Ўзбекистон ҳудудидаги халқларнинг қадимий эътиқоди

Инсон яралибдики, оддий, содда кўринишда бўлсада ўз эътиқодига эга. Қадимдан бугунги кундаги тараққиёт даражасига етишиш учун одамлар яшаш учун қийинчиликларни енгиб ўтишлари заминида ўзлари билмаган ҳолда эътиқодга эга бўла бошлаганлар. Кейинчалик эса улар мураккаблашиб, аниқ механизмга айлана бошлаган. Биз худди шундай ўзбек халқининг қадимий эътиқодларидан зардуштийлик ҳақида, уни шаклланишига сабаб бўлган илк омиллар ва уларнинг бугунги кунда ҳам ҳаётимизда, урф-одатларимизда, эътиқодимизда учрайдиган излари ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Зардуштийлик анъанаси Яқин Шарқ эътиқодларини сингдириб, ўлкамизда ўзига хос эътиқод яратди. Илмий адабиётларда зардуштийлик дини мил.авв. VII аср ўрталари билан кўрсатилади. Бироқ, кейинги йилларда олиб борилаётган археологик изланишларда Қадимги Бақтрия (ҳозирги Жанубий Ўзбекистон, Жанубий-ғарбий Тожикистон ва Шимолий Афғонистон) ҳудуди бронза даври ёдгорликларида зардуштийликнинг асосий белгиларини моддий маданиятда намоён бўлишини кўриш мумкин.

Аслида зардуштийлик эътиқоди оташпарастлик негизи асосида вужудга келиб Зардушт ушбу динни ислоҳ қилиб, уни мукаммаллаштиради. Қатъий амал қилиш лозим бўлган қонунлар мажмуи “Авесто” яратилади.

Бевосита зардуштийликнинг моддий маданиятда излари учрашини аниқ далиллар асосида кўриб ўтамиз. Бизга маълумки, зардуштийлик эътиқодида табиатнинг тўрт унсури олов, ер, сув, ҳаво муқаддас ҳисобланган. Қаердаки бу тўрт унсурнинг мавжудлиги, ушбу ҳудудда зардуштийликнинг излари бўлганлигига ишорадир. Бу белгилар эса Жанубий Ўзбекистон, яъни Сурхондарё вилояти ҳудудида ўрганилаётган бронза даври деҳқон жамоаларининг жаҳон тарих илмига “Жарқўтон” номи остида кирган ёдгорликда кузатилмоқда. Буларни қуйидагиларда кўриш мумкин.

Оловнинг муқаддаслиги. Жарқўтон ёдгорлигида махсус ибодатхона барпо этилган бўлиб, унда оловга сиғиниш билан боғлиқ амаллар бажарилган. Ибодатхонанинг энг баланд қисмида бош оташкада майдони очилган;

Ернинг муқаддаслиги. Ибодатхонанинг кириш қисми йўлакчасига тош териб чиқилганки, бу кўчадан ибодатхонага кирган одамларнинг оёғи муқаддас ҳисобланган ерни ифлос қилмаслик учун қўлланилган чорадир;

Сувнинг муқаддаслиги. Ушбу ибодатхонанинг кириш қисми йўлагининг ўнг томонида махсус сув сақлаш учун қудуқлар ўрнатилган. Бу ибодатхонага келган одам сув билан покланиб кириши учун мўлжалланган;

Ҳавонинг муқаддаслиги. Ушбу ёдгорликда аҳоли манзилларидан четроқда махсус қабристонлар вужудга келган. Ушбу қабристоннинг пайдо бўлиши айнан ибодатхона билан бир даврга тўғри келади. Унгача одамлар оламдан ўтган яқинларини яшаб турган уйларининг остига дафн этганлар. Бундан кўриниб турибдики, яшаш манзилларида ва ибодатхона ҳудудида ҳавонинг софлигини, тозалигини сақлашга эътибор берилган. Демак, зардуштийлик эътиқоди пайдо бўла бошлаган давр мил.авв. II минг йилликнинг иккинчи ярми, яъни бронза даври билан белгилаш ҳақиқатга яқинроқдир. Қолаверса, ингилиз авестошунос олимаси Мери Бойс ҳам зардуштийлик ғоялар вужудга келган вақтни шу давр билан белгилайди.

Зардуштийлик эътиқодининг асосий ғояси эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги курашдир. Бу курашнинг охири эзгуликнинг ғалабаси билан якунланади. Бу эътиқоднинг эзгу ғоялари асрлар оша шу бугунги кунимизгача етиб келиб, эътиқодимизга сингиб кетган.

Диний эътиқодни барпо этиш ва унинг мавқеини рисоладагидай ушлаб туриш учун зарури ва асосий муҳитлардан бири диний маросим бўлиб, унинг жараёни асосий ғояни ифодалашга қаратилган бўлади. Мазкур эътиқод давлат мақомига эришгач, диний маросим умумхалқ даражасига кўтарилади ва асрлар оша ҳам инсонлар онггида сақланиб қолади. Диний маросимнинг асосий таркибини ташкил этувчи дафн маросимидир. Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, юқорида эътибор қаратилган давр аждодларимизнинг дафн маросимларидаги қабр тузилиши айвонли-лаҳат шаклида бўлиб, бу анъана бугугнги кун дафн маросимларимиз учун ҳам хос бўлган усулдир. Буни қарангки, халқимизнинг бундан уч ярим минг йил аввал яшаб ўтган аждодлари томонидан бошланган ушбу қабр тузилиши бугунги кунимизгача етиб келса. Қайси давр, қайси аср бўлишидан қатъий назар, ўз аждодларининг анъанасини сақлаб, кейинги авлодларга етказиш учун инсонда кучли қатъият ва эътиқод бўлиши зарур.

Миллий байрамларимиз таркибидан асосий ўринни эгаллаган Наврўз байрами ҳам бизга аждодларимиздан мерос бўлиб ўтиб келган байрамдир. Бундан 3,5 минг йил аввал деҳқон жамоалари йил деҳқончилигининг бошланиши, уруғни ерга экиш куни, изғирин совуқнинг кетиши янги йил бошланиши сифатида нишонлаганлар. Бундан 3,5 минг йил аввал яшаган аждодларимиз 21 март кун билан туннинг тенг келишини, бундан кейин иссиқ кунлар келишини, деҳқончилик учун унумли иш бошланишини англаб, нишонлаган бўлсалар, ажаб эмас.

Бугунги кун тўй, марака, диний маросимларимиздаги айрим жиҳатларга эътибор қаратсак. Диний маросим ва маракада халқимизда эркаклар албатта бош кийим, тўн кийиб, белини белбоғ билан боғлайдилар. Бу одат асосан ўзбек халқи учун хосдир. Бунинг замини эса айнан зардуштийлик эътиқодида, унинг муқаддас китоби “Авесто”да ҳам келтирилган.

Маълум бўлишича, инсон гавдасининг киндик қисми гавданинг ўрта қисми ҳисобланиб, унинг юқори ва пастки қисми ўлчами бир хил бўлар экан. Қолаверса, бу удум эркак киши белининг бақувват бўлиши ва ҳар қанда мушкул ҳолатдарда ҳам қаддини эгилмаслиги учун ҳам мўлжаллангандир. Яъни киши азали маросимларда ҳам қаддини тик тутиб туриши, аёлллардан фарқли тарзда қатъиятлигига қилинган ишорадир.

Бундай мисолларга яна азали уйнинг қирқ кун чироғи ўчмаслиги, еттилик, қирқи каби бугунги кун диний маросимларимиз ҳам халқимизнинг қадим аждодларидан мерос бўлиб ўтиб келаётган анъанадир.

Тўй маросимларида ҳозиргача сақланиб келаётган келинни куёв уйига олиб киришдан олдин олов атрофида айлантирилиши, келинни янги хонадонида биринчи иш куни, аввало ўчоқ олдига олиб борилиши ва у билан боғлиқ маросим ўтказилиши. Буларнинг барчаси бизга ўзимиз билмаган ҳолда одатга анъанага айланиб қолган. Бундан кўриниб турибдики, ўзбек халқининг қадимги эътиқоди заминидаги эзгу ғоялар, эзгу амаллар бугунги кун эътиқодимиз таркибига сингиб, янада сайқалашиб бормоқда. Халқимизнинг бугунги кун эътиқодида ҳам биринчи ўринда инсон қадри, эзгу ишлар, ёмонликлар жазосиз қолмаслиги, ҳақиқатнинг доимо барқарорлиги асосий ўринни эгаллаши инобатга олинса, ўзбек халқининг қадимий ва бугунги кун эътиқоди узлуксиз бўлиб, уларни ҳеч қандай сабаб йўқ қилиб юбора олмайди.

 

Темур НУРМАМАТОВ