Фильм АҚШ элчисининг ўлимига сабаб бўлди

Кристофер Стивенс

АҚШнинг Бенгазидаги консулхонасига уюштирилган ҳужумларда тўрт нафар АҚШ дипломати, шу жумладан, Американинг ушбу мамлакатдаги элчиси Кристофер Стивенс ҳалок бўлган. Бу ҳақда “Ал-Арабия” телеканали хабар тарқатган.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, шу йилнинг 11 сентябрь куни интернетда “Исломнинг айбсизлиги” деб номланган фильмининг тарқалиши бутун дунёда мусулмонларнинг кескин норозилигига сабаб бўлди. Ҳаваскор-кинорежиссёр томонидан суратга олинган ушбу фильмда мусулмонлар ва ислом динига нисбатан салбий қарашлар ўз аксини топган.

АҚШга қарши бундай норозилик чиқишлари, шунингдек, Миср пойтахтида Қоҳирада ҳам бўлиб ўтди. Чунончи, улар АҚШ байроғини йиртиб, ўрнига “Ал-Қоида” томонидан ишлатиладиган байроқни осиб қўйишган.

“Associated Press”нинг ёзишича, асли келиб чиқиши яҳудий бўлган мазкур фильм муаллифи Сэм Бэйсел Ливияда америкаликлар ҳалок бўлгани учун ўз ҳамдардлигини билдирган бўлса-да, бунга ўзини зиғирча ҳам айбдор ҳисобламаслигини, балки консулхонанинг заиф ҳимояланишини сабаб қилиб кўрсатган.

Унинг айтишича, ушбу фильмни суратга олиш учун юздан ортиқ яҳудий жамоаси вакиллари хайрия тариқасида маблағ ажратган. У бу билан Яқин Шарқдаги исломни “асил қиёфаси”ни очмоқчи бўлган.

Дипломатларнинг ҳалок бўлганини кўплаб мамлакатлар таассуф билан тилга олмоқда. Хусусан, Ливия раҳбарияти АҚШдан расман ушбу ҳодиса учун кечирим сўраган.