Ўзбекистонликлар мустақиллик байрамини твиттерда жаҳон трендига чиқаришди

Твиттер фойдаланувчиси Улуғбек Усманов томонидан олинган скриншот.

“Ватандош” дунёдаги машҳур социал тармоқлардан бири — Твиттернинг ўзбекистонлик фойдаланувчилари Мустақиллик байрамининг 21 йиллиги муносабати билан акция ўтказишни ният қилишаётгани ҳақида хабар берган эди. Твиттернинг ўзбекистонлик фойдаланувчилари  #UZB21 сўзини хэштег қилиб, дунё бўйлаб трендга чиқариш мақсадида, улар 31 август куни Тошкент вақти билан соат 14-00дан социал тармоқда ёзилган твитга   #UZB21 сўзини хэштег қилиб, қўшиб ёзишди. Аммо кейинчалик бу умумий тайёргарлик эканлиги ўзбекистонлик твиттерчилар томонидан қайд этилиб, асосий тадбир вақти 1 сентябрь соат 14-00га белгиланди.

Ватандошларимизнинг саъй-ҳаракатлари бежиз кетмади. Ўзбекистонлик твиттерчилар шиддат билан   #UZB21 сўзини хэштег қилиб ишлатиши натижасида 14-20ларга бориб, у твиттернинг жаҳон трендида учинчи ўринга кўтарилди. Бундан, айниқса, акция ташкилотчилари жуда хурсанд бўлишди ва қувончларини яшириб ўтиришмади.

Расулблек Раҳимов, твиттер фойдаланувчиси: “Менимча, шу кунгача ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилар орасида бу даражада кенг кўламли бирдамлик кузатилмаган эди. Фахраланаман! #Uzb21 RT”

Темур Камалов, твиттер фойдаланувчиси: Офарин, барчага офарин! Биз буни уддаладик!!! #Uzb21 БРАВО Твиттер, мен сизларни яхши кўраман!

Азамат Муродов: твиттер фойдаланувчиси: Ҳали ҳеч қачон интернетнинг ўзида биз каби бирлашиш бўлмаганди. Ҳаммаси учун раҳмат, ЎзТвипл! Мен сизлар билан фахрланаман! #uzb21. Бугунги трендчилар сиз юлдузларсиз! Раҳмат ЎзТвипл!!! #uzb21

Хэштег — твиттерда маълум бир мавзудаги твитларнинг йиғиб, энг кўп муҳокама қилинаётган ёки ёзилаётган мавзу рўйхатини кўрсатиб туради. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ўзбекистонлик твиттерчилар ўтган йили ҳам худди шундай акцияга қўл уришиб, гарчи жаҳон трендига чиқа олишмаган бўлса-да, русийзабон твиттерда трендга чиққанлиги айтилади.

Твиттерчиларнинг мазкур акциясига Ўзбекистонда gazeta.uz ва afisha.uz, vatandosh.uz, kun.uz ахборот сайтлари қўшилиб, кенг жамоатчиликни мазкур тадбирга чорлаган эди.

Твиттер — қисқа хабар алмашинувига асосланган социал тармоқ бўлиб, бугунги кунда унинг 500 миллион нафардан ортиқ фаол аъзолари бор.   Ушбу тармоқда фақат 140 та белгидан ошмаган хабарларни жўнатиш мумкин.