Туркия элчихонаси: Туркияга бориш тартиб-қоидалари ўзгарганлиги хусусидаги ахборот ҳақиқатдан йироқ

Бир муддат аввал қатор интернет сайтларида, шу жумладан, “Ватандош” газетаси сайтида ҳам “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси сайтига ҳавола тарзда Ўзбекистон фуқароларининг Туркия бориш тартиб-қоидалари ўзгарганлиги хусусида ахборот берилган эди. Унга кўра, Туркия давлатининг иммиграция қоидаларига биноан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Туркия бориш учун қуйидагиларга эга бўлишлари лозим:

  1. Орқага қайтиш ёки бошқа йўналишга учиш чиптаси;
  2. Меҳмонхона брон қилинганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат;
  3. 2000 АҚШ доллари миқдорида маблағ бўлиши керак. Бунда пластик карточкада кўрсатилган маблағ ҳисобга олинмайди;

Мазкур талаблардан бири бажарилмаган тақдирда, Туркия ҳуқуқ-тартибот вакиллари Ўзбекистон фуқароларини мамлакатга киритмаслиги мумкин. Шу муносабат билан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” компанияси ушбу тартиб-қоидаларни бажаришга чақирган эди.

Газета.ўз сайтининг ёзишича, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ушбу масала юзасидан Туркия Ташқи ишлар ҳамда Ички ишлар вазирликларига мурожаат қилиб, ушбу ахборот ҳақиқатдан йироқ эканлигини аниқлаштирган.

Туркияга ташриф буюрувчи шахслар бошқа давлатларга борадиган фуқаролар каби йўл ва яшаш харажатларини қоплашга етадиган маблағи бўлса, бас, Туркия бемалол ташриф буюришлари мумкин, деб алоҳида қайд этади элчихона вакиллари.