“Ватандош” ношири BBC Ўзбек хизматининг меҳмони бўлади

Америка Қўшма Штатларида бир ярим йилдан буён нашр этилаётган биринчи ўзбекча газета – “Vatandosh” ношири Фарҳод Султон дунё машҳур BBC корпорациясининг Ўзбек хизмати ўқувчилари саволига жавоб беради.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки,  “Vatandosh” газетаси тил, миллат ва Ватан тақдирига бефарқ бўлмаган АҚШдаги бир неча зиёли ўзбек ёшлари ташаббуси билан 2011 йил бошида ташкил этилди.  Биз, дарҳақиқат, ушбу нашр хорижда ўз тили, миллати ва динини унутиб бораётган ўзбекистонликлар учун ватанга боғлиқликларини таъминловчи, тил ва миллий урф-одатларни ўрганишда ёрдамчи ҳамда ташна кўнгилларга маънавий озуқа бўлади, деб умид қиламиз.

Газета ҳозирда Нью-Йорк шаҳрида яшаётган ўзбекларга ойига бир марта 5000 нусхада тарқатилмоқда. У айни номдаги веб саҳифага бир йил ичида дунёнинг 40 дан зиёд мамлакатидан 300 мингдан зиёд ўқувчи кирганини айтади.

Асли ноширликдан йироқ одам учун газета нашр қилиш қанчалик осон иш, ижодкорлар билан қандай ҳамкорлик қилинади, шунингдек, ўқувчиларни қизиқтирган бошқа саволларга жавоб берилади.

Ҳурматли ватандошлар! Агар сизда ҳам “Ватандош” бўйича савол бўлса, BBCUzbek хизматининг сайти ёки uzbek@bbc.co.uk электрон почтаси орқали ўз саволларинингизни йўллашингиз мумкин.