Ўзбекистонда ов мавсуми бошланмоқда

15 ноябрдан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тулки, шоқол, ёввойи мушук, норка, сувсар ва чўл сассиқкўзанига ов қилиш мавсуми бошланади. Бу ҳақда Олам.ўз сайти хабар беради.

Тулки, шоқол, ёввойи мушук ва чўл сассиқкўзанини овлашга рухсатнома олиш учун энг кам иш ҳақининг 0,3 миқдорида давлат божини тўлаш керак бўлади. Сувсар ва норка овлаш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун эса энг кам иш ҳақининг 0,5 миқдорида бож тўланади. Шу билан бирга, овчи Ўзбекистон овчилари ва балиқчилари бирлашмасининг аъзоси бўлиши ва шунга мос равишда ўқ отадиган қуролга рухсатномаси бўлиши зарур.

Тулки, шоқол, ёввойи мушук, норка, сувсар ва чўл сассиқкўзанини овлаш муддати 1 февралга қадар давом этади. Ов меъёри олинган лицензияга мувофиқ белгиланади. Ов қилишга рухсат этилган ҳудуд давлат, хусусий ва спорт-ҳаваскорлик овчилик ерларида шаҳарлар ва шаҳар типидаги қўрғонлардан камида 1 км, бошқа аҳоли пунктларидан 300 метр ва автобус йўналишига эга йўллардан 150 метр масофа билан чегараланади.

Овчилик қоидаларининг бузувчилари Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 90-моддасига биноан энг кам иш ҳақининг бирдан икки бараваригача, мансабдор шахслар учун – иккидан уч бараваригача миқдорида жаримага тортилади.

Рухсатномасиз ов қилиш ёки тақиқланган жойларда ва/ёки тақиқланган муддатларда ов қилиш, худди шу моддага кўра, энг кам иш ҳақининг иккидан уч бараваригача, мансабдор шахслар учун – учдан беш бараваригача жаримага олиб келади. Бунда қурол ва анжомлар мусодара қилинади ёки қурол ва анжомларни мусодара қилиш билан биргауч йилгача ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилади.