ЖЧ-2014 саралашининг 4-босқичи. Эроннинг ғалабаси кимнинг фойдасига?

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг футбол бўйича навбатдаги жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқиш чиқмаслигини ҳал қилувчи муҳим учрашув ўзбекистонлик футболчилар фойдасига ҳал бўлди.


Чоршанба оқшомида ЖЧ-2014 4-саралашида гуруҳ босқичининг биринчи давраси якунланди. Жамоаларнинг ҳар бири 4тадан ўйин ўтказиб бўлди. Ҳар икки гуруҳга назар ташлайдиган бўлсак, асосий кураш ҳали олдинда эканлиги ойдинлашади. Биргина Япония терма жамоаси бошқаларга нисбатан эркинроқ нафас олиши мумкин, холос. Жанубий Кореянинг «Озоди»даги кутилмаган мағлубияти эса «А» гуруҳидаги вазиятни чинакамига чигаллаштириб юборди. Энди гуруҳимизда қўшҳокимлик ўрнатилди.

Бир қарашда Эрон ва Корея таъқибчиларидан ажралиб чиққандек таассурот уйғотяпти. Лекин биз билан икки, Қатар ва Уммон билан уч очко фарқ бу икки жамоани хотиржам бўлишига йўл қўймайди. 14 ноябрь куни Теҳронда ўтказиладиган Эрон – Ўзбекистон учрашуви ушбу гуруҳдаги жуда кўп саволларга жавоб бериши керак. 100 мингга яқин томошабин кўз ўнгида кечиши кутилаётган ўйиндан умидларимиз катта. Лекин осон бўлмаслиги кундек равшан. Бир жиҳатдан бўлажак рақибимизнинг ғалаба қозонгани ҳам яхши бўлди. Футболчиларимиз ҳотиржамликка берилишмайди, дуранг учун ўйнашмайди. Бу ёғига ўзларига нисбатан талабни камида икки баробар кучайтиришади. Биз 5-тур доирасидаги ўйинлардан сўнг мураббий ва футболчиларимизнинг фикрлари билан қизиқдик.

Рустам АКРАМОВ (терма жамоалар техник директори, делегация аъзоси):

Рустам АКРАМОВ

– Мезбонлар делегациямизни жуда илиқ кутиб олишди. Беш юлдузли меҳмонхонага жойлаштиришди. Маш-ғулотлар ҳам аъло даражадаги майдонда ўтказилди. Фақат ўйиннинг ата-йин куннинг иссиқ вақтига қўйилгани дилимизни хира қилди. Ҳавонинг намлиги 70 фоизни ташкил этди. Кун ўта иссиқ бўлмасада, лекин намлик жуда юқори эди. Бу футболчиларнинг ҳаракатига таъсир ўтказмай қолмади. Об-ҳаво шароитини баҳона қилмаслик керак, де-йишади. Лекин араб мамлакатида, боз устига соат 15:30да футбол ўйнаш осон эмас. Бежизга учрашув комиссари ҳар бир бўлимнинг ўрталарида ўйинни икки дақиқага тўхтатиб, футболчиларга оғизларини ҳўллаб олиш учун имконият яратиб бермади. У жуда тўғри қарорга келди. Шундай иссиққа қарамай, муҳим ғалабани қўлга кирита олдик.

Айни пайтда Ўзбекистон Қатардан бир бош устун эканлиги ҳам амалда ўз исботини топди. Меҳмонхонага қайтганимиздан сўнг Эрон – Жанубий Корея учрашувини кўрдим, лекин фақат биринчи бўлимини. Иккинчи бўлим бошларида ўйинни олиб кўрсатаётган каналда сунъий йўлдош билан боғлиқ муаммо юзага келди. Шундай бўлсада, кейин гол ва бошқа хавфли вазиятларни такроран кўрдим. Хулосаларим шуки, Кореянинг ўйини шу куни қовушмади. Биринчи бўлимнинг ўзида икки бор дарвоза устуни ва тўсини мезбонларни муқаррар голдан қутқариб қолди. Майдон эгаларининг ҳужумлари ҳам у даражада шиддатли чиқмади. Эрон билан бемалол ўйнаса бўлади. Мураббийлар рақибни жиддий тарзда ўрганиб, тегишли тактикани қўллай олишса, аминманки, ғалаба биз томонда бўлади. Қатар устидан қозонилган ғалаба ҳам болаларни руҳлантириши керак.

Шуҳрат МАҚСУДОВ (миллий терма жамоа катта мураббийи):

Шуҳрат МАҚСУДОВ

– Жуда муҳим ғалабани қўлга киритдик. Бу бурилиш нуқтаси бўлиши керак. Футболчиларга ғалаба руҳияти бироз етишмаётганди. Ўйлайманки, бу ёғига ҳаммаси яхши бўлади. Футбол – жамоавий ўйин. Шундай экан, Қатар устидан қозонилган ғалабада бир ёки икки футболчининг эмас, бутун жамоанинг хизмати катта бўлди. Нафақат ўйинчилар, мураббийлар штаби, шифокорлар, массажчилар, умуман делегациянинг ҳар бир аъзоси бу ғалабага ўз улушини қўшди, деб ўйлайман. Гуруҳнинг иккинчи ўйинини охиригача кўриш насиб қилмади. Билмадим, бизга сунъий йўлдош билан боғлиқ муаммо, дейишди. Иккинчи бўлим бошланишида сигнал йўқ бўлиб қолди. Шу боисдан, учрашувни охиригача кўра олмадик. Лекин кейин такрорий вазиятларини томоша қилдик. Корейслар ўзлари юзага келтирган хавфли вазиятларини голга айлантира олишмади. Мағлубиятга ҳам ўзлари айбдорлар. Энди ҳар бир нарсада ҳикмат бўлади, дейишади. Чўпнинг ҳам икки томони бор-ку! Балки Эроннинг ғалабаси бизнинг фойдамизга ишлар? Ўзи аслида рақиб жамоаларнинг ўзаро баҳсига эътибор бермаслигимиз керак. Биз ўз ўйинимиз ҳақида кўпроқ ўйласак, қайғурсак, шу фойдалироқ бўлади. Чунки ҳаммаси ўз қўлимизда. Ўз ўйинимизни кўрсатиб, ғалаба қозонсак, марра бизники бўлади.

Акмал ШОРАҲМЕДОВ (терма жамоа ҳимоячиси):

Акмал ШОРАХМЕДОВ

– Табрик учун раҳмат. Буни оламшумул ғалабага йўйиш унчалик шарт бўлмаса керак. Биз шунчаки ўз вазифамизни бажардик. Лекин бу ғалаба, бу уч очко бизга сув ва ҳаводек зарур эди. Иссиқ бўлишига қарамай, майдонда астойдил ҳаракат қилдик. Мезбонларнинг нияти амалга ошмади. Улар куннинг иссиғида ўйин ўтказиб, бундан унумли фойдаланишни мақсад қилишганди. Қатарликлар ўзларига ҳам бундай вақтда ўйнаш қийин бўлишини ҳисобга олишмади, шекилли. Нима бўлган тақдирда ҳам, олдимиздаги биринчи довондан муваффақиятли ўтиб олдик. Энди бор эътиборимизни 14 ноябрь куни бўладиган баҳсга қаратамиз. Эроннинг ғалаба қозонганига унчалик эътибор бермадик. Форслар корейслардан устун эди, дейишдан йироқман. Мезбонлар биргина қулай вазиятдан унумли фойдаланишди. Агар дарвоза тўсини ва устуни мезбонларнинг жонига оро кирмаганида, биринчи бўлимнинг ўзидаёқ баҳс тақдири ҳал бўларди. Лекин бу футбол. Миллионлар ўйини шуниси билан ҳам қизиқ-да.

Аҳмаджон МУСАЕВ (ёшлар терма жамоаси бош мураббийи):

Аҳмаджон МУСАЕВ

– Терма жамоамизнинг меҳмондан уч очко билан қайтишига ишонгандим. Чунки жамоамизнинг ўйини ҳақиқатан ҳам кучли эди. Ўтган учта баҳсда омад бизни четлаб ўтганди. Ниҳоят, бу сафар омад ҳам, бунинг натижасида ғалаба ҳам биз томонда бўлди. Йигитлар иссиқ, нам ҳавога қарамай, ўзларини кўрсата олишди. Менга Шораҳмедов – Турсунов тандеми жуда ёқди. Кейин Нестеров ҳам ишончли ҳаракат қилди. Ўзи куз фасли футболимиз учун омадли келяпти. Энди нав-бат бизга келди. Ўзбек футболининг бу ғалабалари бизга жуда катта масъулият юклайди. Ҳозир бор эътиборимизни Осиё чемпионатига қаратганмиз. Гуруҳимизда Вьетнам, КХДР ва Иордания терма жамоалари бор. Биринчи галдаги вазифамиз гуруҳдан чиқиб олиш. Асосий вазифа – жаҳон чемпионатига бериладиган йўлланмалардан бирини қўлга киритиш. Ўсмирларимиз Осиё чемпиони бўлиб, «планка»ни юқори кўтариб қўйишди. Энди биз ҳам шу натижани такрорлашга ҳаракат қиламиз.

Дилшод НУРАЛИЕВ (ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи):

Дилшод НУРАЛИЕВ

– Терма жамоамизнинг Дохадаги ғалабаси барчамизни бирдек хурсанд қилиб юборди. Кўз тегмасин, футболимизда қувончли онлар давом этмоқда. Аввалига «Бунёдкор» жамоаси «Аделаида» тўсиғидан муваффақиятли ўтиб, ОЧЛнинг ярим финалига йўл олди. Кейин биз Осиё чемпионлигини қўлга киритдик. Бир неча кун аввал ампутантларимиз қаторасига учинчи бор жаҳон чемпиони бўлишди. Бу ғалабалардан руҳланган миллий терма жамоамиз ҳам гуруҳ стартидаги омадсизликларга барҳам бериб, ниҳоят уч очкони расмийлаштирди. Бу ғалабанинг сафарда қўлга киритилгани футболчиларга янада куч бағишлайди. Ға-лабали серияни давом эттириш навбати энди Аҳмад акамнинг жамоасига етди. Саноқли кунлардан сўнг Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси БААда ўтадиган Осиё чемпионатида иштирок этади. Фурсатдан фойдаланиб, уларга бизнинг зафарли йўлимизни берсин, деб ният қилиб қоламан. Қисқача Қатарга қарши ўйинга тўхталадиган бўлсам, Шораҳмедов – Турсунов тандеми бу сафар ҳам ўз мевасини берди.

Санжар гол урганидан кейин кўпчилик қўнғироқ қилиб, мени табриклади. Кўпчиликнинг хабари бор, «Пахтакор» академиясида бу икки футболчига мураббийлик қилганман. Лекин уларни бир қанотда ўйнатиб, мана бундай ижобий натижа олинишида Миржалол Қосимовнинг топқирлигини эътироф этиш керак. Иккиси ҳам мураббийнинг ишончини оқлаяпти. Энг муҳими, бир-бирларини тушуниб ҳаракат қилишяпти. Ўта аниқ тўп оширилиши ва биргина зарба, чоршанба оқшомидаги ғалаба учун кифоя бўлди. Умид қиламанки, 14 ноябрь кунги муҳим ўйинда ҳам футболчиларимиз зиммаларига юклатилган вазифани уддалашади. Ҳозир кўпчилик Жанубий Кореянинг мағлубиятга учраганига хафа бўляпти. Менинг фикримча, биз рақибларимизнинг натижасига эътибор қаратмаслигимиз, аксинча ўз ўйинимизни кўрсатиб, ғалаба қозониш ҳақида ўйлашимиз керак. Ахир ҳаммаси ўз қўлимизда-ку! Одил Аҳмедовнинг жароҳатидан фориғ бўлиб, сафга қайтаётгани кишини қувонтиряпти. Агар Одил Теҳрондаги баҳсда майдонга туша олса, ишимиз анча енгиллашади.

Азамат АБДУРАИМОВ («Андижон» жамоаси бош мураббийи):

Азамат АБДУРАИМОВ

– Биринчи галда Миржалолни гуруҳдаги биринчи ғалабаси билан табриклайман. Бу ғалаба жуда муҳим эди. Тўғри, мухлислар чиройли футбол кўришмади. Лекин жаҳон чемпионати чипталари ўйналадиган ўйинларда муҳими натижа, чиройли ўйин эмас. Абрамов давридан фарқли равишда йўлга қўйилган айрим ўзгаришлар ўз мевасини бера бошлади. Мисол учун, Қосимов беш ҳимоячи билан ҳаракат қилишни афзал биляпти. Олдинги чизиқда бир ҳужумчи ўйнаяпти. Мана Қатарга қарши ўйинда ҳам Улуғбек Бақоев мезбон ҳимоячиларига ташвиш туғдириб турди. Доимий равишда уларни сергакликда ушлади. Кейин ўрта чизиғимизнинг кучли эканлиги ҳам учрашув тақдирига сезиларли тарзда таъсир ўтказди. Миржалолдан аввалги даврда Максим Шацких ўнг қанотда ўйнатиларди. Ваҳоланки, шунча йил Макс терма жамоада соф ҳужумчи бўлиб келган. Бу каби тушунарсиз қарорлар бор эди. Жалол бу борада ижобий ўзгариш қила олди. Шораҳмедов, Гадоев каби ёш футболчиларга қўрқмасдан ишонч билдиряпти. Ўз ўрнида улар ҳам бу ишончга муносиб тарзда жавоб беришяпти. Акмал «Бунёдкор»да ҳам, миллий терма жамоада ҳам ўз қанотида анча ишонч билан ўйнаяпти. Голларга ассистентлик қиляпти, ўзи ҳам гол уряпти. Бу тоифадаги ҳужумга қўшиладиган ҳимоячилар кам бўлади.

Тажриба ва ёшлик уйғунлигини шакллантириш осон иш эмас. Бош мураббий бу ишнинг уддасидан чиқмоқда. Гуруҳнинг иккинчи ўйинида кутилмаган натижа қайд этилди. Кўпчилик қатори мен ҳам Кореядан ғалаба кутгандим. Лекин мезбонлар 10 киши бўлиб, жасорат ва иродали ўйин намойиш этишди. Бу натижа гуруҳдаги вазиятни бироз чигаллаштирган бўлиши мумкин. Лекин бундан тушкунликка тушмаслик керак. 14 ноябрь кунги баҳсда ғалаба қозонсак, ҳаммаси жой-жойига тушади. Айни пайтда терма жамоамиз Эрондан кучли. Тошкентдаги илк ўйинда ҳам футболчиларимиз буни исботлашганди. Лекин ўша куни омад очиқчасига биздан юз ўгириб, аксинча рақибларимизга кулиб боққанди. Ҳозир Кореянинг ҳам имкониятлари бироз чекланди. Қуръа ташланган пайтда Ливанни кўпчилик менсимаганди. Ўша Ливан Кореядан устун келган Эронни мағлуб этди. Қолаверса, 3-саралаш босқичида Кореянинг ўзини ҳам 2:1 ҳисобида енгганди. Шундай экан, иккинчи давра ўйинларида «сенсация» юз бермаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Шахсан мен якунда икки йўлланмадан бирини қўлга киритишимизга ишоняпман.

Камолиддин АЛИМОВ.