Бу сафар Обама кучлилик қилди

 

Нью-Йорк штатидаги Хофстра университетида АҚШ президентлигига номзодларнинг сайловолди дебатларининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди. Икки номзод ўртасидаги телемулоқот бир-бирига жиддий айбловларни илгари суришдан бошланди.

Чунончи, биринчи босқичда жуда суст иштирок этган Барак Обама Митт Ромнини солиқ, иқтисодиёт ва АҚШ ташқи сиёсати масалаларида жиддий ҳужумга ўтди.

Ўз навбатида, Митт Ромни амалдаги президентни у ўз ваъдаларини тўлиқ бажара олмаганлигини айтиб, изза қилмоқчи бўлди.

Иккала номзод ҳам дебат давомида саҳнада бемалол юришди, тез-тез бирларининг гапларини бўлиб туришди.

Бир ярим соат давом этган теледебатни CNN телеканалининг бош сиёсий шарҳловчиси Канди Кроули бошқариб борди. У номзодлар томонидан айтилган факт ва рақамларни бир неча бор текшириб кўрди, иккаласининг сўзларини бўлиб, мурожаат қилди.

Таҳлилчилар фикрича, бу ўтган галги дебатлардан бирмунча фарқ қилди, балки умуман бошқача президент қатнашгандир. Гап шундаки, сайловолди кампанияси бўйича ўз хулосасига кела олмаган сайловчилар ўз саволларига ҳар иккала номзод имкон қадар аниқ жавоб беришга ҳаракат қилишди.

BBCнинг ёзишича, Обама катта фарқ билан ғалаба қозонмади ҳам, ўз вақтини беҳуда сарфламади ҳам. У қилиши керак бўлган ишни қилди. Обама ишончли, жанговар ҳамда кучли руҳда дебатда иштирок этди, деб қайд этади BBC. Унинг тарафдорлари Обама яна улар билан эканлигини ҳис қилишди.

Айни чоғда Ромнининг тарафдорлари ҳам ҳафа эмас. Чунки у ўтган галгидан паст савияда дебатда иштирок этмади.

Теледебат аввалида Обама ўз маъмурияти автомобиль саноатига молиявий кўмакни тақдим этиб, соҳани банкротликдан қутқариб қолганлигини қайд этди. У, шунингдек, Митт Ромни “Майли, Детройт банкрот бўла қолсин” деб турган пайтда Обаманинг дастури самара келтирганини қайд этди. Ромни эса буни инкор қилиб, унинг иқтисодиётни тиклаш сиёсати мамлакатда 12 миллион иш жойини яратишини таъкидлади.

Номзодлар, шу билан бир қаторда, энергетика сиёсати бўйича ҳам тортишишди. Ромни бензин нархи Барак Обама ҳокимият тепасига келгандан бери ўтган тўрт йил давомида қарийб икка баравар ошганлигини айтди. Обама эса 2009 йилда бензин нархи шу даражада паст бўлиб, мамлакат иқтисодиёти қарийб қулаш арафасида деб қайд этган.

Барак Обама сўнгги тўрт йил давомида ўрта синф вакиллари учун бир қатор солиқ имтиёзлари берилганлигини қайд этиб, агар Америка ҳақиқатда бюджет тақчиллигини бартараф этишни истаса, албатта, бойлар кўпроқ солиқ тўлаши кераклигини қайд этган. Унинг сўзича, Ромни ва унинг конгрессдаги ҳаммаслаклари мамлакатнинг 98 фоиз аҳолисини қарамликка олган.

Ўз навбатида, буларни инкор этиб, энг бой аҳоли учун ҳам солиқларни тушириш ниятида эканлигини айтди. Унинг фикрича, аҳолининг энг бой қатламлари (уларнинг сони АҚШ аҳолисининг 5 фоизи) учун солиқ ставкаси 60 фоиз миқдорида бўлади.

Теледебатда қатнашган иштирокчидан келиб тушган “Тўрт йил давомида нималарга эришдингиз?” деган саволга узун рўйхатни келтириб ўтди: ўрта синф учун солиқ миқдори камайтирилди, Ироқда урушни тугатди, “Ал-Қоида”нинг раҳбариятини йўқ қилди, автосаноатни қутқариб қолди, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилди.

Митт Ромни эса Обама бажаролмаган ваъдаларни ёдга олди: унинг сўзларига қараганда, Обама ишсизликни 5,4 фоизга қадар қисқартиришга, иммиграция қонунчилигини либераллаштиришга, бюджет тақчиллигини икки баробар қисқартиришга ваъда берган эди. Аммо буларнинг биттаси ҳам амалга ошмади.

CNN телеканали томонидан ўтказилган сўровга кўра, дебатларни кузатганларнинг 46 фоизига Обамага, 39 фоизи Митт Ромнига хайрихоҳлик билдирган.