Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси жаҳон чемпионатига чиқди

 

Сурат the-uff.com сайтидан олинди

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси 2013 йили БААда бўлиб ўтадиган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.

Эронда давом этаётган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида чорак финал ўйинлари старт олди. Чорак финал доирасида Дилшод Нуралиев қўл остидаги Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Жанубий Кореяга қарши майдонга тушди. Ўйиннинг асосий вақти 1:1 ҳисобида тугаган бўлса, пенальтилар сериясида омад ўзбекистонлик футболчиларга кулиб боқди.

Ўзбекистон футбол федерациясининг ёзишича, Жанубий Корея мусобақа фаворитларидан бири эди. Чои Мун Шик шогирдлари гуруҳ босқичида мусобақанинг амалдаги ғолиби – Шимолий Корея, Осиёнинг етакчи жамоаларидан бири Япония дарвозасига учтадан гол урган, Саудияга қарши тўлиқ иккинчи таркиб билан ҳаракат қилиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганди. Ҳужумчи Хванг Хи Чан эса тўртта гол билан мусобақанинг энг яхши тўпурари бўлиб турганди.

Жанубий кореяликлар ўзларининг совуққон ўйинлари билан ҳар вақт ҳамлага тайёр туришди, бироқ биринчи бўлиб Ўзбекистон гол урди. Учрашувнинг 64-дақиқасида Акобир Тўраев рақиб ҳимоячиларининг хатосидан унумли фойдаланиб, ҳисобни очишга муваффақ бўлди.

Вакилларимиз шундан сўнг ташаббусни рақибга бир қадар бериб қўйишди. Жанубий Корея ўсмирлар терма жамоаси эса қандай йўл билан бўлса-да, ҳисобни тенглаштиришга ҳаракат қилиб, жумладан, Ўзбекистон терма жамоаси жарима майдончаси ичида пенальти ишлаш мақсадида футболчилари йиқилгани иккита сариқ карточка ҳам ишлаб олди. Бахтга қарши, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ҳакам томонидан ўйиннинг асосий вақтига қўшиб берилган 4-дақиқада ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди.

Мусобақа регламентига кўра, агар ўйиннинг асосий вақтида дуранг натижа қайд этилса, қўшимча таймлар ўтказилмай, дарҳол пенальтилар сериясига мурожаат қилиниши керак. Лотереяга тенглаштириладиган пенальтилар сериясида эса омад Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасига кулиб боқди. Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси дарвозабони Сарвар Каримов мусобақанинг энг яхши ҳужумчиси Хванг Хи Чан йўллаган илк зарбани қайтарди, Иброҳим Абдуллаев, Алишер Мирзаев, Акрамжон Комилов, Отабек Шукуров ҳамда Шоҳжаҳон Аббосов пенальтиларни аниқ амалга ошириб, Ўзбекистонга ғалабани келтиришди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси кетма-кет иккинчи марта жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Энди Дилшод Нуралиев шогирдлари келаси йилнинг кузида БААда бўлиб ўтадиган кичик мундиалда иштирок этишади. Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасини олдинда Эронга қарши ярим финал ўйини кутиб турибди. Эрон терма жамоаси Австралияга қарши чорак финал ўйинида 5:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

— Аввало, табриклар учун миннатдорлик билдираман. Биз Жанубий Кореяга қарши ўйин қийин бўлишини олдиндан билардик, лекин биз унга ўзимизнинг «кутилмаган совғамиз»ни тайёрлаб қўйгандик, айнан ўша «сюрпризимиз» бугун гол урди. Жанубий Кореяни асосий ўйин вақтида мағлуб этамиз, деб ўйлагандим. Нима бўлган тақдирда ҳам Жанубий Корея Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бири, биз уни жуда ҳам ҳурмат қиламиз. Бугун бизга Аллоҳнинг ўзи ёрдам берди, — деди Дилшод Нуралиев ўйиндан сўнг. — Ҳа, биз чорак финалга катта қийинчилик ва омад билан чиқдик. Бироқ гуруҳ босқичида менинг шогирдларим ёмон кўрсатишди, деб айта олмайман. Гуруҳдаги ўйинларда ҳам кўплаб имкониятларга эга бўлгандик, бироқ улардан фойдалана олмаганимиз учун муваффақиятсизликка учрагандик. Бугун, Жанубий Кореяга қарши ўйинда эса имкониятлардан фойдалана олдик.

«Ярим финалда кимга қарши ўйнашнинг фарқи йўқ, Австралия бўладими, Эрон бўладими, биз рақиб танлаб ўтирамаймиз. Ҳар бир рақибга қарши алоҳида тайёргарлик кўрамиз, учрашувдан учрашувдан ўйинимизни ривожлантириб боришга интиламиз. Келаси ўйинда бугунгидан ҳам яхшироқ ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз», – деди Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Дилшод Нуралиев.

Жанубий Корея – Ўзбекистон 1:1 (0:0). Пенальтилар серияси – 3:5
Голлар: Акобир Тўраев (54) — Хванг Хи Чан (90+4)
Пенальтиар серияси: Иброҳим Абдуллаев, Алишер Мирзаев Отабек Шукуров Акромжон Комилов Шоҳжаҳон Аббосов  — Хванг Чи Хан (Ноаниқ) Ли Гун, Ли Юн Су, Ю Вон Чжонг

Ўзбекистон U16: 1. Сарвар Каримов, 2. Жамшид Болтабоев, 3. Ислом Исмоилов, 4. Акромжон Комилов, 6. Улуғбек Давлатов,9. Иброҳим Абдуллаев, 11. Акобир Тўраев (21 Шоҳжаҳон Аббосов 72), 15. Иззатулла Абдуллаев (14 Исломбек Каримов 90+2), 17. Достонбек Ҳамдамов (13 Алишер Мирзаев 85), 20. Отабек Шукуров, Муҳиддин Одилов.

Жанубий Корея U16: 22. Ким Хёнг Чжунг, 2. Ким Чёнг Хун, 3. Ким Ки Йонг, 5.Ю Вон Чжонг (С), 6. Ли Санг Ги, 7. Хванг Ин Беом, 8. Ко Мин Хёк (Ли Гун, 72), 10. Хванг Хи Чан, 17. Чой Чжу Йонг, 19. Хванг Мун Ки (Йун Йонг Хо, 59), 20. Хванг Ки Вук.

ҲАКАМЛАР: Муҳаммад аз-Заруний (БАА), Аҳмад аш-Шамсий (БАА), Абдуллоҳ аш-Шалваий (Саудия Арабистони), Солиҳ Муҳаммад ал-Аббосий (Баҳрайн).

Огоҳлантиришлар: Ли Санг Ги (48), Хванг Ки Вук (53), Ким Чёнг Хун (54), Ко Мин Хёк (67), Ли Гун (73), — Муҳиддин Абдуллаев (50), Иброҳим Абдуллаев (53), Акобир Тўраев (64), Шоҳжаҳон Аббосов (79)

the-uff.com