Ҳайдовчи ЙҲХББ ходимига жарима тўламайдиган бўлди

images (7)

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига тегишли ўзгартишлар киритилган. Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 283-моддасига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ходимларининг ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жойида жаримани ундириш ҳуқуқи бекор қилинди.

Ички ишлар органлари томонидан маъмурий қоидабузарликлар учун пул маблағлари қабул қилишга йўл қўймайдиган жарималар тўлаш тизимини ишлаб чиқишга катта эътибор қаратилмоқда.  Шу пайтга қадар, қонун ҳужжатларига мувофиқ, ЙҲХББ ходимлари агар қоидабузар ўзи содир этган йўл ҳаракати қоидалари бузганлиги фактига эътироз билдирмаса, шунингдек, бунинг учун солинган жарима энг кам иш ҳақи миқдоридан ошмаса, маъмурий баённома тузмасдан, жаримани жойида ундириб, белгиланган намунадаги квитанцияни берар эди.

Бу эса йўл-патрул хизмати ходимининг жарима солиш бўйича қонуний ҳатти-ҳаракатларида турли тушунмовчиликларга сабаб бўлаётган эди.  Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган тузатишга кўра, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларида фақат қоида бузувчи пиёдалардан жарима ундириш ҳуқуқи қолдирилди.