Калифорнияда ноқонуний иммигрантлар ҳайдовчилик гувоҳномасини олишлари мумкин

Калифорнияда ноқонуний иммигрантлар ҳайдовчилик гувоҳномаларини олишлари мумкин. Бу борадаги тегишли қонунни штат губернатори Жерри Браун имзолади.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, икки ҳафта бурун демократлар партияси ноқонуний иммигрантларни қонунийлаштириш бўйича янги кампанияни эълон қилган эди.

Ушбу кампанияга кўра, ёш нелегалларни депортация қилишни вақтинча тўхтатиб турилади. Обаманинг мазкур дастури доирасида иммигрантлар ижтимоий суғурта олишлари, ҳайдовчилик гувоҳномаларига эга бўлишлари, ўқиш учун молиявий кўмак олишлари мумкин. Бу дастурда иштирок этиш учун иммигрант ҳозирги кунда 31 ёшга тўлмаган ҳамда жиноий хатти-ҳаракатлар содир этмаган бўлишлари керак.

Маълумки, шу йилнинг 15 июнь куни АҚШ ички хавфсизлик вазири Жанет Наполитано Барак Обаманинг кўрсатмаси асосида АҚШда истиқомат қилаётган бир гуруҳ ноқонуний иммигрантларга ишлаш ҳуқуқини берувчи нормаларни ҳаётга жорий этишини маълум қилган эди.

Шу йилнинг 15 августидан мазкур дастур бўйича ноқонуний иммигрантларга ишлаш ҳуқуқини бериш жараёни бошланди. Ушбу жараёнда иштирок этиш учун қуйидаги тамойилларга тўғри келиши керак:

1. АҚШга илк бор келганида 16 ёшдан кичик бўлган бўлиши;
2. АҚШда мазкур норма жорий этилгунга қадар беш йил давомида яшаган ва айни пайтда мамлакатда бўлиши;
3. Айни пайтда мактаб, академик лицейларда ўқиётган, умумий таълим сертификатига эга, Америка Қуролли кучларида хизмат қилган бўлса;
4. Муқаддам жиноят содир этмаган, мамлакат ва жамоат хавфсизлигига таҳдид туғдирмаса;
5. 30 ёшдан ошмаган бўлса;

“The Sacramento Bee” газетасининг ёзишича, Калифорнияда 2,5 миллион нафар ноқонуний иммигрант бўлиб, уларнинг бир қисми янги қонун бўйича ҳайдовчилик гувоҳномасини олишлари мумкин.