Ўзбекистонда юқори мартабали амалдорлар ўриндошлик асосида ишлаши тақиқланди

    Ўзбекистон Ҳукуматининг қарори билан юқори лавозимдаги шахсларга — Президент девонининг ходимлари ва Вазирлар Маҳкамасининг Ижро этувчи аппарати ходимлари, давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, таркибий бўлинмаларнинг бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси ва аъзолари, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарларига — ўриндошлик асосида ишлаш тақиқланди.

    Norma.uz сайтининг ёзишича, янги Ўриндошлик асосида ишлаш ва бир неча касблар ва лавозимларда ишлаш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ, шунингдек 18 ёшга етмаган ва ноқулай меҳнат шароитида ишлайдиган шахсларга, агар уларнинг асосий иши худди шундай шароитлар билан боғлиқ бўлса, биттаси бошқасига бўйсунувчи ёки назорати остида бўлган ташкилотларда давлат бошқарув органлари мутахассисларига ўриндошлик асосида ишлаш тақиқланди, соғлиқни сақлашни бошқариш органларида банд бўлган шифокорлар ва таълимни бошқариш органларида банд бўлган ўқитувчилар бундан истисно.

    Низомда, шунингдек, ўриндошлик асосида иш деб ҳисобланмайдиган ишларнинг рўйхати белгиланди. Унга кўра, илмий ёки ўқитувчилик фаолияти, агар бундай фаолият асосий иш ўрни бўйича бажариладиган иш бўлмаса; фан, адабиёт ва санъат асарларини яратиш; бир маротабалик ҳақ тўлаш асосида техник, тиббий, бухгалтерлик, ҳуқуқий ва бошқа турдаги экспертиза (маслаҳатлар) ва ҳоказо.