Ингушетияда ўзбекистонлик ҳалок бўлди

Сурат http://www.express-novosti.ru сайтидан олинди

Россия Федерациясининг Ингушетия Республикаси Назран туманидаги қишлоқлардан бирида вақтинча ушбу мамлакатда бўлган ўзбекистонликлар ўртасида жанжал келиб чиққан. Ингушетия ИИВ расмий сайти тарқатган хабарда келтирилишича, кеча кечқурун шаҳар касалхонасига 26 яшар ҳамюртимиз  Рустам Алимардановнинг жасади олиб борилган.

ИИВ маълумотларига кўра, вақтинчи ушбу ҳудудда истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар ўртасида жанжал келиб чиққан ва натижада оғир тан жароҳати олган бир киши вафот этган.

Мазкур жиноятни содир этганликда айбланиб, 13 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинган. Полиция маълумотларига қараганда, улардан бири, яъни 22 яшар Ойбек Зиёев айнан марҳумга оғир тан жароҳати етказганликда айбланмоқда. Ҳозирги кунда мазкур ҳолат юзасидан тезкор суриштирув ишлари олиб борилмоқда.