“Бунёдкор” ОЧЛ баҳсларидан чиқиб кетди

Жанубий Кореянинг Ульсан шаҳрида “Ульсан Хёндэ” ва “Бунёдкор” жамоалари ўртасидаги Осиё чемпионлар лигасининг ярим финал жавоб учрашуви ўз ниҳоясига етди.

Биринчи бўлимни фаол бошлаган “қалдирғочлар” ўйин бошиданоқ бир қатор қулай имкониятларга эга бўла бошлашди. Асосий таркибда майдонга тушган Шавкат Саломов учта қулай имкониятга эга бўлганди. Аммо у бу имкониятлардан фойдалана олмади. Биринчи бўлимнинг биринчи ярмига келиб, “Ульсан” футболчилари ташаббусни ўз қўлларига ола бошлашди. Бир неча ҳолатларда Игнатий Нестеров дарвозани муқаррар голлардан сақлаб қолди. “Бунёдкор” тўпга эгалиқ қилишига қарамасдан, хавфли вазиятар яратишда оқсай бошлади. Биринчи бўлимда ҳисоб очилмади.

Иккинчи бўлимда корейслар ҳимояда ўйнаш тактикасидан воз кечиб, ўзлари ҳам ҳужум уюштиришга ҳаракат қила бошлашди. Аммо яна ўша Нестеров хавфли вазиятларни бартараф этишда яхши ҳаракат қилди.

Аммо корейслар барибир гол уришга муваффақ бўлишди. Рафинья чап қанотдан тўпни жарима майдончаси сари етказиб берди. Хайрулла Каримов тўпни қайтараман деб тўпни шундоқ рақиб ҳужумчиси Ким Шин Вукка тўхтатиб берди. У эса яқин масофадан осонлик билан дарвозани ишғол этди.

Голдан кейин футболчиларимизнинг кайфияти бутунлай тушиб кетди. Энди бирор натижага эришишга ҳеч ким ишонмай қўйганди. Шундай бўлса ҳам ҳеч бўлмаса ҳисобни тенглаштиришга ҳаракат қила бошлашди. Аммо бу ҳаракатлардан бирон наф чиқмади.

Аксинча, “Ульсан” яна бир ажойиб ҳужум ташкил этиб, иккинчи тўпни ҳам дарвозамизга жойлаб қўйди. Ли Кун Ху шедевр зарбаси билан Нестеровни ожиз қолдирди.

Шу тариқа “Бунёдкор” сафардаги ўйинда 0:2  ҳисобида мағлубиятга учраб, Осиё чемпионлар лигаси билан хайрлашди.

uff.uz