Америка “молиявий жарлик”ка қуламади

fiscal-cliff630

Сўнгги йилларда АҚШ бюджетини шакллантириш мамлакатни бошқараётган кучлар ўртасида бир-бирига таъсир кўрсатишнинг ўзига хос йўли бўлиб бормоқда. Янги йил байрами ҳам худди шундай баҳс-мунозарага бой бўлиб, америкаликларни жиддий ҳавотирга солди. Гап шундаки, мамлакат “фискаль жарлик” ёқасига бориб қолган эди.

“Фискал жарлик” (инглиз тилида fiscal cliff) — бу, бир қатор қонунларнинг ҳаётга татбиқ этилиши боғлиқ масала бўлиб, улар агар АҚШ ҳукумати тегишли чоралар кўрмаса 2012 йил 1 мартидан, яъни молия йили бошидан автоматик тарзда кучга кириши керак бўлган ҳужжатлардир.  Унга кўра, президент Жорж Буш даврида  қабул қилинган катта даромад олувчи шахслар учун солиқ имтиёзларининг муддати тугаб, айни чоғда олдинроқ қабул қилинган қонунга мувофиқ, давлат бюджети харажатлари кескин қисқартирилиши керак эди. Бу 2013 йилнинг ўзида 600 миллиард АҚШ долларини ташкил этар эди. Иқтисодчилар бундай тартиб мамлакат иқтисодиёти учун салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини башорат қила бошлади. Чунки бугунги кунда бюджет тақчиллигини қисқартириш учун нафақат тежамкорлик талаб этилади, балки иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга. Солиқ имтиёзини кўзда тутувчи қонун эса қоқ тунда (гринвич бўйича 05-00) ўз кучини йўқотган эди.

Гарчи “фискаль жарлик” таҳдиди бундан икки йил бурун кўтарилган бўлса-да, на президент, на конгресс бундай қайноқ мавзуга “бурун тиқиш”га шошилишмаганди. Шу боис ҳам 2012 йилнинг охирги икки ойи айнан “фискаль жарлик”дан қутилиш йўллари муҳокамасига бағишланди. Ўз навбатида, АҚШ президенти Барак Обама қишки меҳнат таътилини тўхтатиб, Оқ уйда “навбатчилик қилиши”га тўғри келди.

121221072004-fiscal-cliff-economy-monster

Республикачилар етакчилари ҳамда президент маъмурияти ўртасидаги музокаралар самарасиз якунлана бошлагач, бюджет ва молия соҳасидаги қонунчиликка ўзгартириш киритиш масаласи кўпроқ шубҳа остида қола бошлади. Шунга қарамай 1 январь куни Сенат “фискаль жарлик”ни бартараф этадиган чора-тадбирлар режасини илгари сурди.  Унга кўра, АҚШда 2013 йил молия йилидан бошлаб, йиллик даромади 400 минг (оилалар даромади 450 минг) доллар бўлган америкаликлар учун солиқ юки оширилади. Демократлар эса бу кўрсаткични 250 минг доллар сифатида белгилаш учун курашишаётган эди. Ўз навбатида, республикачилар бу миқдорни 500 минг доллардан кам бўлмаслиги тарафдори эди. Хуллас, Сенат илгари сурган қонунга кўра, америкалик бойлар учун даромад солиғи миқдори кўпайтирилди.

Айни пайтда мамлакат бюджети харажатларини қисқартиришга оид қонун бўйича аниқ тўхтамга келинмаганлиги боис унинг муҳокамасини икки ойга орқага суриб туришга келишиб олинди.

Қонунни сенаторлардан 89 нафари қўллаб-қувватлаган бўлса, 8 нафари қарши чиқди.  Конгресс қуйи палатаси ушбу қонунни 1 январь куни кечга яқин кўриб чиқиши керак бўлса-да, унинг муҳокамаси ҳам республикачилар партияси ичидаги қарама-қаршиликлар туфайли кечроқ муддатга қолдирилди. Охир-оқибат, 1 январь куни кечга яқин Вакиллар палатаси Сенат қонунини маъқуллади. Уни қўллаб-қувватлаб 257 нафар конгрессмен овоз берган бўлса, 167 нафар вакил қарши чиқди.  Қонун бир неча соат ичида АҚШ президенти томонидан имзоланди.

Қонун Вакиллар палатаси томонидан маъқуллангач, Обама унга изоҳ бериб, республикачилар ва демократлар партияси ўртасида эришилган мазкур келишув унинг сайловолди кампанияси мақсадлари билан ҳамоҳанг эканлигини қайд этиб ўтди. У, шунингдек, бюджет харажатлари “мутаносиб” равишда қисқартирилиши кераклигини айтиб ўтди. Унинг фикрича, иқтисод қилиш билан боғлиқ чоралар тиббий дастурлар харажатларини қисқартирмаслиги лозим. У иккала партия раҳбарларига ташаккур билдириб, вице-президентни бу келишувга эришишдаги саъх-ҳаракатлари учун мақтаб қўйди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, янги конгресснинг ваколат муддати шу пайшанба куни, яъни 3 январда тугар эди. Шу боис президент маъмурияти янги қонунни амалдаги конгресс орқали тасдиқлатиб олишга жиддий бел боғлаганди. Акс ҳолда, янги конгресс бу ишларни қайтадан кўриб чиқиши керак бўлар эди.

Шу билан бир қаторда, қонун билан қуйидагилар кўзда тутилган:

  • Ҳар бир америкаликка 5 миллион доллар ёки оилавий жуфтликка 10 миллион долларга тенг бўлган мерос учун солиқ ставкаси 35 фоиздан 40 фоизга ошириш;
  • Пенсия ва инвестициянинг бошқа шаклларига дахлдор бўлган капитал солиғини 20 фоизгача ошириш;
  • Ишсизлик бўйича нафақалар тўловини яна бир йилга чўзиш белгиланди. Бу 2 миллион нафар атрофида америкаликни қамраб олади.
  • Камбағал ва кам таъминланган оилаларга кредит солиқлари бўйича имтиёзларни яна беш йилга узайтириш.

Мусақил таҳлилчилар бу қонунни жуда катта ютуқ сифатида баҳолашмаётган бўлса-да, унинг қабул қилингани мамлакат иқтисодиёти учун ўта муҳим аҳамиятга эга эди. Айниқса, биржа савдолари ва инвесторларни турли шубҳалардан ҳоли этди, деб ҳисоблашмоқда.

Тўғриси, Америка иқтисодиётини “фискаль жарлик”дан қутилиб қолди, лекин бу Обама маъмурияти олдидаги муаммоларни вақтинча унутишга ёрдам берди, холос. Ҳар қалай бугун Гавайя оролларига ана шу хаёл билан учиб кетиши ва таътилни қолган қисмидан давом эттириши мумкин.