ХВЖ: Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ўсиши 2012 йилда 7,4 фоизни ташкил қилади

    Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти ўсиш суръати юқори бўлишини маълум қилди. Халқаро ташкилот экспертларининг ҳисоб-китобига кўра, 2012 йилда Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 7,4 фоизга ўсади. Ваҳоланки, шу йил апрелида бу кўрсаткич 7 фоизни ташкил этиши мумкинлиги қайд этилган эди.

    2013 йилда эса Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўсиш кўрсаткичи 6,5 фоизга ортади, деб қайд этилади ХВЖнинг “Жаҳон иқтисодиёти ривожланишининг истиқболлари” мавзуидаги маърузасида.  Айни чоғда жамғарма Ўзбекистонда инфляция кўрсаткичлари 12,9 фоизга ортишини башорат қилмоқда. Бу кўрсаткич 6 ой бурун 12,7 фоизга баҳоланган эди. Истеъмол товарлари нархидаги ўсиш суръатлари эса 2013 йилда 10,7 фоизга пасайиши айтилмоқда. Апрелда жамғарма экспертлари бу кўрсаткич 10,9 фоиз бўлишини тахмин қилишган эди.

    Осиё тараққиёт банки эса 2012 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 8 фоизга ўсишини проноз қилаётган бўлса, Ўзбекистон ҳукумати бу кўрсаткич 8,2 фоиз атрофида бўлишини тахмин қилмоқда.

    ХВЖ, шунингдек, Қозоғистон ялпи ички маҳсулоти 2012 йилда 6 фоиз ўрнига 5,5 фоиз ўсишини тахмин қилган. Дунё миқёсида эса ХВЖ ялпи ички маҳсулот ўсиш суръатлари сусайишини, иқтисодий барқарор ривожланиши учун ҳали вақт борлигини қайд этди.