2013 йилда Ўзбекистондан 6000 киши Ҳаж ва умра амалларини адо этишади

mekka-300x277

2013 йилда Ўзбекистондан муқаддас ҳаж ва умра амалларини бажариш учун 6000 нафар зиёратчи Саудия Арабистонининг Макка ва Мадина шаҳарларига зиёрат қилгани боришади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Дин ишлари бўйича қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йил учун муқаддас зиёратга борувчиларни қайд қилиш тугатилган.

Республика ҳудудий бирликлари бўйича фуқароларидан тушаётган аризалар эътиборга олиниб, Рамазонда бўлиб ўтадиган умра мавсуми ёзнинг иссиқ кунларига тўғри келаётгани, ўзбекистонлик зиёратчиларнинг аксариятини эса кекса ёшдагилар ташкил этаётгани, шунга кўра, уларга тегишли ғамхўрлик ва эҳтиром кўрсатиш юзасидан фуқароларга Саудия Арабистонида ибодатларини тўла-тўкис амалга оширишларига шароит яратилмоқда. Республика бўйича баҳорги умра мавсумида 4850 нафар, Рамазон мавсумида 1150 нафар, жами 6000 зиёратчини сафарга юбориш режалаштирилмоқда.

Фуқароларимизга зарур шарт-шароит ва қулайликлар яратиш, ариза билан рўйхатга олиш даврида издихом ва тартибсизликларга йўл қўймаслик мақсадида икки ҳудудда – Тошкент шаҳри зиёратчиларини рўйхатга олиш “Новза” масжидида ва Тошкент вилояти зиёратчиларини рўйхатга олиш “Зангиота” масжидида ташкил этилган. Умра сафари учун ариза берган фуқароларнинг ҳужжатлари Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш бўйича Жамоатчилик кенгаши тасдиқлаган ишчи гуруҳи томонидан  расмийлаштирилмоқда.