Яҳудийлар Обамага қарши

Америка фуқаролигига эга бўлган исроилликларнинг 85 фоизи жорий йилги АҚШ президенти сайловида республикачилар партияси вакили Митт Ромнига ўз овозини берган. Обамани эса бор-йўғи 14 фоиз яҳудийлар қўллаб-қувватлаган. Буни iVoteIsrael ташкилоти томонидан ўтказилган экзит-полл натижалари тасдиқлайди. Эътиборли жиҳати, сайловчилар демократлардан кўра кўпроқ республикачилар партиясига хайрихоҳ эканлигини намойиш этишган. Сўровда қатнашган 1572 нафар сайловчининг 62 фоизи мазкур партияни қўллаб-қувватлашини маълум қилган бўлса, 28 фоизи демократларга ишонишини қайд этишган. 10 фоиз респондентлар эса ўз муносабатини билдиришмаган.

Исроил давлатининг келажагига ҳавотир билан қараш ва тинчлик жараёнининг боши берк кўчага кириб қолгани яҳудийларни кўпроқ ўйлантирмоқда. 62 фоиз сайловчилар айнан шу ҳавотири борлигини маълум қилишган. Иш билан таъминлаш ва иқтисодий барқарорлик масаласида эса бор-йўғи 11,2 фоиз, яна шунча Исроил-Америка фуқаролари эса Эрон муаммоасида ҳам Обама маъмурияти фаолиятига ишонч билан қарамаслигини қайд этишган. Эслатиб ўтамиз, бу йилги сайловларда 80 минг нафар исроиллик америкаликлар муддатидан олдин овоз беришган бўлиб, бу 2008 йилдаги сайловга қараганда 4 баравар кўпдир.