Истиқлол солномаси. Мустақиллик йилларида яратилган энг яхши 21 та фильм

Мустақиллик 21 йиллиги арафасида ўтган даврга назар ташлаш, эришилган натижаларни сарҳисоб қилиш, йўл қўйилган хато ва камчиликларни таҳлил қилиш одати мавжуд. Зотан, Абдулла Қодирий айтганидек, мозийга қараб иш тутмоқлик хайрлидир. Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида кино санъати ҳам ютуқларни қўлга киритди. Қуйидаги Истиқлол йилларида яратилган 21 та ўзбек фильми рўйхати берилмоқда. Сиз ҳам шундай фикрдамисиз?

    

1. “Абдуллажон” – 1991 йил. Сценарий муаллифлари: Рихсивой Муҳаммаджонов, Зулфиқор Мусоқов. Биринчи ўзбек фантастик фильми.

 Ролларда: Ражаб Адашев, Тўти Юсупова, Тўйчи Орипов, Жавлон Ҳамроев. Ўзга сайёрадан учиб келган болакайни ўзбекона меҳр билан суйиб унга Абдуллажон деб исм қўйишади. Пародия элементлари қўшилган ушбу фантастик комедия, Мустақиллик даври киносининг энг яхши комедияларидан бири дея эътироф этилди.

 2. “Тангалик болалар” – 1992 йил. Сценарий муаллифи: Рихсивой Муҳаммаджонов. Режиссёр: Темурмалик Юнусов.

 Ролларда: Достон Убайдуллаев, Ширин Азизова, Муҳаммаджон Раҳимов.

 Фильм қаҳрамонлари қишлоқдан шаҳарга ўз ташвишлари билан келган ўсмир болакайлар ҳақида. Улардан бири шоир бўлмоқчи, бири эса онасини қидириб келган. Қишлоқ болакайларининг шаҳардаги қувноқ саргузаштлари фильм сюжетининг асосини ташкил этади. “Тангалик болалар” фильмидаги қўшиқлар бугунги кунда ретро тароналарга айланди.

 3. “Юлдузингни бер, осмон” – 1995 йил. Сценарий муаллифи Валерий Гусев, Аъло Хўжаев. Режиссёр: Фарид Давлетшин.

 Ролларда: Дилором Эгамбердиева, Фурқат Файзиев, Карим Мирҳодиев, Гавҳар Зокирова.

 Овозини йўқотган аёл хонанданинг руҳий кечинмалари, изтироб ва дардлари ҳақидаги мусиқавий фильм.

 4. “Атроф оппоқ қорга бурканган” 1996 йил. Сценарий муаллифи: А.Аббосов. режиссёр: Қамара Камолова.

 Ролларда: Раъно Шодиева, Сайдулла Молдахонов, Жавлон Ҳамроев.

 Ўсмир қизнинг илк муҳаббати фильм ғоясининг асосини ташкил қилади. Психологик драма жанридаги мазкур фильмда истеъдодли актриса Раъно Шодиева дебют ролини ижро этган. Айнан шу роли учун 13 ёшли Раъно Шодиева XII Осиё, Африка ва Лотин Америкаси Тошкент Халқаро кинофестивалида “Энг яхши дебют” номинацияси ғолиби бўлган.

 5. “Буюк Амир Темур” – 1996 йил. Икки қисмли тарихий фильм. Сценарий муаллифлари А.Орипов, Б.Аҳмедов, Б.Содиқов. Режиссёрлар Исамат Эргашев, Бақо Содиқов. Оператор: Рифқат Ибрагимов. Ролларда: Беҳзод Муҳаммадкаримов, Бахтиёр Зокиров, Ато Муҳаммаджонов, Марям Фарҳодий.

 Соҳибқирон Амир Темурнинг ёшлик даври ҳақида ҳикоя қилувчи тарихий фильм. “Буюк Амир Темур” фильмининг тасвирий ечими учун оператор Рифқат Ибрагимов XII Осиё, Африка ва Лотин Америкаси Тошкент Халқаро кинофестивалида “Энг яхши операторлик иши” номинацияси ғолиби бўлган.

 6. “Ўтган кунлар” – 1996 йил. 2 қисмли тарихий драма. Сценарий муаллифи ва режиссёр Мелис Абзалов.

 Ролларда: Беҳзод Муҳаммадкаримов, Лола Элтоева, Шаҳризода Дилмурод қизи, Ўлмас Алихўжаев, Гулчеҳра Жамилова, Сайрам Исаева.

 Буюк ўзбек адиби Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи асосида суратга олинган. Бу ўзбек киноси тарихида машҳур романнинг иккинчи киноталқинидир.

7. “Кичкина табиб” 1998 йил. Сценарий муаллифи ва режиссёр: Зулфиқор Мусоқов.

Ролларда: Дилшодбек Каттабеков, Мурод Ражабов, Карим Мирҳодиев, Фотима Режаметова, Саида Мансурхўжаева.

Кичкина болакай ноёб даволаш қобилиятига эга. Ноёб қобилияти воситасида бедаво касалларни ҳам даволайди. Болаларча беғуборлиги билан одамлар қалбига йўл топади.

8. “Воиз” – 1998 йил. Сценарий муаллифи ва режиссёр Юсуф Розиқов.

Ролларда: Баҳодир Одилов, Лола Элтоева, Нигора Раҳмонова, Асал Алихўжаева, Жавоҳир Зокиров.

“Воиз” фильмида 1917-1937 йил воқеалари бугунги кун нуқтаи назаридан таҳлил этилган. Оддий аравакашнинг кучли воиз даражасига етиш жараёни акс эттирилган. Фильм қаҳрамони тақдирида суронли давр манзаралари акс этади. Шўролар тузуми туфайли инсонлик бахтидан айрилган аравакаш қисмати ўз ифодасини топган. “Воиз” фильми “Киношок” Халқаро кинофестивалида соврин билан тақдирланди.

9. “Алпомиш” – 2000 йил. Тарихий фильм. Сценарий муаллифи: Усмон Азим. Режиссёр: Ҳабибулла Файзиев.

Ролларда: Азамат Қаландаров, Дилдора Тўраева, Афзал Рафиқов, Нозим Тўлахўжаев. Халқимизнинг буюк маданий дурдонаси “Алпомиш” достони асосида суратга олинган.

10. “Дилхирож”  — 2002 йил. Сценарий муаллифи ва режиссёр: Юсуф Розиқов.

Ролларда: Севинч Мўминова, Алишер Ҳамроев, Тўти Юсупова.

Тоштемир ва Санамни болаликданоқ “келин-куёв” дейишарди. Улар бир-бирининг кўз ўнгида ўсиб улғайишди. Шаддод қиз Санам ўз жозибаси билан Тоштемирнинг бутун фикру хаёлини ўғирлаганди. Йигит Санамни деб қишлоқнинг энг зўр полвони билан тунга қадар олишади ва охир оқибат уни енгади. Лекин бу икки ёшнинг тақдирида жуда кўп ҳаётий синовлар турганди. “Дилхирож” фильмининг миллий колоритга бой лавҳалари, ҳаётий сюжети, оригинал тасвирий ечими эътирофга лойиқ.

11. “Осмондаги болалар” – 2002 йил. Сценарий муаллифлари: Зулфиқор Мусоқов, Рихсивой Муҳаммаджонов. Режиссёр: Зулфиқор Мусоқов.

Ролларда: Темур Мусоқов, Музаффар Саъдуллаев, Азиз Султонов, Нозим Тўлахўжаев, Ҳожиакбар Нурматов.

“Осмондаги болалар” фильми ўсмир болаларнинг турмуш ташвишларидан йироқ шўхликлари, илк муҳаббат туғёнлари ҳақида. Замонавий ёшлар ҳақида ҳикоя қилувчи таъсирчан, романтик, ҳаётий киноасар. Мазкур фильм бир неча ой давомида катта экранларда муваффақият билан намойиш этилди.

12. “Орзу ортида” — 2004 йил. Сценарий муаллифи ва режиссёр: Ёлқин Тўйчиев.

Ролларда: Зулхумор Мўминова, Шафоат Раҳматуллаева, Нигора Каримбоева.

Фильмнинг бош қаҳрамони Илҳом исмли ўсмир бола ўзи кўриб, гувоҳи бўлаётган воқеалардан мустақил равишда хулоса чиқаришга уринади. Ҳаётда илк мағлубиятни бошидан кечирган ушбу болакай, оиладаги ягона таянч нуқтаси бу орият эканлигини англаб етади.

13. “Йўл бўлсин” – 2005 йил. Сценарий муаллифи: Шомирза Турдимов. Режиссёр: Қамара Камалова.

Ролларда: Зарина Низомиддинова, Азиз Раметов, Муҳаммадисо Абдулхаиров, Саида Раметова.

Дунёнинг ўзи каби қадимий — муҳаббат қиссаси. Балоғат остонасида турган икки ёшнинг нозик ҳиссиётлари жиддий ҳаётий зарбаларга дуч келади… “Йўл бўлсин” бадиий савияси юксак киноасар. Қаҳрамонларнинг бахт ва муҳаббат учун курашлари ўзбек фольклори дурдоналари, мусиқа, ўзига хос тасвирий услублар уйғунлаштирилиб ифода этилган. “Йўл бўлсин” фильми 2007 йилда Давлат мукофотига сазовор бўлди.

14. “Соғинч соҳили” – 2007 йил. Сценарий муаллифи ва режиссёр Собир Назармуҳаммедов.

Ролларда: Улуғбек Музаффаров, Эркин Комилов, Илмира Раҳимжонова.

Фильм қаҳрамонлари – кўнгли ярим инсонлар. Дардга чалинган инсонларнинг қалбига, ички дунёсига кириб борган муаллиф томошабинни ҳамдардликка, меҳр-оқибатга ундайди.

15. “Чашма” — 2007 йил. Сценарий муаллифи ва режиссёр: Ёлқин Тўйчиев. “Чашма” – замондошларимизнинг психологик портретини ифода этувчи фильм. Ҳар бир инсоннинг бахти ва армони, қувончи дарди бор. Фильмнинг бош қаҳрамони чашма сувида бутун ғуборларидан халос бўлади, қалбини, руҳиятини поклайди. “Чашма” кўплаб Халқаро кинофестивалларда соврин билан тақдирланган. XXIII Халқаро Москва кинофестивалининг «Перспектива» конкурсида «Энг яхши режиссёр» номинацияси ғолиби бўлган.

16. “Ватан” – 2007 йил. Сценарий муаллифи ва режиссёр: Зулфиқор Мусоқов.

Ролларда: Абдуманнон Убайдуллаев, Музаффар Саъдуллаев, Раъно Шодиева, Бобур Йўлдошев, Отабек Мусаев.

Тақдир тақозоси билан олтмиш йилдан буён Нью-Йоркда истиқомат қилувчи Қурбон ота топталган муҳаббати учун собиқ дўсти Ҳамиддан қасос олиш ниятида она Ватани Ўзбекистонга қайтиб келади. Ватанга муҳаббат туйғуси фильмнинг асосий ғоясидир.

17. “Сув ёқалаб” — 2009 йил. Режиссёр: Жаҳонгир Қосимов. “Сув ёқалаб” фильми АҚШда бўлиб ўтган Евро-Осиё кинофестивалида намойиш этилиб, бош қаҳрамон образини яратган Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов фестивалнинг “Энг яхши актёр” совринига сазовор бўлди. Фильм бир неча Халқаро кинофестиваллар совриндори.

Ролларда: Эркин Комилов, Сайёра Юнусова, Тоҳир Саидов, Зулхумор Мўминова.

18. “Илова” – 2009 йил. Сценарий муаллифи ва режиссёр: Ёлқин Тўйчиев.

Ролларда: Нозим Тўлахўжаев, Мирмақсуд Охунов, Азиза Бегматова.

“Илова” фильми нуфузли Халқаро кинофестиваллар совриндори. “Олтин гепард” Биринчи Тошкент халқаро кинофорумида ”Илова” фильмининг бош роль ижрочиси Нозим Тўлахўжаев “Энг яхши эркак роли” номинацияси ғолиби бўлди.

19. “Сўнгги лаҳза” — 2009 йил. Сценарий муаллифи ва режиссёр: Акбар Бектурдиев. Ролларда: Алишер Узоқов, Гулчеҳра Эшонқулова, Эркин Комилов.

Фильм ҳаётнинг ҳар бир лаҳзаси қадрига етиш ҳақида.

20. “Кечиккан ҳаёт” – 2010 йил. Сценарий муаллифи: Ёлқин Тўйчиев. Режиссёр: Аюб Шаҳобиддинов.

Ролларда: Дилноза Кубаева, Бобур Йўлдошев, Рихси Иброҳимова.

Кечиккан туйғулар, муносабатлар, лекин ҳаёт синовларига бардош бера билиш керак…

21. “Қўрғошин” — 2011 йил. Сценарий муаллифи ва режиссёр: Зулфиқор Мусоқов.

Ролларда: Темур Мусоқов, Отабек Мусаев, Бобур Йўлдошев.

Ўтган асрнинг 50-йилларида ўзбек халқи бошидан кечирган қатағон фожеалари фильм қахрамонлари тақдири мисолида очиб берилади. “Қўрғошин” фильми Фонд Форум ташаббуси билан ўтказилган “Олтин гепард” Биринчи Тошкент Халқаро кинофорумининг бош соврини —“Энг яхши фильм” номинацияси ғолиби бўлди.

Мустақиллик даврида суратга олинган яна ўнлаб фильмларимиз бор. Зеро, мустақиллик туфайли киноижодкорларимизга берилган имконият ва шарт-шароитлар натижасида бадиий жиҳатдан пухта, профессионал даражадаги фильмлар суратга олинди. Ўзбек киноси дунё миқёсига чиқди. Нуфузли халқаро киноанжуманларда эътироф этилди. Рўйхатдан ўрин олган 21 та фильм эса ҳақиқий маънода томошабинларнинг меҳрини қозонди.

 

Феруза НОДИРОВА тайёрлади.

“Даракчи” газетаси.