Ибратли ҳикоялар. ТОШ ҚЎРҒОН, ОЛТИН ҚЎРҒОН…

ТОШ ҚЎРҒОН, ОЛТИН ҚЎРҒОН…

Ээ болам, айтаверсам ёқа ушлайсан, аммангнинг кўрмаган куни қолмаган. Анови Холпошнинг қизи Зуҳрани кўриб, дийдиёсини эшитиб ўтириб, бутун умрим кўз олдимдан ўтди. Бу қизнинг важ-карсонини кўр – қайинсинглиси сенсираганмиш! Ҳа энди жаҳл устида сенласа сенлабди-да, қулочкашлаб тортиб юбормабди-ку! Ҳеч вақтда шунақа бўлар-бўлмасга аразлаб, отанинг уйига келиб оладиларми? Бу ёшларга нима бўляпти ўзи, а? Оилага бунча енгил қарашмаса? Бизнинг пайтда оила бир тош қўрғон мисоли, шу қўрғонга кирдингми – уни уй-жой, рўзғор қилиб ўтириш аёлнинг тақдири, бурчи эди. Кел, яхшиси бир бошдан айтиб берай.

Отам қазо қилганида уч яшар қизча эканман. Онамни иккинчи бор турмушга узатган энам, «ортиқча бўлмасин» дея, мени ўзи билан олиб қолибди. Ўн ёшдан ўтганимда энам ҳам омонатини топшириб, мени онам билан ўгай отам қўлига ташлаб кетган. Бу уйда чиндан ҳам ортиқча, дардисар эдим. Қанчалик куюниб, елиб-югурсам ҳам, қилган ишим ҳеч кимга ёқмасди. Ўгай отам мени ёмон кўрарди.

Ўша куни бир нечта қариндошимиз бизникига йиғилишди. Онам менга «Марғилонга тўйга борасан, юр, ясантириб қўяй» дея, кўчада тўптош ўйнаб ўтирган жойимдан уйга бошлади. Мени ҳам қаторга қўшиб, тўйга олиб боришларини эшитиб, теримга сиғмай суюндим. Обдан оро бериб, ҳатто пардоз қилдиришди. Тўғриси, энамнинг қўлида анча содда, ҳам бироз тантиқроқ бўлиб ўсган эканман, ясан-тусанимга қувониб, «қанақа тўй, яна кимлар боради» деб сўрамабман ҳам. Уччала эркак отда, мен яёв, Марғилонга жўнадик. Ҳа, нега ҳайрон бўласан? Мендек бир етимчага улов қаёқда, «чурқ» этмай тўйхонагача пиёда борганман.

Хоҳ ишон, хоҳ ишонма, ўз тўйимга югургилаган эканман. Ҳайрону лол бўлсам ҳамки, «эрга тегиш шунақа бўларкан-да» деган хаёлда, индамай гўшангага кириб кетавердим. Қолаверса, ҳозир қаршилик қилиб, уйга қайтиб кетсам, ўгай отам не кунларни бошимга солишини яхши билардим. Хуллас, 13 ёшимда 60 дан ўтиб қолган қўйчивоннинг тўртинчи хотини бўлиб тушдим…

Кундошларимнинг биттаси онамдан ҳам каттароқ эди, чоғи. Ўша куннинг ўзидаёқ уч кундошнинг кўзларида нафрат сачраб турганини кўрдим. Бу хонадонда менга биргина меҳр кўрсатган одам чолим бўлди. Бироқ, у олис яйловда қўй боқиш билан овора, ёзу қиш тоғдан тушмас, уйга эса бир неча ойда бир-икки ҳафтага келиб, хўжаликка яраша озиқ-овқат ғамлаб кетарди.

Чолим кетиши билан кундошларим менга ҳужум бошлашди. Мен билан бир-бир юлишиб, аламдан чиқмоқчи бўлиб, кўп уринишди. Бироқ мен бир оғиз гап қайтармадим. Ҳалиям ўзимни ёш бола сезишимданми ёки ўғил болача табиатим сабаб, мен уларнинг аччиқ кинояларига, ўзимнинг айбим нимаданлигига тушунмасдим, ақлим етмасди. Бир-икки ой «заҳар сочиб» кўрган кундошларим, мени ҳўрлаш учун энди бошқача йўл топишди. Югурдак қилиб, тинкамни қуритишди. «Уни опке, буни опке»дан бир зум тинсам, йўқ ердан иш топиб туришар, нафас ростлагани вақтим йўқ эди. Аммо кундошларим бу азобларимдан қониқишмасди. Мен барибир ҳаммасига чидар эдим, шу ҳовлида, уларнинг қаторида мудом бор эдим. Шунда менга янги юмуш, кимлигимга, ўрним қаердалигига урғу бериб турувчи иш топишди. Энди менинг вазифам молхонада ўтириб, сигирларга зарур пайтда тоғора тутиб туришдан иборат бўлди. Тоғорага тушган тезакни дамба-дам молхона деворларига таппи қилиб ёпиб туришим зарурлиги, агар ўйинга алаҳсиб ўтириб, молхонани «хўл қилдириб» қўйсам, таъзиримни беришларини яхшилаб уқтиришди. Шундай қилиб, мен ҳатто қишда ҳам шу ерда ўтириб, пойлоқчилик қилишга, молхонанинг бадбўй ҳидига кўникишга, таппи ёпишни касб қилишга маҳкум эдим. Ойда-йилда бир келиб кетадиган чолим вақтинчалик бу хорликдан мени озод этса-да, кетган кунидан эoтиборан, яна ҳаммаси бошдан бошланарди…

Охири паймонам тўлди. Бундай яшашга на ҳолим, на тоқатим қолмади. Куппа-кундузи уйдан яшириниб қочиб чиқдим. Ўзимни сойга ташлаб, шу азоблардан қутилай дедим. Сойнинг бўйига келиб, кичиккина толга паранжи-чимматимни илиб, остига ковушимни ечиб қўйдим: кўп излаб ўтирмай, чўкиб ўлганимни билишсин, дебман. Ўшанда саратон, айни рўза пайти эди – чўккалаб ўтириб олиб, росса сув ичдим. Оқиб кетаётиб сувга тўйишимни ўйламабман-да!

…Умрим бор экан, далада сув қуяётган ишчилар кўриб қолиб қутқарганларида беҳуш бўлсам ҳамки, тирик эканман. Минг азоб билан ҳаётга қайтдим. Бироқ, энг катта азобим олдинда экан: бутун баданимдаги сув тўлиб қолган терилар порсилдоқлаб ёрилиб, ўрни яра бўлиб, йиринг боғлади. Бу ҳам етмаганидек, ёзнинг иссиғида яраларим қуртлаб кетди… Ана энди бунинг азобини кўр! Яйловдан қайтиб, аҳволимни кўрган чолим зир югуриб, даво излай бошлади. Табибнинг айтганига кўра, кундошларим шафтоли баргларини эзиб, сувини яраларимга томизишар, қайнаб чиққан қуртларга қараб, «эпласанг ўлмайсанми, етимча!» деб бурун жийириб, жеркиб кеташирди.

Тўрт ой ётиб, охири соғайиб кетдим. Ҳаётим яна олдинги ўзанига қайтди. Ҳайриятки, бир сафар чолим аҳволимга тушуниб, «булар сени ўлдириб тинишади, етар, мен билан кетасан!» деди. Худди бир пайтлар Марғилонга, ўзимнинг тўйимга жўнагандек, суюниб-суюниб йўлга отландим. Чолимнинг хавотирланиши асосли эди: мен ўшанда ҳомиладор, ой-куним яқин бўлиб, кундошларимнинг кўзига балои қазодек кўринганим тайин.

От миниб, йўлга чикдик. Икки кунлик йўл азоби таъсир қилдими ёки вақти-соати шу эканми – яйловга етибоқ, тўлғоқ бошланди. Чолим бийдек яйловда битта кампир топиб, бошлаб келгунча, шундоқ ўтовнинг ёнида кўзим ёриди. «Вой айланай, паҳлавондек ўғилли бўпсан», дея киндигини кесган онахон болани ўрагани латта-путта излаб, ичкарига кириб кетди. Мен бир жойда, бола бир жойда, хушим кириб-чиқиб, бир аҳволда ётган жойимда… болани қўй қайтарадиган баҳайбат итлар кўтариб кетишибди!.. Кампир дод солди, чолим билан қояга қочган бир гала итларнинг ортидан қува-қува, ҳолдан тойиб қайтишди… шундай қилиб, тўнғичимнинг суягини ҳам тополмадик. Ҳатто бир бор кўзим кўзига тушмади!

Ўшанда биринчи марта қаттиқ қайғуга ботдим. Бироқ, чолимнинг меҳри туфайли сабр қилдим. Энди рўзғорим бўлак, нон-ош қилиш ўзимга қолган эди. Биринчи бор нон пиширганим ҳеч эсимдан чиқмайди. Бунақа ишларни менга ким ўргатибди дейсан, энам эркалатиб юриб ўтиб кетган, ундан бошқа меҳрибоним бўлмаганда. Хуллас, зоғора унидан ҳамир қоридим. Унни элашни ҳам билмай, яна сувга қорибман. Қинғир-қийшиқ нонларим тандирда турмай, шундоғича чўғга оқиб тушди. Нон бўлмади, дебману, тандирда ташлаб кетаверибман. Эрим раҳматли келиб, қўрда чала-чулпа пишган нон бўлакларини териб, пуф-пуфлаб тозалаб, саватга терди. Менинг кўнглимни кўтариш учунми, ўша нонни ўзи еб тугатди, шўрлик. Эртаси куни эса, супрани ёйдириб, бирма-бир ўргатиб ўтириб, ўзи хамир қоритди. Шу десанг, бинойидек нон бўлди. Қолган ҳамма-ҳамма ишларниям ўзи ўргатиб юриб, рўзғорга чиниқтирди. Шундай қилиб, бир чиройлик яшаб кетдик. Кетма-кет учта ўғилли бўлиб, тўнғичимнинг алами ҳам босилди. Дарвоқе, болани ўраб-чирмашдан то овқат беришгача ҳам барини чолим ўзи ўргатган. Гўрингга нур ёғилгур, бебаҳо инсон эди.

Болалар катта бўлиб, чолимнинг ҳам ёши ўтиб борарди. Энди биз ҳам одамлар орасида, қишлоқда яшашга аҳд қилдик. Маҳаллада яйловдагидек очиқ-сочиқ яшаб бўлмайди, у ернинг тутими бошқача, келди-кетдиси бор, деб ўйламабман ҳам. Чолим тез-тез қишлоққа тушиб, уй тайёрлаяпман, деса, тўртта девор тиккалаяпти экан, манови ашқол-дашқолим билан кўчиб кетавераман, деб юрибман. Куни келиб, кўчиб борганимизда, уйга кириб, ҳангу-манг бўлиб қолдим. Идиш-товоқ, сандиқ-жовондан тортиб, меҳроблар ва янги кўрпа-тўшаккада бадастир эди! Барака топкур чолим, бир чевар кампир топиб, кўрпа-тўшак қавитган, рўзғорга зарур барча нарсани ташиб, уйни тўлдирган эди. Шунча чеккан азобларим бутунлай йўққа чиқди. Чолим раҳматли бир-иккита тўй кўриб, қўй-қўзисини барча болаларига тенг бўлиб армонсиз кетди. Мана, энди ўғиллар, келинлар, набираларнинг бағрида яйраб ўтирибман. Фарзандларим касб-корли, эл ичра обрўли. Шу боис ҳам, бир гапириб ўн куладиган амманг ҳеч қарий демайди-да!

Тош қўрғоним олтинга айланиб, гуллаб-яшнаб ётибди, қариб нима қилдим ҳали!

Муаллиф: ГУЛЧЕҲРА АСРОНОВА,

Фарғона шаҳри.