Интернетни ким бошқариши керак?

Интернет — инқилоблар уясими?

Бугун хоҳлаймизми-йўқми, интернет инсоният жамиятининг ажралмас қисми сифатида шаклланиб, одамлар онгини бошқариш, манипуляция қилиш, турли ижтимоий-сиёсий ғаразларни рўёбга чиқариш воситасида фойдаланишга интилиш бошланди.

Интернетни бошқариб бўлмаслиги,  ундан нафақат яхши мақсадда, балки одамларнинг онгу тафаккурини бузадиган, беҳаё маҳсулотларни тарғиб қиладиган, терроризм, қароқчилик, давлатларда тартибсизликларни амалга ошириш ва бошқа давлатлар ички ишларига аралашиш воситаси сифатида ишлатишига олиб келди. Биргина ижтимоий тармоқларнинг таъсири остида Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатларидаги тўполонлар, террорчи гуруҳларнинг ўзлари учун жангариларни танлаш имконияти ошаётгани – буларнинг барчаси интернетни назоратга олиш кераклиги ҳақидаги турли таклифларнинг ўртага ташланишига олиб келмоқда. Бугун интернетни турли инқилобларни тайёрлаш, уюштириш, бошқариш ҳамда ёйишда асосий арзон воситалардан бирига айланиб, бу борада турли илмий тадқиқотлар қилинмоқда.

Чунончи, араб мамлакатларида юз берган инқилоблар интернет давлатларнинг суверенитетига раҳна солиши мумкинлигини кўрсатди. Булар пировардида интернетдан фойдаланишни халқаро миқёсда тартибга солиш кераклигини кўрсатмоқда. Табиийки, бу тартибни ким биринчи ишлаб чиқса, ўша катта имкониятларга эга бўлиши аниқ.

Интернетнинг ёки интернетдаги ахборотнинг  хўжайини ким бўлиши керак?

Ўзбекистон, Хитой, Россия Федерацияси ва Тожикистон делегацияларининг БМТда халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида хатти-ҳаракатлар қоидаларини қабул қилиш таклифи мана шундай чоралардан бири, десак ҳақ гапни айтган бўламиз.

БМТ янгиликлар марказининг қайд этишича, ҳозирда БМТ Бош Ассамблеясида бу борадаги резолюция лойиҳаси устида бошқа аъзо давлатлар билан маслаҳатлашувлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон, Хитой, Россия ва Тожикистоннинг доимий вакиллари БМТ Бош котибининг номига ёзган хатда “Қоидаларнинг асосий мақсади давлатларнинг ахборот ҳудудидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларини белглашдан иборат” эканлиги қайд этилади.
Резолюция лойиҳасида ушбу Қоидаларга исталган давлат кўнгилли асосда қўшилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Қоидаларга кўра, давлатлар “душманона ҳаракатларни, тажовуз актларини амалга ошириш, халқаро тинчлик ва хавфсизлик таҳдидларини яратиш ёки ахборот қуролини ёки тегишли технологияларни тарқатиш учун ахборот-коммуникация технологияларидан, жумладан тармоқдан ҳам фойдаланмаслик мажбуриятини олади”.

Қоидаларда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилаётган жиноий ёки террорчилик фаолиятига қарши курашишда давлатларнинг ҳамкорлик қилиши ҳақида сўз боради.

Ҳужжатда террорчилик, экстремистик ва айирмачилик характеридаги, шунингдек давлатларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий барқарорлигига, уларнинг маданий ва маънавий турмуш тарзига путур етказувчи ахборотнинг тарқалишини тўхтатиб туриш таклиф этилади.

Шунингдек, унда Қоидаларга қўшилган давлатлар “Интернет ресурсларининг адолатли тақсимланишини таъминлаш, барча учун очиқ бўлишига ёрдам бериш ҳамда Интернетнинг барқарор ва хавфсиз ишлашини кафолатлаш имконини берувчи тармоқни бошқаришнинг кўп томонлама, шаффоф ва демократик халқаро механизмларини яратишга кўмаклашиш” мажбуриятини олади.

“Ўргимчак тури”нинг чегараси қаердан ўтиши керак?

Шуни алоҳида қайд ээтиш керакки, бугун интернет ўз мақсади йўлида фойдаланиш Ғарб мамлакатларининг асосий вазифаларидан бирига айланмоқда. Бугун ривожланган мамлакатларда интернетдан фойдаланиш, ундан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш, психологик мақсадларга йўналтириш ҳамда кибер хавфсизликни таъминлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Айрим давлатлар интернетни йўлида бошқаришни маъқул кўрса, айрим давлатлар уни чеклаш орқали ҳимояланиш чорасини кўрмоқда. Масалан, Эрон мамлакатни ташқи интернетдан узиб, мутлақо миллий ички “ўргимчак тўри”ни яратишни режалаштирмоқда. Хитой эса хорижий социал тармоқлар, сайтларни ёпиш, сўзларни фильтрлаш бўйича етакчилик қилмоқда.

Ўтган йили АҚШ маъмурияти ҳам Кибермакон учун АҚШ халқаро стратегиясини эълон қилди. Ҳужжат АҚШ кибер технологиялардан самарали фойдаланган ҳолда Америкага хайрихоҳ медиа муҳитини яратишни кўзда тутади. Бир қатор мутахассисларни буни АҚШ томонидан глобал миқёсда одамларнинг онгига таъсир кўрсатишга уриниш сифатида ҳам баҳолашмоқда.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон “Интернет эркинлиги биз учун энг муҳим йўналишлардан биридир. Биз зарур чораларни кўриш орқали интернетдаги махфийлик, яъни шахсий дахлсизликни таъминлашнинг янада мустаҳкам ҳимоясини яратишни, ҳамманинг фикрлаш, уюшиш ва йиғилиш эркинликларини, жумладан, интернетда ҳам таъминлашни хоҳлаймиз”, деб таъкидлади. Натижада бугун АҚШ миллий хавфсизлик хизмати таркибида махсус Киберхавфсизлик идораси ташкил этилди.

АҚШнинг Кибермакон учун халқаро стратегиясининг яна бир жиҳати шундаки, унда сўз ва уюшиш эркинлигини таъминлаш учун “ишончли, хавфсиз ҳамда ҳимояланган платформалар” яратиш бўйича АҚШ зиммасига мажбурият олишини кўпчилик, айниқса, АҚШ гегемонлигига қарши чиқадиган давлатлар мутахассислари шубҳа остига олади. Негаки, буни техника тили билан тушунтирганда, бу ҳозирги интернетга параллел бўлган муқобил вариантни яратишни қамраб олиши мумкин. Буни АҚШдан ташқари ҳеч қайси давлат чеклаш ёки назорат қилиш имконига эга бўлмайди. Ҳозирча “интернет сояси” деб номланган муқобил интернетнинг ҳаётга жорий этилиши дунё глобал тармоғида вазиятни тубдан ўзгартириб юбориши мумкин. Буюк Британия мудофаа вазирлиги ҳамда хавфсизлик идоралари аллақачон интернет ва кибер дастурлар асосида ўз ходимларини тайёрлаб келмоқда.

Россияда жорий йилда қабул қилинган қонунга кўра, телекоммуникациялар соҳасидаги ваколатли орган давлат ва жамиятаёти, вояга етмаганлар ҳаёти ва бошқа зарарли контентга эга бўлган сайтларни Россия Федерацияси ҳудудида суд қарорисиз, айрим ҳолатларда суд қарори билан тақиқлаб қўйиш чораларини кўрмоқда.

Айримларнинг фикрича, бундай қонун фуқароларнинг эътиқоди, шаънига оид ахборотларни зарарсизлантириш, одамларни зарарли ахборотлардан ҳимоялаш чораларини кўришда айни муддао бўлади.

Бундан кўриниб турибдики, интернетни демократик давлатлар, демократияга эҳтиёткор қарайдиган давлатлар ҳам бошқаришни истайди. Биттаси кўзга кўринмас равишда амалга оширса, иккинчиси уни чеклов орқали амалга оширишга уринмоқда.

Албатта, интернет жамият ҳаётини, инсонлар онгига таъсир кўрсатиш борасида мислсиз қудратга эга бўлиб бормоқда. Бугун социал тармоқлар, интернет ресурслар нафақат миллий хавфсизликка таҳдид солмоқда, балки ёш авлоднинг маънавий тарбияси, уларни асраб-авайлашдек ғоявий масаласини ўртага ташламоқда. Булар, шубҳасиз, алоҳида мавзу.

Интернет ва унда ахборот хавфсизлигини таъминлаш масаласи, албатта, глобал таҳдидлар бор бир шароитда тартибга солингани ўта муҳимдир. Аммо буни инсоннинг универсал ҳуқуқларидан келиб чиқиб,  турлича талқин қилинишининг олдини олган ҳолда, аниқ тушунчалар бериб қабул қилиш — у ёки бу давлатнинг манфаатларини эмас, умуминсоний қадриятларни ҳимоя қилишга қаратилиши айни заруратдир.

 Мурод ҒОФУРОВ.