ФИФА рейтинги: Ўзбекистон бир ўрин юқорига кўтарилди

Халқаро футбол федерацияси – ФИФА терма жамоаларнинг янги рейтинг жадвалини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бир ўрин юқорига кўтарилиб, айни вақтда 69-поғонани банд этиб турибди, деб хабар беради Ўзбекистон футбол федерацияси расмий веб-сайти.

Ўтган ой 70-ўринни эгаллаган Ўзбекистн миллий терма жамоасининг очколари сони, айни вақтда, 490тани ташкил этмоқда ва Қосимов шогирдлари ФИФА томонидан 7 ноябрь куни эълон қилинган рейтингда 69-поғонани банд этиб турибди. Қайд этиш жоиз, октябрь ойи давомида ўтказилган ўйинлар давомида Ўзбекистон терма жамоаси мағлубият нималигини билмади: дастлаб, БАА терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида 2:2 ҳисобида дуранг натижа қайд этилган бўлса, Қатарга қарши ЖЧ-2014 саралаш сафар ўйинида Санжар Турсуновнинг ягона голи Қосимов шогирдларига ғалаба келтирган эди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё мамлакатлари орасида ҳали ҳам кучли бешликда бормоқда. ЖЧ-2014 саралаш 4-босқич 6-тур ўйинлари доирасида 14 ноябрь куни Ўзбекистон терма жамоасини Теҳронда қабул қиладиган Эрон терма жамоаси рейтингда 14 ўрин юқорига кўтарилиб, айни вақтда 44-поғонада бормоқда. Эрон октябрь ойида ЖЧ-2014 саралаш доирасида ўз майдонида Жанубий Корея терма жамоасини 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратишга муваффақ бўлганди.

Кучли учликда Япония (24), Жанубий Корея (32) ва Австралия (33) терма жамоалари бор.

ЖЧ-2014 саралаш босқичи доирасидаги Ўзбекистоннинг қолган икки рақиби – Қатар ва Ливан терма жамоалари мос равишда ФИФА рейтингининг 104- ва 112-ўринларида боришмоқда. Октябрь ойи давомида Қатар терма жамоаси Уммон, Иордания ва Ўзбекистон (ЖЧ-2014 саралаш доирасида) майдонга тушиб, дастлабки икки ўйинда дуранг қайд этган эди. Ливан терма жамоаси эса октябрда фақатгина бир марта – Яман терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган.

Умумий рейтингда ҳали ҳам Испания терма жамоаси пешқадамлик қилмоқда. Ундан кейинги ўринларда Германия, Аргентина, Португалия, Италия, Англия, Голландия, Колумбия, Россия ва Хорватия терма жамоалари бормоқда. Бразилия терма жамоаси ўтган ой давомида Ироқ ва Япония терма жамоаларини мағлубиятга учратгани эвазига, рейтингда бир ўрин юқорига кўтарилиб, айни вақтда 13-поғонани эгаллаб турибди.

the-uff.com