Ўзбекистон ҳукумати 2013 йил учун давлат бюджети параметрлари лойиҳасини маъқуллади

Ўзбекистон ҳукумати келаси йил учун солиқ ва бюджет сиёсати концепцияси, шунингдек, 2013 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳасини тасдиқлади.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги тарқатган хабарда келтирилишича, солиқ юкини янада камайтириш бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг биринчи шкала бўйича энг кам ставкасини 9 фоиздан 8 фоизга пасайтириш назарда тутилмоқда, бу эса ўз навбатида жисмоний шахслар ихтиёрида қарийиб 186 миллиард сўм, шу жумладан, энг кам иш ҳақининг 5 баробаридан кам даромад олувчи 2,7 миллион кишига қўшимча 120 миллиард сўм даромад қолишига имкон беради.

Шунингдек, юридик шахсларнинг номоддий активлари, патент, лицензия, дастурий таъминот, муаллифлик ҳуқуқлари ва бошқалар мулк солиғи солиш объектидан чиқарилмоқда. Солиқ сиёсати концепциясига киритилган ушбу ва бошқа рағбатлантирувчи чораларни амалга ошириш, келгуси йилда мамлакат иқтисодиётига солиқ юкини 2012 йилда кутилаётган 21,6 дан 21,3 фоизгача, яъни ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,3 фоиз бандга камайтиришни таъминлайди.

Бюджет сиёсати ва 2013 йил учун Давлат бюджетининг асосий йўналишларида харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинмоқда, аҳолининг турмуш ва даромадлари даражасини янада ошиши, таълим ва соғлиқни сақлаш муасассаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва жиҳозлаш, шунингдек, фаол инвестиция сиёсатини амалга оширишга қаратилган. Жами харажатларнинг 59 фоиздан ортиғи ижтимоий соҳани молиялаштириш учун мўлжалланган.

Таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобига 313 та умумтаълим мактаби, 228 та академик лицей ва профессионал коллежларни реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш назарда тутилган. 1500 дан ортиқ умумтаълим мактабларини ва 700 та академик лицей ва профессионал коллеж замонавий ўқув инвентарлари, компьютер ва ўқув лабораториялари билан жиҳозланади.

Келгуси йилда 54 та болалар мусиқа ва санъат мактаби ва 137 та спорт зали ҳамда 25 та болалар спорти объектини қуриш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш амалга оширилади.

2013 йилда 130 та ўринга мўлжалланган 3 та юқумли касалликлар шифохонаси, 400 ўринли 5 та сил санаторияси, шунингдек, 54 та туманда 5800 қатновга мўлжалланган ва 7600 нафар беморни қабул қиладиган тиббиёт муассасалари қурилиши ва реконструкцияси назарда тутилган. “Саломатлик-3” лойиҳаси доирасида Жаҳон банкининг имтиёзли кредитлари ҳисобига 150 та туман марказий шифохонасини 96 турдаги замонавий асбоб-ускуна, шу жумладан, рентген аппарати, рақамли ультратовушли сканер, биокимёвий анализатор ва бошқа зарур ускуналар билан жиҳозлашни молиялаштириш режалаштирилган.

Иқтисодиётни молиявий қўллаб-қувватлашга 2,8 триллион сўм ёки жорий йилнинг тасдиқланган параметрларига нисбатан 22 фоиз кўп маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Хусусан, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни сув ресурслари билан ўз вақтида ва тўлиқ таъминлашга 1,4 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтириш кўзда тутилган.

Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси орқали мелиорация тармоқларини реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тозалаш дастурига харажатлар 227,5 миллиард сўмни ташкил этади, бу эса 300 минг гектардан зиёд экин майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш имконини беради.

2013 йилги Давлат бюджети лойиҳасида маҳаллий аҳамиятга эга умумий фойдаланиладиган ва хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини таъмирлаш билан боғлиқ харажатларни жорий йил учун тасдиқланган параметрларга нисбатан 1,69 маротаба ошириш назарда тутилган.

Халқаро ва республика аҳамиятига эга автомобиль йўллар сифатини ошириш, тегишли инфратузилмаларни барпо этиш мақсадида Республика йўл жамғармаси ҳисобидан 661 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Замонавий халқаро стандартларга жавоб берадиган 526 километр узунликдаги автомобиль йўллари, шунингдек, бир қатор кўприк ва йўл ўтказгичлар қурилади.

Намунавий лойиҳалар асосида қишлоқ жойларда якка тартибдаги уй-жойлар қуриш дастури доирасида 326 та қишлоқ массивида 8510 та замонавий қишлоқ уйини қуришга 1,0 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтириш кўзда тутилмоқда.

Аҳолига, айниқса қишлоқ жойларида ичимлик сувини етказиб бериш сифатини яхшилаш учун харажатларни 2012 йил учун белгиланган параметрларга нисбатан 2 маротаба ошириш ҳисобига кейинги йилда 654 километр узунликдаги сув қувурлари тармоғини ўтказиш кўзда тутилмоқда.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, келаси йил учун солиқ ва бюджет сиёсати концепцияси, шунингдек, 2013 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳаси Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланиши, шунингдек, Президент қарори билан кучга кириши керак.