Ўзбекистон 500 дан ортиқ конларни инвесторларга тақдим қилмоқда

Улар орасида 4 та таркибида металл мавжуд бўлган фойдали қазилма кони, 26 та тоғ-маъдан хомашёси кони, 10 та тоғ-кимё кони, 28 та ярқирама тош кони, 260 та қурилиш материаллари кони бор. Жами инвестицияга тавсия қилинганган майдонлар сони эса 38 тани ташкил этди. Шунингдек, 159 та йирик инвестиция блоки геология-қидирув ишларини йўлга қўйиш учун тақдим этилди.

Тавсия қилинган мазкур объектлар ичида ярқирама тош хомашёси конлари, фосфоритлар, тоғ кимё ва тоғ маъдан уюмлари алоҳида ажралиб туради. Манзарали мармар ва бошқа қопламбоп тошларни қазиб олишнинг истиқболлари жуда юқори, деб баҳоланмоқда. Ушбу объектларнинг барчаси ички ва ташқи бозорларда катта эҳтиёжга эга бўлган хомашёлар турларини ишлаб чиқариш, шунингдек, маҳаллийлаштириш дастурини бажариш учун хомашё негизи сифатида қабул қилинган.

Ҳозирги кунда республикада 1000 дан ортиқ конлар, шахталар, карьерлар, нефть-газ конлари, сув олиш иншоотлари, бальнеологик шифохоналар, шифобахш ва шифобахш-ичимлик сувларини қуйиш цехлари ва заводлари фаолият юритмоқда.

Инвестиция киритишга янги йўналиш – геотуризм хизмати илк бора тавсия этилмоқда. Геологик объектлар, геотуризмни ривожлантиришга мўлжалланган геологик объектлар, қўриқланадиган ҳудудларнинг геологик боғларини ҳам ўз ичига олган ҳолда билим бериш ва илм олиш тизимини яратишнинг асоси ҳисобланади.