Месси, Роналду ва Бекхэм «Бунёдкор» стадионининг очилишида меҳмон бўлиши мумкин

 

UzA/Gazeta.uz

Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби учун янги қуриб битказилган стадиони очилиши маросимида мартабали меҳмонларнинг келиши кутилмоқда.

Норасмий маълумотларга қараганда, очилиш маросимига жаҳоннинг бугунги кундаги икки юлдузи Лионел Месси ва Криштиану Роналду, шунингдек яна бир яқин ўтмишнинг юлдузи Дэвид Бекхэмнинг ташрифи кутилмоқда, деб ёзади stadion.uz сайти.

Биз ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида стадион мутасаддилари билан алоқага чиққанимизда улар бу борада аниқ маълумот бермаслигини, бу маълумот тасдиқланмаганини таъкидлашди.

Баъзи манбаларга қараганда, стадионнинг очилиши учун ташкил қилинадиган шоу-учрашувида «Барселона» ва «Реал» жамоалари ўзига хос «Эль-классико»ни ташкил қилиб беришлари борасида гап-сўзлар тарқалди. Бироқ бу маълумотни ташкилотчилар миш-мишдан бошқа нарса эмас деб баҳолашмоқда.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ стадионнинг очилиш маросимидаги тадбирга Шакира ва Бейонсларнинг келиши мумкинлиги борасида хабарлар тарқалганди.

Қайд этиб ўтиш жоиз, «Бунёдкор» стадионинг очилиш маросими ва ўзбек футболининг 100 йиллик тантаналари бир кунда шу йилнинг 28 сентябрь куни бўлиб ўтиши кутилмоқда. Стадионга ташриф буюрадиган журналистларни Тошкент шаҳар ҳокимияти рўйхатдан ўтказмоқда.

Манба: stadion.uz