 72), 14. Ли Чжун Су, 15. Го Йохан, Ки Сун Юн, 20. Ли Донг Гук.
ҲАКАМЛАР: Бенжамин Жон Уильямс, Мэттью Крим, Ҳоқон Аназ, Кристофер Бизз (барчаси – Австралиядан).
НАЗОРАТЧИ: Шамсул Майдин (Сингапур).
КОМИССАР: Ту Силианг (Хитой).
11 СЕНТЯБРЬ, 2012 йил. Тошкент. «Пахтакор» стадиони.

the-uff.com