Сентябрь ойининг энг яхшилари Миржалол Қосимов ва Жасур Ҳасанов

ЎФФ матбуот хизмати томонидан ташкил этилган сентябрь ойининг энг яхши ўйинчиси ва мураббийини аниқлаш бўйича сўровнома якунига етди.

Сўровнома якунларига кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Тошкентнинг «Бунёкдор» клуби вакиллари ойнинг энг яхшилари деб топилишди. 2012 йилнинг март, апрель, май ва июнь ойларида «Ойнинг энг яхши мураббийи» деб топилган Миржалол Қосимов икки ойлик танаффусдан сўнг яна шоҳсупага кўтарилган бўлса, иккинчи даврадан «Бунёдкор» сафида тўп суришни бошлаган Жасур Ҳасанов илк бора ойнинг энг яхшилари қаторига кирди.

Қосимовнинг ўзининг энг яқин таъқибчиси – Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Дилшод Нуралиевни 4 очкога ортда қолдирган бўлса, Жасур Ҳасанов билан сўровномада иккинчи бўлган «Пахтакор» ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқовни 2 очко ажратиб турибди. «Ойнинг энг яхши мураббийи» номига, шунингдек, «Локомотив» мураббийи Равшан Муқимов, «Шўртан» устози Эдгар Гесс, «Пахтакор» бош мураббийи Мурод Исмоилов ва «Олмалиқ» устози Игорь Шквирин даъвогарлик қилган бўлса, ой ўйинчиси номи учун курашда Россиянинг «Алания» жамоаси ярим ҳимоячиси Санжар Турсунов, Саудия Арабистонининг «Аш-Шабоб» клуби ярим ҳимоячиси Сервер Жепаров, «Шўртан» ҳужумчиси Игорь Таран, «Нефтчи» ҳужумчиси Анвар Бердиев ва Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ҳужумчиси Муҳиддин Одилов иштирок этишди.

Сентябрь ойида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Миржалол Қосимов қўл остида иккита учрашувда майдонга тушди. Миллий терма жамоа дастлаб Кувайт терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувда 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, ЖЧ-2014 саралаш ўйинида Жанубий Корея билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаганди.

Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби Осиё Чемпионлар Лигаси чорак финал босқичида доирасида Австралиянинг «Аделаида» клубига қарши дастлабки учрашувни 15 сентябрь куни ўтказганди. Ўшанда Қосимов шогирдлари сафарда ўйнаётганига қарамай, 0:2 ҳисобида ютқаза туриб, охир-оқибат 2:2 ҳисобида дурангга эришган эди. Ўша ўйинда Жасур Ҳасанов жарима зарбасидан чиройли гол урган, ўша голи «Goal.com» интернет-нашри томонидан ҳафтанинг энг чиройли голи, дея эътироф этилганди.

the-uff.com