Фаластин мустақиллиги: натижаси сароб бўлган интилишми?

Куни кеча Фаластин автономияси раҳбари Маҳмуд Аббос Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эътиборига Фаластин учун БМТга аъзо бўлмаган мустақил давлат мақомини бериш масаласини ҳавола этишини маълум қилди. У бу ишни шу йилнинг 29 ноябрь куни амалга оширишни мўлжаллаб турибди.

Аббос ушбу масала етарлича овоз тўплашига ҳамда агар бу мақом маъқулланса, зудлик билан Исроил билан музокараларни бошлашга тайёр эканлигини билдирди.

Ушбу масалада Маҳмуд Аббос 11 ноябрь куни АҚШ президенти Барак Обама билан телефон орқали мулоқот қилиб, ундан “фотиҳа” сўраган. Аммо Обама фаластинликлар ташаббусига қарши чиқишини билдирган. Бундан ташқари, Аббос Исроил давлатининг айрим расмийлари автономияга, агар ушбу масала БМТ кун тартибига қўйилса, жиддий чоралар кўрилиши билан таҳдид қилган.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Фаластин автономияси ўз мустақил давлатини тузиш борасида бир неча ўн йиллардан бери курашиб келади. Бунга, шубҳасиз, “катта оға” АҚШнинг рўйхушлик бермаётгани жиддий тўсиқ бўлаётган эди. АҚШ ва Исроил расмийлари бундай масала халқаро минбарларда эмас, балки икки томонлама музокаралар орқали ҳал этилиши кераклигини қайд этиб  келади.

2011 йилда БМТ Хавфсизлик кенгаши худди шу масалада музокара олиб борган бўлса-да, ягона хулосага кела олмаган эди. Фаластин маъмурияти БМТ Хавфсизлик кенгаши орқали масалани ҳал қилишга умид қилишмайди, боиси АҚШ тўғридан-тўғри бу масалада вето ҳуқуқидан фойдаланишини маълум қилди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, 2011 йил 23 сентябрь куни Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос БМТ Бош котиби Пан Ги Мунга Фаластин давлатини 1967 йилги чегарада тан олиш бўйича мурожаат билан ҳужжатларни топширган эди.

Амалдаги тартиб-қоидаларга кўра, Бош котиб ушбу масалани Хавфсизлик кенгашига юбориши керак эди. Аммо Хавфсизлик кенгашида АҚШ вето қўйиши аниқ бўлгани боис Аббос ушбу масалани БМТ Бош Ассамблеясида кўриб чиқилишини талаб қилмоқда. Чунки ушбу тузилмада ҳеч ким вето ҳуқуқидан фойдалана олмайди.

Агар Бош Ассамблеяга аъзо давлатларнинг учдан икки қисми ушбу мурожаатни қўллаб-қувватласа, Фаластин БМТга аъзо бўлмаган мустақил давлат мақомини олади. Бундай ҳуқуқдан, масалан, Ватикан фойдаланади.

Фаластиннинг ушбу мақомга эга бўлиши унга Исроил ва унинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан халқаро судларга мурожаат қилиш ҳуқуқини беради. Бу, шубҳасиз, расмий Тел-Авивнинг аҳволини анчагина қийинлаштиради.

Бизнингча, Исроилнинг халқаро таъсирга эга мамлакатлар билан яқин алоқада эканлиги, қолаверса, Фаластин давлатидаги кучларнинг якдил сиёсат остида бирлаша олмаслиги ҳам бу жараёнга жиддий тўсиқ бўлади. Қолаверса, Исроил ва АҚШ Фаластиннинг келажаги билан боғлиқ кўплаб қарорларга таъсир кўрсатиш воситаларига эга. Масалан, ЮНЕСКО Фаластин мустақиллиги бўйича янги ташаббус билан чиқиши ушбу ташкилотга АҚШ томонидан ажратиладиган ҳомийлик маблағларининг тўхтатилишига олиб келди.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Фаластин БМТда “кузатувчи-субъект” сифатида иштирок этиб келмоқда. У 29 ноябрь куни “Кузатувчи-давлат” мақомини олишни муҳокамага қўймоқчи.

Маълумотларга кўра, ҳозирда ушбу лойиҳани БМТга аъзо 193та давлатдан 132 таси маъқуллаш ва Фаластинни тўлиқ ҳуқуқли давлат сифатида қабул қилишга тайёр.

P.S. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Фаластин озодлик ташкилоти Ижроия қўмитаси раиси, Фаластин миллий маъмурияти раиси Маҳмуд Аббосни Фаластин Давлати эълон қилинган кун муносабати билан муборакбод этди.